Sayt test rejimida ishlamoqda

Қуйлиев Нурислом Даврон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ташқи муҳитнинг стресс омилларига бардошли арпа (H.vulgare ва H.distichum) турларига оид бошланғич ашё ҳамда навларни яратиш”, 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2020.4.PhD/Qx654.
Илмий раҳбар: Жўраев Диёр Турдиқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Қх.42.02.
Расмий оппонентлар: Ғайбуллаев Ғулом Сайдалимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бабоев Саидмурат Кимсанбоевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади: Республиканинг суғориладиган майдонлари учун ташқи муҳитнинг стресс омилларига (курғоқчилик, иссиқлик) бардошли, барқарор ҳосил берадиган ва эртапишар кузги арпанинг янги навларини ҳамда бошланғич ашёларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этишдан иборат.   
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекистон Республикасининг жанубий минтақаларининг суғориладиган майдонларида ташқи муҳит стресс омилларига (иссиқлик ва қурғоқчиликка) бардошли, эртапишар ҳамда йиллар мобайнида барқарор ҳосил берадиган кузги арпанинг нав ва намуналари аниқланган;
арпанинг H.distichum икки қаторли ва H.vulgare олти қаторли арпа турларида тур ичи дурагайлаш йўли билан ҳосилдорликни таъминловчи миқдорий белгиларинг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги гибридологик таҳлил натижасида аниқланган;
гибридологик таҳлилда Ф1- авлодларида 4 та дурагай комбинацияда 1000 дона дон вазни белгисининг ирсийланиш коэффициенти юқори бўлиб, доминант ва ўта доминант холда ирсийланиши, 3 та дурагай комбинациясида қисман доминантлик кузатилган бўлса, 6 та дурагай комбинацияларида салбий доминантлик ҳолати борлиги исботланган;
корреляцион таҳлиллар ўсув даври билан ўсимлик бўйи ўртасида тескари салбий р=-0,86, ўсимлик бўйи ва дон ҳосилдорлиги ўртасида ижобий р=0,75, ўсимлик бўйи ва 1000 дона дон вазни ўртасида ижобий р=0,80, ўсимлик бўйи ва дон натураси ўртасида ҳам ижобий р=0,86, дон ҳосилдорлиги ва оқсил миқдори ўртасида салбий р=-0,86 коррелятив боғлиқлик бор эканлиги исботланган;
ташқи муҳитнинг стресс омилларига (қурғоқчилик ва иссиқлик) бардошли бўлган кузги арпа нав ва тизмаларини танланган ва амалий селекцияда қўлланилган;
ташқи муҳит стресс омилларига (қурғоқчилик ва иссиқликга) чидамли бўлган эртапишар йиллар давомида дон ҳосилдорлиги юқори ва интенсив типдаги кузги арпанинг бошланғич ашё ва янги “Султон” ва “Осиё” навлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ташқи муҳитнинг стресс омилларига бардошли арпанинг Ҳ.вулгаре ва Ҳ.дистичум турларига оид бошланғич ашё ҳамда навларини яратиш бўйича олинган натижалар асосида:
кузги арпанинг “Султон” нави 2021 йилда истиқболли нав сифатида Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш марказининг 2021 йил 2 апрелдаги № т-6/01-08-48-сон маълумотномаси). Натижада кузги арпанинг Султон нави Қашқадарё вилоятининг суғориладиган майдонларидаюқори ҳосилдорликка эришилган;
кузги арпанинг “Султон” нави 2022 йилда Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти суғориладиган дала майдонида 8 гектар майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 23 январ № 07/21-21-19 сон маълумотномаси). Натижада, бошланғич уруғчилигини кенгайтириш мақсадида 1 тонна 600 кг уруғ тайёрланган;
кузги арпанинг “Султон” нави Қашқадарё вилоятининг Косон туманида “Суяров Ҳайит” фермер хўжалигида 7,4 гектар, “Нурислом Нурсултон Анвар” фермер хўжалигида 2,6 гектар, Қарши туманида “Ибод ота” фермер хўжалигида 3,8 гектар, “Худойқулов Сарварбек Ахрорович” фермер хўжалигида 8,5 гектар жами 22,3 гектар майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 23 январ №07/21-21-19 сон маълумотномаси). Натижада, кузги арпанинг “Султон” навидан 57,2 ц/га дон ҳосили олиниб, андоза “Қизилқўрғон” ва “Ихтиёр” навларига нисбатан 10-12 ц/га юқори ҳосилга эришилиб, рентабеллик даражаси 52 фоизни ташкил қилган;
кузги арпанинг “Осиё” нави 2022- йилда давлат нав синаш марказига синаш учун топширилиб, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти суғориладиган дала майдонида 6,52 гектарга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 23 январ №07/21-21-19 сон маълумотномаси). Натижада, арпанинг андоза “Воҳа” навига нисбатан 9,5-9,9 центнергача юқори ҳосилдорликка эришилганлиги кузатилган;
кузги арпанинг “Осиё” нави Қашқадарё вилоятининг Косон туманида “Ўсаров Ҳаким” фермер хўжалигида 4,2 гектар, “Турсунов Эрали Ғоффорович” фермер хўжалигида 6,8 гектар, Қарши туманида “Қарши чаман” фермер хўжалигида 8,5 гектар жами 19,5 гектар майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 23 январ №07/21-21-19 сон маълумотномаси). Натижада, кузги арпанинг “Осиё” навидан 55,7 ц/га юқори ҳосил олиниб, андоза “Воҳа” навига нисбатан 11-12,1 ц/га юкори ҳосилдорликка эришилган ва рентабеллик даражаси 43,5 фоизни ташкил килган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish