Sayt test rejimida ishlamoqda

Файзуллаев Сарварбек Абдусаттор ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Эрон Ислом Республикасининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё вектори», 23.00.04 - Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари (сиёсий фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/Ss368.
Илмий раҳбар: Сайфуллаев Дурбек Бахтиёрович, тарих фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/29.12.2022.Ss/Tar.21.02.
Расмий оппонентлар: Хайдаров Абдусамат Ахатович, сиёсий фанлар доктори, профессор; Юлдашев Анвар Эргашевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Эрон Ислом Республикасининг Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамда хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларини таҳлил қилиш, Эрон Ислом Республикаси билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Эрон Ислом Республикасининг Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан икки томонлама ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсати тарихий, этник, диний ва маданий омилларга, унинг “Тамаддунлар мулоқоти” ва “Шарққа нигоҳ” консепсияларига кўра устувор ўрин эгаллаши асосланган;
Марказий Осиё минтақасида юз бераётган регионализм тенденсиялари, ташқи акторлар билан “Марказий Осиё+” форматлари доирасидаги кўп томонлама сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётганлиги Эрон Ислом Республикасининг минтақага конструктив таъсир кўрсатиш манфаатларининг эволютсион ривожланишига консептуал асос бўлиши исботланган;
Эрон Ислом Республикаси ва Марказий Осиё давлатларининг Афғон омилига кўра минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсатида наркотик моддалар савдоси, терроризм, экстремизм ва сепаратизм муаммосига қарши кураш, “ШҲТ– Афғонистон” мулоқот гуруҳининг фаолияти ҳамда Афғонистондаги гуманитар инқирозни ҳал қилишга кўмаклашиш масалалари ўзаро боғлиқ ва муштарак эканлиги асосланган;
Эрон Ислом Республикаси билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш, минтақаларни боғловчи транспорт-транзит имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда энг яқин денгиз портларига чиқиш учун имкон берувчи йўлаклар яратишга асосланган “Марказий Осиё — Эрон” саммитини ташкил қилиш ва “Термиз — Мозори Шариф — Ҳирот — Чобаҳор” темир йўл йўналишини барпо этиш мақсадга мувофиқлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Эрон ташқи сиёсатида Марказий Осиё векторининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнларини тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлардан:
Эроннинг Марказий Осиёга нисбатан ташқи сиёсатининг ривожланиш хусусиятлари, геосиёсий аҳамияти, иқтисодий устуворликлари, халқаро сиёсий жараёнларда йирик минтақавий куч сифатида иштирок этишининг илмий асосланганлиги ва минтақавий мулоқот ривожига таъсири илмий жиҳатдан ўрганилиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, афғон омилига кўра минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсатида наркотик моддалар савдоси, терроризм, экстремизм ва сепаратизм муаммосига қарши кураш, савдо-сотиқ, транспорт, логистика ва инвестиция соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги хулосалардан Олий Мажлиснинг Эрон Ислом Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг 2021- ҳамда 2022-йиллардаги иш режасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2023-йил 28-августдаги 04/6-08-41-сон маълумотномаси). Натижада, парламентлараро экспертлар гуруҳини тузиш ҳамда йиллик иш режаларининг мазмун жиҳатдан самарадорлигини янада оширишга хизмат қилган; 
Марказий Осиё минтақасида юз бераётган регионализм тенденсиялари, ташқи акторлар билан “Марказий Осиё+” форматлари доирасидаги кўп томонлама сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётганлиги Эрон Ислом Республикасининг минтақага конструктив таъсир кўрсатиш манфаатларининг эволютсион ривожланишига консептуал асос бўлиши борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан республика вазирлик ва идораларига юбориладиган ахборот-таҳлилий ҳужжатларни тайёрлашда фойдаланилган (Ташқи ишлар вазирлигининг 2023-йил 25-июндаги 18/28692-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур соҳадаги ахборот-таҳлил маълумотларининг кенгайиши, таҳлилий материалларнинг илмий асосларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишига хизмат қилган; 
Эрон Ислом Республикасининг Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан икки томонлама ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсати тарихий, этник, диний ва маданий омилларга, унинг “Тамаддунлар мулоқоти” ва “Шарққа нигоҳ” консепсияларига кўра устувор ўрин эгаллаши борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг илмий-амалий тадбирларида, шунингдек, маданий ҳамкорлик доирасида миллий-маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари, жумладан, “Ўзбекистон – Эрон” дўстлик жамиятининг тадбирлар режаси ва йўл хариталарини ишлаб чиқишда фойдаланилади (Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2023-йил 23-августдаги 14-07-1074-сон маълумотномаси). Натижада, миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг фаолиятини ривожлантириш учун методологик асос бўлиб хизмат қилади; 
Эрон Ислом Республикаси билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш, минтақаларни боғловчи транспорт-транзит имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда энг яқин денгиз портларига чиқиш учун имкон берувчи йўлаклар яратишга асосланган “Марказий Осиё — Эрон” саммитини ташкил қилиш ва “Термиз — Мозори Шариф — Ҳирот — Чобаҳор” темир йўл йўналишини барпо этиш зарурлигига доир хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Транзит стратегияси, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги икки томонлама музокаралар баёни ва бошқа Афғонистон-Покистон йўлаги билан боғлиқ консептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда фойдаланилди (Транспорт вазирлигининг 2023-йил 22-ноябрдаги далолатномаси). Натижада, юқоридаги қайд этилган ҳужжатларни мазмун жиҳатдан самарадорлигини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish