Sayt test rejimida ishlamoqda

Болиев Беҳзод Рахматиллоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг)ни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/Yu587.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Имомов Нурилло Файзуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Якубов Ахтам Нусратиллоевич, юридик фанлар доктори; Хазратқулов Одилбек Турсунович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш учун асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган электрон тартиби жорий этилиши лозимлиги асослантирилган;
францҳизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давлат хизматлари марказлари томонидан автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу қоидага риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлиши асослаб берилган;
қўшимча франчайзинг шартномаси унинг тузилишига асос бўлган франчайзинг шартномасидан узоқ муддатга тузилиши мумкин эмаслиги асосланган;
лицензиат лицензиарни ўзининг ишлаб чиқариш жойига қўйиш, унга зарур ҳужжатларни тақдим қилиш ва фойдаланилаётган мутлақ ҳуқуқларнинг тўғри ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотнинг олинишига кўмаклашиши лозимлиги асослантирилган;
намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилиниши лозимлиги, бунда эса қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно бўлиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини рақамлаштириш орқали электрон шаклга ўтказишга оид таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 24-июндаги “Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 346-сон қарорининг 1-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаментининг 2023-йил 14-сентябрдаги 5-сон далолатномаси). Ушбу таклиф комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномасини давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган электрон тартиби жорий этилишига хизмат қилган;
францҳизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давлат хизматлари марказлари томонидан автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу қоидага риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлишига оид таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 24-июндаги 346-сон қарори билан тасдиқланган Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаментининг 2023-йил 14-сентябрдаги 5-сон далолатномаси). Ушбу таклиф францҳизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби такомиллаштирилишига хизмат қилган;
қўшимча франчайзинг шартномаси унинг тузилишига асос бўлган франчайзинг шартномасининг амал қилишидан узоқроқ муддатга тузилиши мумкин эмаслигига оид таклифдан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 981-моддаси иккинчи қисмини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2023-йил 9-августдаги 7-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф қўшимча францҳизингнинг амал қилиш муддатини аниқлаштиришга хизмат қилган;
лицензиарни ўзининг ишлаб чиқариш жойига қўйиш, унга зарур ҳужжатларни тақдим қилиш ва фойдаланилаётган мутлақ ҳуқуқларнинг тўғри ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотнинг олинишига кўмаклашиш лицензиатнинг мажбурияти ҳисобланишига оид таклифдан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 984-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2023-йил 9-августдаги 7-сонли далолатномаси). Мазкур таклиф францҳизинг шартномасида лицензиатнинг мажбуриятлари доирасини белгилашга хизмат қилган;
намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилиниши лозимлиги, бунда эса қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно бўлишига оид таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 14-сентябрдаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6313-сон Фармонининг 4-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021-йил 13-декабрдаги 12-18-37-сон далолатномаси). Ушбу таклиф шартномаларнинг намунавий шартига риоя этилиши ва у билан боғлиқ истисноларни аниқлаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish