Sayt test rejimida ishlamoqda

Қодиров Қувонч Бекмуродовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда пенитенсиар муассасалар фаолияти (1991–2022-йиллар)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.DSc/Tar226.
Илмий маслаҳатчи: Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Ерметов Аваз Абдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Хақназаров Худойберди Дилмуродович, тарих фанлари доктори, доцент; Ганиев Шерзод Алишерович, юридик фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент ахборот технологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда пенитенсиар муассасалар фаолиятининг шаклланиши ва ривожланиши тарихи асосида маҳкумларни тарбиялаш, меҳнат қилиш ва касбий таълим олиш тизимини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мамлакатимиз мустақилликга эришгач йиллари пенитенсиар тизимдаги “совет даври модели”дан мерос сифатида қолган оғир шарт-шароитлар (яшаш жойларининг етишмаслиги, ухлатмаслик, меъёрдан кам овқат бериш, тиббий хизматнинг умуман кўрсатилмаганлиги, муассасаларда жиноятлар миқдорининг ошиб бориши, “қонундаги ўғрилар” томонидан ички тартиб ўрнатилганлиги, маҳкумлар “қизил” ва “қора” ҳудуд тоифаларига ажратилганлиги, жаргон сўзлар ишлатилиши) совет даврида “Аҳлоқ тузатиш меҳнат колониялари” деб аталган муассасаларда сақланиб қолганлиги, уларда мажбурий меҳнат кўп бўлганлиги, инсон қадри топталиши юқори бўлганлиги аниқланган;
мустақиллик йилларига келиб пенитенсиар муассасалар “Жазони ижро этиш муассасалари” деб номланиб, асосий эътибор жазони ижро этилишига қаратилиб,  эндиликда маҳкумлар учун яшаш шароити яхшиланганлиги, оиласи билан узоқ ва қисқа учрашувлар, телефонда сўзлашувлар, посилка, йўқлов, бандероллар олишлар сони икки баравар ошганлиги, электрон (Онлаин) дўконлар ташкил этилганлиги, сайлов ва умумхалқ референдумларида иштирок этиш ҳуқуқи жорий этилганлиги, пенсия олиш ҳуқуқи киритилганлиги, таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш, иш билан таъминлаш тизими йўлга қўйилиб, талаб даражасига етказилганлиги аниқланган;
мустақиллик йиллари Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан ўрнатган алоқалари (Мандела қоидаларини ратификация қилиши) натижасида Республикадаги жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, сақланаётган шахслар сони, пенитенсиар муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, улар томонидан номенклатура бўйича ва пул билан ифодаланадиган ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар махфийликдан чиқарилганлиги очиб берилган;
пенитенсиар муассасаларда совет давридан фарқли равишда жазони ижро этиш муассасалари манзил-колониялар, умумий, қаттиқ, махсус, тарбия колониялари, турмалар, ихтисослашган касалхоналарга ажратилиб, маҳкумларни аёллар учун (бир жойда 21-сон ЖИЕК), эркаклар учун умумий тартибли, қаттиқ тартибли, махсус (умрбод озодликдан маҳрум этилганлар учун) тартибли, турма, вояга етмаганлар учун тарбия колонияси (24-сон ЖИЕК),  касал маҳкумларни сақлаш учун (20-сон Бухоро, 23-сон Тошкент шаҳар ЖИЕК) муассасалари алоҳида-алоҳида дифференциация тартибида жойлаштирилганлиги аниқланган;
пенитенсиар муассасаларда вояга етмаган маҳкумларга ота – оналари билан учрашувларга нисбатан чекловлар олиб ташланганлиги, олий таълим муассасаларига ўқишга киришига шароит яратилганлиги, маҳкума аёлларни адолати меъзонлар асосида рағбатлантириш чораларининг кўрилиши натижасида вояга етмаган фарзандлари билан бирга яшаш имкони яратилганлиги, зарур ҳолларда қисқа муддатли учрашувлар, видеоучрашув ва телефон сўзлашувларга алмаштирилганлиги, ҳамда маҳкумларга психологик ёрдам олиши, соғлигини тиклаш мақсадида қўшимча ҳудудий тиббиёт муассасаларида даволанишининг белгиланганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда пенитенсиар муассасалар фаолияти (1991–2022-йиллар) мавзусида олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги  “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 5050-сонли қарорининг Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш консепсияси иловаси асосида Ўзбекистонда жазоларни ижро этувчи муассасалар  фаолияти тарихи, дастлабки зиндонлар, қамоқхоналар, ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари, маҳкумлар меҳнати, таълими ва таъминоти ҳақидаги натижалардан «Ўзбекистон ҳалқи хизматида» номли китобнинг  12-бобида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2023 йил “30” августдаги 02/2200-сон далолатномаси). Натижаларнинг қўлланилиши ЎзР ИИВ Академиясида жазоларни ижро этиш фаолияти мутахассислиги йўналишида таҳсил олаётган курсантларнинг билимларини янада кенгайтиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган даврда жазони ижро этиш муассасалари ўз фаолиятини амалга оширишда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари суд, прокуратура, мудофаа, миллий гвардия, пробация билан ҳамкорлигига оид натижалардан “Юридик тайёргарлик” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 14 августдаги гувоҳномаси, Рўйхатга олиш рақами: 418-240). Ушбу дарслик олий таълим муассасалари талабалари ва академик лицей ўқувчиларининг мамлакат тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш борасидаги тушунчаларга эга бўлиш имконини берган;
Ўзбекистон БМТга аъзо бўлиши билан жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ, ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқациз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенсия талабларини шунингдек, БМТнинг маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Мандела қоидалари)ни ратификация қилганлиги ҳақидаги натижалардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли қарорига кўра Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Қийноққа қарши курашиш: ҳалқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курсларини ўқитишда фойдаланилган (Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2023 йил “30” августдаги 01/820-сон далолатномаси). Илмий натижа ва хулосаларнинг қўлланиши жазони ижро этиш ходимларининг маҳкумлар билан муомала қилишда ҳалқаро ҳуқуқ қоидаларини ўзлаштиришида амалий ёрдам берган;
БМТ доирасида маҳкумларни тўлақонли таълим олишлари учун пенитенсиар муассасалар маъмурияти томонидан зарурий шарт-шароитлар яратиб берилиши лозимлиги қайд этилганлиги боис, Ўзбекистон Республикаси пенитенсиар муассасаларида 6 та умумтаълим мактаблари ва 4 та касб-ҳунар таълими марказлари фаолиятлари йўлга қўйилганлигига оид натижалардан “Жазони ижро этиш фаолияти” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 2023 йил 11 февралдаги 18-сонли гувоҳномаси, рўйхатга олиш рақами: № 31). Ушбу дарслик тергов, тезкор-қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, ташкилий-штаб ҳамда жазони ижро этиш фаолияти курсантлари учун маҳкумларга таълим бериш ва тарбиялашга доир билимларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда “совет даври моделидан” мерос сифатида қолган Аҳлоқ тузатиш меҳнат колониялари, жазони ижро этиш муассасалари деб ўзгарганлиги, республикадаги пенитенсиар муассасалар сони, маҳкумларнинг яшаш шарт-шароитлари хамда улар томонидан ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги  натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувининг айрим сонлари ссенарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат муассасасининг 2023 йил 10 апрелдаги 06-50-982-сон маълумотномаси). Тақдим қилинган маълумотлар кўрсатув сонларининг мазмунини тўлдириш, илмий далиллар билан бойитишга ҳамда томошабинларнинг Ўзбекистон тарихига оид билимларининг кенгайишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish