Sayt test rejimida ishlamoqda

Шавкатова Дилноза Шавкатовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Олтингугуртни азотли органик бирикмалар билан модификациялаш асосида олтингугуртли бетон олиш технологиясини яратиш», 02.00.14 - Органик моддалар ва улар асосида материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.3.PhD/Т3835.
Илмий раҳбар: Тураев Хайит Худайназарович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, ДСc.03/31.01.2023.К/Т.78.01.
Расмий оппонентлар: Нурқулов Файзулла Нурмуминович, техника фанлари доктори, профессор; Хусенов Арслонназар Шерназарович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: азотли органик бирикмалар билан олтингугуртни модификациялаш асосида мустаҳкам, коррозиябардош олтингугуртли бетонларни ишлаб чиқариш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
таркибида азот бўлган органик бирикмалар - меламин, 2,4-динитрофенилгидразин билан нефт ва газ саноати чиқиндиси бўлган элементар олтингугуртни модификациялашнинг мақбул шароитлари аниқланган;
азотли органик бирикмалар билан модификацияланган олтингугурт  ва тўлдирувчилар ёрдамида 10% ли хлорид, сулфат, нитратли тузлар эритмалари каби агрессив коррозион муҳитларга кимёвий барқарорлик коеффициенти 0,89-0,96 бўлган олтингугуртли бетон олинган;
олинган олтингугуртли бетоннинг физик, кимёвий хоссалари, коррозияга, музлашга, сув адсорбсиясига, тузли ва кислотали эритмалар каби агрессив муҳитларга чидамлилиги, физик-механик хусусиятлари ҳамда мустаҳкамлиги аниқланган;
элементар олтингугуртни азотли органик бирикмалар билан модификациялаш асосида янги таркибли олтингугуртли бетон олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Элементар олтингугурт ва азотли органик бирикмалар асосида модификацияланган олтингугуртдан янги типдаги олтингугуртли бетон олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
азотли органик бирикмалар асосида модификацияланган олтингугуртли бетон констукциялар “Петромаруз Узбекистан” хорижий корхонасида амалиётга жорий этилган (“Петромаруз Узбекистан” хорижий корхонасининг 2023-йил 26-сентябрдаги ЭCО-CЕР-483-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган модификацияланган олтингугуртли бетон 10% ли сулфат кислота ва 10% ли тузлар эритмаларида агрессив муҳитга нисбатан барқарор бўлган бетон олиш имконини берган;
янги типдаги олтингугуртли боғловчилар асосида ҳосил қилинган бетонлар атмосфера ва агрессив ташқи муҳитларга бардошли олтингугуртли бетон олиш технологияси “Петромаруз Узбекистан” хорижий корхонасида амалиётга жорий этилган (“Петромаруз Узбекистан” хорижий корхонасининг 2023 йил 26 сентябрдаги ЭCО-CЕР-483-сон маълумотномаси) Натижада, таркибида 27% оғирликдаги модификацияланган полимер олтингугурт бирикмалари, бархан қуми, қум, майдаланган тош ва олтингугурт аралашмаси асосида мустаҳкамлиги 80 МПа бўлган (М600 маркасига, В55 синфига тўғри келадиган) янги турдаги олтингугуртли бетон қурилиш конструксион материаллари олиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish