Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўроқов Сайфиддин Мухидиновичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори  (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Саксавул уруғларини аероекишга тайёрлаш (қобиқлаш) усулини ишлаб чиқиш”, 06.03.01.- Ўрмон экинлари, селекция, уруғчилик ва шаҳарларни кўкаламзорлаштириш. Ўрмонлар агромелиорацияси ва ҳимоя ўрмонларини барпо этиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Тақдимот мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Qx.1166.
Илмий раҳбар: Турдиев Сайдали Ашурович, қишлоқ хоъжалиги фанлари доктори.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx.13.04.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти: Саксовул уруғларини қобиқлаш усули (IAP 06866).
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда қора саксовул уруғларни қаноцизлантириш, қобиқлаш асосида экишга тайёрлаш, Оролбўйи минтақаси ҳудудида Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этиш учун сифатли уруғларни мотоделтоплан ёрдамида экишга тайёрлаш усулини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор саксовул уруғларини аероекишга тайёрлаш (қобиқлаш) усули ишлаб чиқилган;
қобиқлангандан сўнг уруғлар ўртача 1,2-1,6 баробардан 2,2-2,6 баробаргача оғирроқ бўлиши ва уларнинг сепилувчанлиги ортиб, ҳар хил техник воситалар билан сепишга қулай бўлиши аниқланган;
лаборатория шароитида петри идишларида қобиқланган уруғларнинг унувчанлиги бир сутка давомида 80% униб чиқиши аниқланган (дала шароитида 2 кунда 8%);
саксовул уруғларини аероекишга тайёрлашда дастлабки ишлов бериш (саралаш ва қуритиш) усуллари ишлаб чиқилган;
саксовул уруғларини махсус қурилмадан (Ц 17512537-002:2022) фойдаланиб қаноцизлантириш, саралаш ва уларга ишлов бериш учун ўстирувчи стимуляторлар ва инсектицидлардан ташкил топган махсус ишчи эритма ишлаб чиқилган;
қаноцизлантирилган уруғларни ишчи эритмада 30 минутгача ушланиб, сув устига чиқиб қолган пуч уруғлардан ажратиш асосида саралаш имконияти аниқланган;
сараланган уруғларни пахса деворлар ёки жарликлардаги тоза тупроқ (ёки зовур ва ботқоқлардан чиқариб ташланган қуриган қора тупроқдан) 90,0% + чиринди 10% + стимулятор 20 г/л + сув аралашмасидан иборат қобиқлаш массасидан фойдаланиш юқори самара бериши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қора саксовулнинг экишга тайёрланган яъни, қаноцизлантарилган, сараланган (гранула қилинган) қобиқлаш усулларини қўллаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
Саксовул уруғларини аеро экишга тайёрлаш (қобиқлаш) усули Бухоро вилоятининг Шофиркон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 300 гектар майдонга саксовул уруғларини экишда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг 2023 йилнинг 18 майдаги 01/18-2288 – сон маълумотномаси). Бунинг натижасида қобиқланган саксовул уруғларини экиш орқали яшил қопламалар самарадорлигини оширишга эришилган.
Саксовул уруғларини қобиқлаш технологияси Бухоро вилоятининг Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 2800 гектар майдонда экиш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг 2023 йилнинг 18 майдаги 01/18-2288 – сон маълумотномаси). Натижада ўрмон хўжалиги худудида фитоценозларнинг ортиши учун замин тайёрланган.
Самарқанд вилоятининг Қоракўлчилик ва чўл экологияси ИТИ “Қарнаб” тажриба даласида саксовул уруғларини қобиғидан ажратиб экиш усули жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг 2023 йилнинг 18 майдаги 01/18-2288 – сон маълумотномаси). Бунинг натижасида қобиқланган саксовул уруғларини экиш орқали яшил қопламалар миқдори бўйича 35-40 % юқори натижага эришилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди Орол денгизининг қуриган тубида “Яшил қопламалар” барпо этиш мақсадида 16780 гектар майдонда чўл ўсимликлари ва гранула қилинган қобиқланган саксовул уруғларини экиш ишланмаси жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг 2023 йилнинг 18 майдаги 01/18-2288 – сон маълумотномаси). Бунинг натижасида Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил қопламалар барпо этиш бўйича Президент қарорининг тегишли бандларини бажарилиши таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish