Sayt test rejimida ishlamoqda

Гафуров Мавлон Кучкаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари», 12.00.09. – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.PhD/Yu909.
Илмий раҳбар: Тухташева Умида Абдиловна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор; Орипов Собирзода Собир ўғли, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шахсни жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган ҳолатларда унинг тегишли ҳуқуқларини тушунтирмасдан гувоҳ сифатида сўроқ қилишни қонунчилик даражасида тақиқлаш лозимлиги асослаб берилган;
процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар шахсдан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олишни тақиқлашга оид нормани қонунчиликка киритиш лозимлиги асосланган;
шахсни жиноят содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноятда уни айблашни жиноят-процессуал қонунчилигида назарда тутилган исбот қилишда тақиқланадиган ҳолатлар қаторига киритиш зарурлиги асослантирилган;
тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкинлигини қонунчиликка киритиш кераклиги асослантирилган;
гумон қилинувчидан, айбланувчидан ёки судланувчидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан аризалар, тушунтиришлар ёки кўрсатувлар олиш мазкур жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилиши шартлигини қонунчиликда белгилаш лозимлиги асосланган;
шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга туширишга оид нормаларни қонунчиликка киритиш зарурлиги асослантирилган;
ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилишни қонунчилик билан тақиқлаш лозимлиги асосланган;
мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида процесс иштирокчиларини суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва (ёки) сўроқ қилишни (бундан улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд бўлган ҳоллар мустасно) тақиқлашга оид нормаларни қонунчиликда акс эттириш лозимлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жиноят иши бўйича шахсни гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган ҳолатларда унинг тегишли ҳуқуқларини тушунтирмасдан гувоҳ сифатида сўроқ қилишни қонунчилик асосида тақиқлаш лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 2-мартдаги ПФ-5953-сон Фармони асосида тасдиқланган Дастурнинг 47-банди ҳамда 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонунни ишлаб чиқишда инобатга олинган (Президент Администрациясининг 2021-йил 10-февралдаги 10-2-633-сон маълумотномаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши далилларни тўплашда қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга хизмат қилган;
процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар шахсдан ҳар қандай ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олишни тақиқлашга оид норма киритиш лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 10-августда қабул қилинган ПФ-6041-сон Фармонининг 4-банди ва 2021 йил 18 февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонун 2-моддаси 12-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Президент Администрациясининг 2021-йил 10-февралдаги 10-2-633-сон маълумотномаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши жиноят процессида шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилган;
шахсни жиноят содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноятда уни айблашни жиноят-процессуал қонунчилигида назарда тутилган исбот қилишда тақиқланадиган ҳолатлар қаторига киритиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 10-августдаги ПФ-6041-сон Фармони 4-бандининг 2-хатбошиси ва 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуннинг 2-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Президент Администрациясининг 2021-йил 10-февралдаги 10-2-633-сон маълумотномаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши исбот қилиш институти нормаларидан нотўғри фойдаланишни олдини олиш ва одил судлов вазифаларига эришишга хизмат қилган;
шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина тезкор-қидирув тадбирлари натижалари суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкинлигини қонунчиликка киритиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6041-сон 2020-йил 10-августдаги Фармони 4-бандининг 2-хатбошиси ва Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуни 2-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Президент Администрациясининг 2021-йил 10-февралдаги 10-2-633-сон маълумотномаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Таклифнинг инобатга олиниши далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига хизмат қилган;
гумон қилинувчидан, айбланувчидан ёки судланувчидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан аризалар, тушунтиришлар ёки кўрсатувлар олиш мазкур жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилишини қонунчиликка киритиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуни 2-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши тезкор-қидирув тадбирлари давомида далилларни тўплашнинг қонунийлигини таъминланишига хизмат қилган;
шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга туширишга оид нормаларни қонунчиликка киритишни назарда тутувчи таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 13-декабрда қабул қилинган ПҚ–4551-сон қарорининг 3-банди “б” кичик банди 2-хатбошисини ва Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуни 2-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Президент Администрациясининг 2021-йил 10-февралдаги 10-2-632-сон маълумотномаси ва Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш амалиётини кенгайтиришга хизмат қилган;
ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилишни қонунчилик билан тақиқлаш зарурлигига оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуни 2-моддаси 12-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши суд-тергов жараёнида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилган;
мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида процесс иштирокчиларини суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва (ёки) сўроқ қилишни (бундан улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд бўлган ҳоллар мустасно) тақиқлашга оид нормани қонунчиликда акс эттириш лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-февралдаги ЎРҚ-675-сон Қонуни 2-моддаси 12-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021-йил 23-февралдаги 06/1-05/620-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши суд муҳокамаси даврида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш жараёнининг ташқи таъсирларсиз ва обектив амал қилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish