Sayt test rejimida ishlamoqda

Тулиев Улуғбек Юлдашевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбек тилидаги ҳужжатларнинг тематик классификаторларини яратиш», 05.01.11–Рақамли технологиялар ва сунъй интеллект (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/FM831.
Илмий раҳбар: Игнатев Николай Александрович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги ДСc.03/30.12.2019.ФМ.01.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Матякубов Алишер Самандарович, физика-математика фанлари доктори, доцент; Норов Абдусаид, техника фанлари бўйича PhD.
Етакчи ташкилот: Урганч Давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тематик моделлаштириш масаласини ечиш учун берилганларнинг интеллектуал таҳлили усуллари ва критерияларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ҳужжатлар тавсифидаги муносабатларининг миқдорий баҳоси асосида уларнинг семантик боғланганлик коеффисиентини ҳисоблаш усули таклиф қилинган ва асосланган. Илмий услубдаги ҳужжатларда коеффисиентнинг энг юқори қиймати математика ва физика фанлари бўйича олинган;
хом аломатларнинг ўзаро кесишмайдиган гуруҳлари бўйича умумлашган баҳоларни ҳисоблаш методи орқали шакллантирилган латент аломатлар ёрдамида ҳужжатлар синфлари жуфтлиги бўйича сўзлардан сунъий қолиплар ажратиб олинган;
ҳужжатлар коллекциясининг мазмунан ҳаққонийлик кўрсаткичини ҳисоблаш методологияси ишлаб чиқилган. Методикада, мавзуларнинг оптимал сонини аниқлаш учун кластер таҳлил натижалари бўйича критериялардан фойдаланилган;
иккита ҳужжатлар тўпламидаги берилганлар учун терминларнинг умумий луғатини шакллантириш методи ишлаб чиқилган. Луғат учун терминларни танлашда уларнинг синфга тегишлилик функсиясининг қиймати бўйича ҳисобланувчи турғунлик кўрсатгичидан фойдаланилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ҳужжатлар тавсифидаги муносабатларининг миқдорий баҳоси асосида уларнинг семантик боғланганлик коеффисиентини ҳамда ҳужжатлар коллекциясининг мазмуний ҳаққонийлик кўрсаткичини ҳисоблаш орқали ҳужжатлар тўпламидаги берилганлар учун терминларнинг умумий луғатини шакллантириш методи ишлаб чиқиш орқали олинган илмий натижалар асосида:
ҳужжатлар тўпламлари орасидаги семантик боғланишни ҳисоблаш методини яратиш бўйича диссертация ишида олинган натижалар ЖҲBЛ-13 рақамли “Ўзбекистонда “Бахтиёр оила” веб порталини яратиш” грант лойиҳасида матнли маълумотларни хронологик таҳлил қилишда фойдаланилган (“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг 2021-йил 25-июндаги 10-сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши матнли ҳужжатларни классификация қилиш учун аломатлар фазосини ташкил қилувчи луғатларни шакллантириш имконини берган;
ҳужжатлар тўплами бўйича умумий луғатни шакллантириш ва ҳужжатлар тавсифи муносабатларини миқдорий баҳолаш бўйича олинган натижалар “UNICON.UZ” Фан-техника ва маркетинг илмий тадқиқотлар маркази Давлат унитар корхонасида ўзбек тилидаги терминлар глоссарийларини яратиш ҳамда электрон ҳужжат айланиш тизимларида қўлланилган (“UNICON.UZ” ДУК 2023-йил 20-февралдаги 1-1/300 сонли маълумотномаси). Тематик моделларни ишлаб чиқиш учун дастурий таъминоти илмий терминлар луғати ва улар асосида электрон ҳужжатлар яратиш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига қарор қабул қилишнинг тезкорлиги ва самарадорлигини 40% оширишга ёрдам берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish