Sayt test rejimida ishlamoqda

Хонназаров Элёр Ғофуровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тили корпуси учун замонни ифодаловчи грамматик шаклларни аннотациялаш”, 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компютер лингвистикаси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/Fil1096.
Илмий раҳбар: Азимова Ирода Алишеровна, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 (бир марталик илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Абдурахманова Нилуфар Зайнобиддин қизи, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили корпуси учун тилда мавжуд замонни ифодаловчи грамматик шаклларни моделлаштириш ва аннотациялашни асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилида замон ифодаловчи грамматик шаклларнинг бошқаларидан фарқланувчи бевосита кузатганлик ёки билвосита хабар топганлик, статик ёки динамик ҳаракат-ҳолатлар учун хосланганлик, субектига урғу бериш, нутқ моментига билвосита боғланиш каби хусусиятлари аниқланган;
замонни аннотациялашнинг грамматик, семантик ва контекстуал даражалари ажратилиб, давомли замон қўшимчаларини қабул қилишда феъл лексик маъносининг таъсири очиб берилган ҳамда замонни аннотациялашнинг контекстуал даражаси далилланган;
замон шаклларининг тилда вазиятларга оид қўлланилишлари ва нутқда фаоллик даражаси ҳар хиллигининг оғзаки ёки ёзма нутқда учраши, бадиий услуб учун хосланганлиги, тарихийлашаётганлиги каби сабаблари очиб берилган;
замон шаклларини аннотациялаш жараёнида юзага келадиган грамматик шаклларнинг омонимлиги ва кўп маънолилиги билан боғлиқ дастурда хатоликка сабаб бўладиган муаммоларни морфотактик қоидалар асосида ечиш йўллари исботланган.     
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тили корпуси учун замонни ифодаловчи грамматик шаклларни аннотациялаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
замон шаклларини аннотациялаш жараёнида юзага келадиган грамматик шаклларнинг омонимлиги ва кўп маънолилиги билан боғлиқ дастурда хатоликка сабаб бўладиган муаммоларни морфотактик қоидалар асосида ечиш йўллари, давомли замон қўшимчаларини қабул қилишда феъл лексик маъносининг таъсири ҳақидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020–2022-йилларда бажарилган АМ-ФЗ-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022-йил 24-ноябрдаги 01-3230-сон маълумотномаси). Натижада корпус матнидаги замон шаклларини аннотациялаш учун лингвистик таъминот ишлаб чиқилган;
ўзбек тилида замон ифодаловчи грамматик шаклларнинг бошқаларидан фарқланувчи бевосита кузатганлик ёки билвосита хабар топганлик, статик ёки динамик ҳаракат-ҳолатлар учун хосланганлик, субектни тавсифлаш, нутқ моментига билвосита боғланиш каби хусусиятларига доир хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021–2023-йилларда бажарилган ПЗ-202004165 рақамли “Умумий ўрта таълимнинг бошланғич синф ўқувчиларида оғзаки ва ёзма нутқий компетенсияларини ривожлантирувчи электрон платформа яратиш” мавзусидаги амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022-йил 24-ноябрдаги 01-3229-сон маълумотномаси). Натижада платформа замон шаклларининг турли нутқий вазиятларда қўлланилишига оид маълумотлар билан тўлдирилган;
замон шаклларининг нутқда фаоллик даражаси ҳар хиллигининг оғзаки ёки ёзма нутқда учраши, бадиий услуб учун хосланганлиги, тарихийлашаётганлиги ҳақидаги илмий маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали “Ўзбекистон” радиоси орқали эфирга узатилган радиомулоқотнинг    21-октябр – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган сонини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг   2022-йил 15-ноябрдаги 04-32-1127-сон маълумотномаси). Натижада ушбу эшиттириш мазмуни илмий далиллар билан бойитилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish