Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахматов Олимжон Орифжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кенг қамровли мола-текислагичга дала юзасида майин қатлам ҳосил қиладиган мослама ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш», 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Т1747.
Илмий раҳбар: Тўхтақўзиев Абдусалим, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса (муассасалар) номи: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, DSc.05/13.05.2020.Т.112.01.
Расмий оппонентлар: Имомкулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори, профессор; Халилов Миркомил Мирзатолибович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади кенг қамровли мола-текислагичга дала юзасида майин тупроқ қатламини ҳосил қиладиган мослама ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш йўли билан ерларни экишга тайёрлашда иш сифати ва унумини ошириш, ёнилғи ва бошқа харажатлар сарфини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
дала юзасида майин тупроқ қатламини ҳосил қиладиган мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагичнинг конструктив схемаси унинг зичлагичи ва мослама орасига тупроқ бўлаклари ва ўсимлик қолдиқлари тиқилмаслигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган;
мослама тишларининг кўндаланг кесими, эни, узунлиги, пастки ўткирланган учининг узунлиги, ҳар бир тишга бериладиган тик юкланиш, тишлар изларининг кенглиги, тишлар орасидаги бўйлама масофа мослама томонидан талаб даражасидаги иш сифати таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда асосланган;
мослама босим пружинасининг таранглик кучи унинг тишлари белгиланган чуқурликка ботиб ишлаши шартидан келиб чиқиб асосланган;
мосламага бериладиган тик юкланиш ва тишлар орасидаги кўндаланг ва бўйлама масофаларнинг мақбул қийматлари ҳамда агрегат ҳаракат тезлиги унинг агротехник ва энергетик кўрсаткичларини баҳоловчи регрессия тенгламаларини биргаликда ечиш орқали аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. «Кенг қамровли мола-текислагичга дала юзасида майин қатлам ҳосил қиладиган мослама ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш» бўйича олинган натижалар асосида:
мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагичга Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти олинган («Мола-текислагич», ФАП 01638 – 18.05.2021 й.). Натижада иш сифати юқори ҳамда энергия-ресурстежамкор мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагичнинг конструктив схемасини ишлаб чиқиш имкони яратилган;
мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагичнинг саноат нусхаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун унинг лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (дастлабки талаблар, техник топшириқ ва чизмалар) «БМКБ-Агромаш» АЖ да лойиҳалаш жараёнига жорий этилган («БМКБ-Агромаш» АЖ нинг 2022-йил 30-ноябрдаги №01-238 сон маълумотномаси). Натижада асосланган параметрларга эга бўлган мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагични саноат усулида ишлаб чиқариш имкони яратилган;
ишлаб чиқилган мослама билан жиҳозланган кенг қамровли осма мола-текислагичнинг тажриба нусхаси Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Жураев Одилжон Журабоевич ва Сардор Хайрулло Хамкор фермер хўжаликларида жорий этилган (Жураев Одилжон Журабоевич фермер хўжалигининг 2022 йил 8 апрел ҳамда Сардор Хайрулло Хамкор фермер хўжалигининг 2022 йил 10 апрелдаги далолатномалари). Натижада ерларни экишга тайёрлашда тупроқнинг уваланиш даражаси (ўлчами 25 мм бўлган фракциялар миқдори) 84,7-87,9 фоиз оралиғида, мосламанинг ишлов бериш чуқурлиги мос равишда 4,2-4,6 cм оралиғида, асосий ҳамда эксплуатацион вақтдаги иш унуми мос равишда соатига 4,88-6,32 ҳамда 3,51-4,55 гектар оралиғида бўлди. Ёнилғи сарфи гектарига 3,99-4,36 кг оралиғида бўлди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish