Sayt test rejimida ishlamoqda

Одинаев Дилшоджон Шавкатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон минтақалари иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш йўналишлари», 08.00.12 – “Минтақавий иқтисодиёт” (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Iqt3078
Илмий раҳбар: Вахабов Абдурахим Васикович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.I.01.11.
Расмий оппонентлар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Эгамбердиев Фармонқул Турсунқулович; иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Абдирашидов Аширали Абдирашидович.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: минтақалар иқтисодий салоҳиятини баҳолаш усулларини такомиллаштириш асосида уларнинг ривожланишини прогнозлаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минтақалар иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш даражасини аниқлаш усулини ҳудудий кўрсаткичларни шакллантиришнинг икки босқичли, яъни, асос интеграл ва ёндош сифат кўрсаткичлари тизимини ишлаб чиқиш орқали такомиллаштириш таклифи асосланган;
минтақалар иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга улар ўртасидаги тенгсизлик билан табиий, меҳнат ва капитал ресурслари ўртасидаги боғлиқликдан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни 5 та гуруҳга ажратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида имтиёзлар пакетини тақдим қилиш орқали эришишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;
минтақалар барқарор иқтисодий ўсиш моделини иқтисодий салоҳият индикаторларини нормаллаштиришнинг натижавий кўрсаткичлари қуйи чегарасини ундаги мултипликатив моделни 0 дан 1 гача махсус нормаллаштириш коеффициентини киритиш ҳисобига кўтариш орқали такомиллаштириш таклифи ишлаб чиқилган;
ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига таъсир қилувчи омиллар ўртасидаги корреляцион-регрессион боғлиқликнинг эконометрик молелини ишлаб чиқиш асосида ҳудудлар иқтисодий ўсишининг 2030 йилгача бўлган прогноз ссенарийлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
минтақалар иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш даражасини аниқлаш усулини ҳудудий кўрсаткичларни шакллантиришнинг икки босқичли, яъни, асос интеграл ва ёндош сифат кўрсаткичлари тизимини ишлаб чиқиш орқали такомиллаштириш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4702-сон “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қароринининг 2-боби, 5-банди, 1 ва 2-хатбошиларини ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 10 июлдаги 30/1-12789-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденсиялари ва уларга таъсир қилувчи омилларни қиёсий баҳолаш методологиясини такомиллаштиришга эришилган;
минтақалар иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга улар ўртасидаги тенгсизлик билан табиий, меҳнат ва капитал ресурслари ўртасидаги боғлиқликдан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни 5 та гуруҳга ажратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида имтиёзлар пакетини тақдим қилиш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сон “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1-банди 3-хатбошини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 10 июлдаги 30/1-12789-сонли маълумотномаси) Ушбу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ривожланиш бўйича табақаланишни қисқартириш, туман ва шаҳарларнинг реал шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янгича ёндашувларни шакллантириш имконини берди;
минтақалар барқарор иқтисодий ўсиш моделини иқтисодий салоҳият индикаторларини нормаллаштиришнинг натижавий кўрсаткичлари қуйи чегарасини ундаги мултипликатив моделни 0 дан 1 гача махсус нормаллаштириш коеффициентини киритиш ҳисобига кўтариш орқали такомиллаштириш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 сентябрдаги 488-сон “Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 36-37 бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 10 июлдаги 30/1-12789-сонли хати). Таклиф қилинган усулнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида иқтисодий салоҳиятнинг нормаллаштирилган индикаторлар қиймати 1-10 оралиғида бўлишига эришилади;
ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига таъсир қилувчи омиллар ўртасидаги корреляцион-регрессион боғлиқликнинг эконометрик молелини ишлаб чиқиш асосида ҳудудлар иқтисодий ўсишининг 2030 йилгача бўлган прогноз ссенарийларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон – 2030”» стратегияси тўғрисида”ги фармони 48, 49, 59, 60 мақсадлари самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 10 июлдаги 30/1-12789-сонли хати). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида илмий-техникавий ривожланганлик даражаси ва ялпи жамғарилган капитал бўйича юқори иқтисодий салоҳиятга эга ҳудудларда мақсадли самарадорлик кўрсаткичларига эришиш таъминланади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish