Sayt test rejimida ishlamoqda

Мирзалиева Гузал Рахманалиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тошкент вилояти иссиқхона экинларининг паразит нематодалари», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.PhD/B638.
Илмий раҳбар: Эшова Холиса Саидовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.B.52.01.
Расмий оппонентлар: Хуррамов Алишер Шукурович, биология фанлари доктори, профессор; Хайдарова Пардахол Бобоқуловна, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилояти шароитида иссиқхона экинлари паразит нематодалари тур таркибини ва миқдор динамикасини аниқлаш ҳамда доминант турларининг биоэкологик хусусиятларини очиб бериш асосида уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тошкент вилояти иссиқхона экинлари ва улар илдиз атрофи тупроқларида тарқалган паразит фитонематодаларнинг замонавий ҳолати таҳлил қилиниб, 46 тур паразит фитонематодалар аниқланган;
иссиқхона экинларида қайд этилган паразит нематодаларнинг экологик гуруҳлари ва уларнинг ўсимликлар билан трофик алоқалари очиб берилган;
иссиқхона шароитида помидор ва бодринг экинларининг турли вегетация даврида паразит фитонематодалар популяцияси динамикасининг ўзгаришлари асосланиб, тупроқ намлиги ва ҳароратнинг ошиши билан паразит нематодалар миқдори ва таксономик хилма-хиллиги камайиши аниқланган;
айрим иссиқхона экинлари (помидор, бодринг, бақлажон) нинг илдиз бўртма нематодалари билан зарарланиш даражаси баҳоланган;
илк бор Meloidogyne авлоди бўртма нематодалари билан зарарланган помидорнинг «Сабина» нави ва бақлажоннинг “Black F1” нави илдизларида гистологик ўзгаришлар аниқланган;
илк бор иссиқхона шароитида ўсимликларни бўртма нематодалар билан зарарланишини олдини олиш ва уларни мелойдогинозга чидамлигини оширишда комплекс таъсир этувчи Teria-S бактериал ўғит ва Serhosil биопрепаратининг  самарадорлиги аниқланган;
иссиқхона экинларида учровчи паразит нематодаларга қарши истиқболли кураш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тошкент вилояти иссиқхона экинларининг паразит нематодалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
иссиқхона экинлари паразит фитонематодаларига қарши комплекс таъсир этувчи Teria-S бактериал ўғит ва Serhosil биопрепаратини қўллаш юзасидан ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Тошкент вилояти Бекобод тумани фермер хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 18 августдаги 02/25-04/5718-сон маълумотномаси). Натижада, комплекс таъсир этувчи Teria-S бактериал ўғит ва Serhosil биопрепарати ёрдамида помидорда 33,3 % иқдисодий самарадорликка эришиш имконини берган;
иссиқхоналарда ўсимликларнинг паразит нематодалар билан зарарланиш хавфини камайтириш бўйича ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти бўлими амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 2023 йил 27 апрелдаги 2-20/128-сон маълумотномаси). Натижада, иссиқхоналарда ўсимликларнинг паразит нематодалар билан зарарланиш хавфини камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish