Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедов Холхўжа Рахматуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Бухоро-Хива региони марказий қисмидаги нефтгаз тутқичларини ҳосил бўлиш тектоник шароитларининг рутбали палеотектоник таҳлили», 04.00.07 – Нефть ва газ конлари геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/GM91.
Илмий раҳбар: Умурзаков Рахимжан Абдуразакович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Қарши мухандислик-иқтисодиёт институти, Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, DSc.24/30.12.2019.GM.41.01.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Ғафур, геология-минералогия фанлари доктори; Хожиев Бахтиёр Илхомович, геология-минералогия фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро-Хива региони марказий қисмидаги нефтгаз тутқичларининг ҳосил бўлиш палеотектоник шароитларини ва нефтгазли зоналарини рутбали палеотектоник таҳлил асосида аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
рутбали таҳлил асосида Бухоро-Хива регионинг марказий қисмини тектодинамик система ҳаракатларининг турли фазаларида структуравий режани шакилланиш тарихи хусусиятлари аниқланган;
мезозой-кайнозой тарихида палеотектоник режимнинг ўзгариш хусусияти бўйича: биринчи рутбада учта босқич (юра-бўр, палеоген ва неоген-тўртламчи); иккинчи рутбада – иккита босқич (юра-бўр, палеоген-неоген-тўртламчи, охиргисининг кучайиши билан); учинчи рутбада – эрта ва ўрта юрадан бўр давригача вақтда меросли-узлукли ривожланиши билан тавсифланган ва палеоген - неоген-тўртламчи даврда структуравий шаклининг ўзгариши билан кузатилган босқичлар аниқланган;
терриген ва карбонат горизонтларида учинчи рутба даражасида  тарихий-тектоник ривожланиши бўйича учта турдаги майдон ажратилган: 1- эрта ва ўрта юрада ҳосил бўлган ва мезозой-кайнозойнинг кейинги барча босқичларида узоқ мудатли ўтмишдан мерос бўлиб, узлукли ривожланиши билан намоён бўлган; 2-эрта ва ўрта юрада ҳосил бўлган, аммо, ўтмишдан мерос бўлиб фақат палеоген даври бошланишигача ривожланган; 3 - фақат неоген-тўртламчи даврда шакиланган локал тузилмалар жойлашган майдонлар аниқланган;
Бухоро-Хива регионинг марказий қисмида учинчи рутба даражасидаги локал тузилмаларининг ривожланиш ва шакиланиш ёши кўрсатгичлари бўйича еттита тоифадаги нефтгазга потенциал зоналари сифатига эга палеотектоник зоналар ажратилган;
турли ёшда ҳосил бўлган антиклинал тузилма-тутқичларда нефтгазли уюмларининг жойлашувининг таҳлили асосида УВ уюмлари нафақат қадимги тузилмаларда учраши, палеоген-неоген-тўртламчи даврларда ҳосил бўлган структураларда ҳам учраши, неоген-тўртламчи даврлардаги ёш антиклинал структураларда асосан газконденсат уюмлари тарқалганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Бухоро-Хива региони марказий қисмидаги нефтгаз тутқичларини ҳосил бўлиш тектоник шароитларининг рутбали палеотектоник таҳлили бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Бухоро-Хива региони марказий қисми ҳудуди учун илк бор тузилган мезозой-кайнозойдаги алоҳида интервалларининг турли рутба (биринчи, иккинчи ва учинчи) даражадаги тектоник ҳаракатлар ва деформацияларини ифодалаган хариталари “Ўзбекгеофизика” АЖ Яккабоғ геофизика экспедицияси ишлаб чиқариш фаолиятида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 20 июндаги 08-1743-сон маълумотномаси). Натижада, Бухоро-Хива регионида қидирув-разведка ишларининг тектоник асосларига аниқлик киритилиб қидирув ишларининг ишончлилигини ошириш имконини берган;
Бухоро-Хива региони марказий қисми ҳудудининг палеотектоник зоналаринини еттита категорияга ажратилиши асосида тузилган истиқболли потенциал нефтгаздор зоналари харитаси “Ўзбекгеофизика” АЖ Яккабоғ геофизика экспедицияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефтгаз қазиб чиқариш  бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 20 июндаги 08-1743-сон; “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йил 27 майдаги  05-25-1-25-сон маълумотномалари). Натижада, излов-қидирув ишларининг оқилона режалаштирилиш ва самарадорлигини ошириш имконини берган;
тутқичлари ҳосил бўлишининг турли тарихига эга бўлган майдонларни ифодалаган эрта ва ўрта юра ётқизиқларининг палеотектоник районлаштириш харитаси “Ўзбекгеофизика” АЖ Яккабоғ геофизика экспедицияси ишлаб чиқариш фаолиятида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 20 июндаги 08-1743-сон маълумотномаси). Натижада, янги истиқболли майдонларида қидирув-разведка ишларини оптимал режалаштириш имконияти таъминланган ва ишончлилигини ошириш имконияти яратилган;
ажратилган истиқболли зоналарда ва майдонларда биринчи навбатдаги геофизик қидирув ишлари методларини танлаш ва оптимал ташкил қилиш бўйича тавсиялар “Ўзбекгеофизика” АЖ Яккабоғ геофизика экспедиция ишлаб чиқариш фаолиятида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 20 июндаги 08-1743-сон маълумотномаси). Натижада, қидирув-разведка ишларининг рационал геофизик усулларини танлаш асосида самарадорлигини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish