Sayt test rejimida ishlamoqda

Ажимаматов Халилулла Таштемировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чақалоқларда оқмали қизилўнгач атрезиясини даволаш тактикасини белгилаш ва ташкил қилишга замонавий ёндашув», 14.00.35 – Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tib2003.
Илмий раҳбар: Эргашев Бахтиёр Бердалиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Болалар миллий тиббиёт маркази DSc.04/01.02.2022.tib.147.01.
Расмий оппонентлар: Акилов Хабибулло Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Рахматуллаев Акмал Абадбекович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарканд давлат тиббиёт университети.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.    Тадқиқотнинг мақсади: чақалоқларда оқмали қизилўнгач атрезиясини даволаш тактикасини белгилаш ва ташкил қилишга замонавий ёндашувларни танлаш орқали хирургик даволаш самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.    Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Республика неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик маркази ва АВБКТТМ янги туғилган чақалоқлар хирургияси бўлими мисолида клиник материалларни умумлаштириш орқали чақалоқлар орасида қизилўнгач атрезияси турли анатомик шаклларининг Республика ҳудудлари бўйича тарқалиш даражаси аниқланган;
чақлоқлар ва улар оналарининг клиник-анамнестик хусусиятлари ва визуализация усуллари асосида қизилўнгач атрезияси ривожланишининг пренатал хавф омиллари ўрганилган ва мазкур нуқсоннинг бошқа туғма нуқсонлар таркибида учраш даражаси аниқланган;
қизилўнгач атрезиясининг оқмали шакли билан туғилган чақалоқларда ҳамрох келувчи нуқсонлар ва соматик касалликларни инобатга олган ҳолда мақбул даволаш тактикаси ишлаб чиқилган;
илк бор қизилўнгач атрезияси аниқланган чақалоқларда операциядан кейинги асоратланиш ва леталликнинг прогностик омиллари асосида хирургик даволаш усулларининг клиник самарадорлиги асосланган.
IV.    Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Андижон давлат тиббиёт институти 2023 йил 27 июндаги 06/18 сонли хулосасига кўра (илмий янгиликларни бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига жорий этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига Андижон давлат тиббиёт институтининг 2023 йилдаги 24 июндаги 06/3475 сонли хати юборилган):
биринчи илмий янгилик: илк бор таянч муассаса сифатида республика перинатал маркази, ҳудудий муассаса сифатида Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида ишлаб чиқилган “Туғма нуқсонларни назорат қилиш бўйича сифат регистри” номли электрон платформа ёрдамида клиник материалларни умумлаштириш орқали чақалоқлар орасида қизилўнгач атрезиясини бошқа туғма нуқсонлар таркибида, шунингдек унинг турли анатомик шаклларининг Республика ҳудудлари бўйича тарқалиш даражаси аниқланган. Илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (17.02.2023 й.; №10), Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (21.02.2023 й.; №16) амалиётига жорий этилди. Илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: республика ҳудудлари бўйича ҚА нинг умумий умумий учраш диапазони хар 10000 тирик туғилган чақалоқларга нисбатан 0,08 дан 1,61 гачани ташкил қилди, ўртача превалентлиги 10000 чақалоққа 0,62 ни ташкил қилиши ёки 1:16129 нисбатда учраши аниқланган. Хазм тизими ривожланиш нуқсонлари билан туғилган чақалоқлар таркибида қизилўнгач атрезиясининг умумий хиссаси 17,5% ни, унинг оқмали шакли эса 90,6% ни ташкил қилади. Минтақавий хусусиятардан келиб чиқиб, кўп ҳолларда ҚА юрак туғма нуқсонлари (57,2%) ва хазм тракти туғма нуқсонлари (21,6%) билан бирга учрайди. Ушбу болаларнинг 56% Апгар шкаласига кўра паст (7 баллдан кам) балл билан, шунингдек уларнинг 24,1% муддатидан олдин дунёга келиши аниқланди. Илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: неонатал хирургия бўлимларида нуқсонни қайд қилиб борувчи маълумотлар базаси асосида туғма нуқсонларни назорат қилиш бўйича ишлаб чиқилган сифат регистри ва электрон платформа чақалоқларда қизилўнгач атрезиясининг анте- ва постнатал ташхислаш мезонлари, стандартлаштирилган текширув бўйича ёндашувларни белгилаш, қизилўнгач атрезиясининг анатомик шаклларига боғлиқ равишда оператив даволашга аниқ кўрсатмаларни белгилаш имконини яратиш билан бирга ҳудудларда туғруққа кўмаклашувчи ва болалар даволаш-профилактика муассасаларида нуқсонни қайд қилиб борувчи мониторинг дастурлари, маълумотлар базаларини ўз ичига олувчи ягона тизимни жорий қилиниши туғма нуқсонлар бўйича реал маълумотларни олиш, ушбу нуқсон билан туғилган чақалоқларни йўналтириш ва даволаш усулларини такомиллаштиш имкониятини яратади. Хулоса: неонатал хирургия бўлимларида нуқсонни қайд қилиб борувчи маълумотларни рақамлаштириш натижасида чоп этилувчи маълумот манбааларнинг қисқариши, уларни расмийлаштиришга кетадиган вақтни тежаш орқали иқтисодий самарадорликка эришилади.
иккинчи илмий янгилик: тадқиқот натижасида Республиканинг барча ҳудудларидан олинган маълумотлар жамланмаси асосида катта маълумотлар базасида туғма ривожланиш нуқсонлари клиник ва эпидемиологик тавсифини ўрганиш ва бошқа тадқиқотлар билан таққослаш,  шунингдек, илк бор туғма ривожланиш нуқсонлари мониторинги ва диагностикаси асосида чақалоқларда қизилўнгач атрезиясининг демографик кўрсаткичларга кўра нисбий хавфни баҳолаш имконияти пайдо бўлган. Илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (17.02.2023 й.; №10), Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (21.02.2023 й.; №16) амалиётига жорий этилди. Илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: туғма ривожланиш нуқсонлари, хусусан қизилўнгач атрезияси бўйича эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш ушбу нуқсонларни территориал ва демогрфик хусусиятларига кўра тарқалишини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, қизилўнгач атрезиясининг учраш даражасининг хатар омилларини баҳолаш, унинг динамикасини ўрганиш профилактик чора-тадбирлар ва тиббий ёрдам хажмини танлаш учун имкон яратади. Ўтказилган тадқиқот натижалари асосида қизилўнгач атрезиясини ташхислашда умумий қабул қилинган антенатал белгилар триадасидан ташқари аҳамиятли бўлган хатар омиллари бўлиб ҳомиладорликни тўхтатиш хавфини келтириб чиқарувчи фето-плацентар етишмовчилик, ҳомила ичи ривожланишининг тутилиши, онадаги камқонлик, юқори нафас ва сийдик ажратув тизими инфекциялари эканлиги исботланган. Илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: чақлоқлар ва улар оналарининг клиник-анамнестик хусусиятлари ва визуализация усуллари асосида қизилўнгач атрезияси ривожланишининг пренатал хавф омилларини эрта аниқлаш ушбу нуқсон билан туғилган чақалоқларни режали, махсус транспортировка қилиш, жаррохлик амалиётини эрта амалга ошириш имконини беради, даволаш ва интенсив терапия учун кетадиган сарф-харажатларни иқтисод қилишга замин яратади. Қизилўнгач атрезияси ривожланишининг пренатал хавф омиллари хомиладорлик даврида оддий ва самарали текширув усули бўлган УТТ орқали аниқланади, ушбу белгиларни эхографик ташхислаш махсус кўникма талаб қилмайди ва акушер-гинекологлар, болалар жаррохлари ёки неонатологлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Хулоса: қизилўнгач атрезияси мавжуд ҳомиласи бор аёлларнинг ҳомиладорлиги кечишидаги айрим ўзига хос хусусиятлар туғилажак чақалоқлар учун клиник маркерларни, шунингдек полигидроамнион, ҳомила ошқозонининг кичик ўлчамда эканлиги ёки умуман визуализацияланмаслиги ва қизилўнгач проксимал сегментининг кенгайиши каби хатар омилларини оддий ултратовуш текшируви орқали анетенатал скринингини ўтказиш ҳомиладорликни тўхтатиш хавфини келтириб чиқарувчи фето-плацентар етишмовчилик, ҳомила ичи ривожланишининг тутилиши белгиларини аниқлаш билан бирга, қизилўнгач атрезияси билан туғилиш хавфини  эрта аниқлаш имконини беради.
учинчи илмий янгилик: қизилўнгач атрезияси бўйича ўтказилган операциядан кейинги даврда чоклар нотурғунлиги, йирингли-септик асоратлар, қизилўнгач стенози, оқмалар реканализацияси каби асоратлар ва леталлик кўрсаткичларни камайтириш, қизилўнгачни сақлаб қолишга қаратилган тўғридан-тўғри анастомоз қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали хаёт сифатини яхшиловчи операция техникаси таклиф қилинган. Илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (17.02.2023 й.; №10), Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (21.02.2023 й.; №16) амалиётига жорий этилди. Илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: ҚА ташхисланган чақалоқларда таклиф қилинаётган тактик  ва техник ёндошувлар операциядан кейинги эрта асоратларни 25,3% дан 6,7% гача, операция билан боғлиқ ўлим кўрсаткичини 2,5 мартагача камайтириш имконини беради. Илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: ижтимоий-иқтисодий самарадорликни баҳолаш учун диагностик усулни (тиббий технологияни -ТТ) танлаш имконини берувчи ва арзон, бироқ самаралироқ бўлиши ёки унинг афзалликлари қўшимча харажатларни оқлаши каби бир нечта талабларга жавоб берадиган усул бўйича тахлил қилнди. Тахлил усулининг моҳияти, қўшимча маълумотларган эга бўлиш учун сарфланган харажатлар “қиймат/самарадорлик” нисбатини аниқлашдан иборат (масалан, йил давомида нечта хаётнинг сақлаб қолиниши, касаллик асоратларини камайтириш сони ва ҳ.). Қизилўнгач атрезиясини анъанавий усулда бартараф этиш учун ҳар бир беморга кутилаётган сарф-харажатлар ўртача 620 000 сўмни ташкил қилади. Таклиф қилинаётган усулда эса ушбу қиймат 482 000 сўмни ташкил қилади, яъни харажатларни 0,5 мартага камайтириш имконини беради. Хулоса: мазкур тадқиқот доирасида қизилўнгач атрезияси аниқланган чақалоқларда хирургик даволашнинг техник жихатларини такомиллаштириш орқали эзофаго-эзофагоанастомоз ўрнатиш усули таклиф қилинган бўлиб, ушбу ёндошувлар операциядан кейинги эрта асоратлар ва операция билан боғлиқ ўлим кўрсаткичини камайтириш имкониятини берган. Қизилўнгач атрезиясида қўлланилиши таклиф қилинаётган ушбу усулда операциядан кейинги ўлим кўрсаткичи анъанавий усулга нисбатан 2,5 мартага камайишига эришилган.
тўртинчи илмий янгилик: операциядан кейинги яшовчанликка таъсир қилувчи омилларни истисно қилган ҳолда, фақатгина хирургик тактикага боғлиқ равишда қизилўнгач атрезияси бўйича операция ўтказилган чақалоқларнинг бир ҳафталик, 30 кунлик ва 60 кунлик  яшовчанлиги ва леталлик кўрсаткичи Каплан-Мейер эгрилиги ва Мантел-Кокснинг прогностик модели ёрдамида тахлил қилинди. Касаллик кечишини оғирлаштирувчи омилларни (ҳамкор туғма нуқсонлар, юрак туғма нуқсони ва ҳ.) истисно қилган ҳолда қизилўнгач атрезияси бўйича операция ўтказилган чақалоқларда яшовчанлик сезиларли равишда ортганлиги исботланган, бу эса бу бемор болалар тоифасида қўлланилган замонавий жарроҳлик ёндошуви ва ташрихдан кейинги даврда интенсив терапия усуллари самарадорли эканлигидан далолат беради. Илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (17.02.2023 й.; №10), Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (21.02.2023 й.; №16) амалиётига жорий этилди. Илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: яшовчанликнинг прогностик моделига кўра таклиф қилинаётган тактик ва техник ёндошувлар натижасида қизилўнгач атрезияси билан операция ўтказилган чақалоқларнинг 30 кун ичида яшаб қолиши эҳтимоли 85,0% (95%CI: 24,02-28,14; χ2 – 6,889; р<0,05) ни, 60 кун ичида 87,5% (95%CI: 51,95-61,98: χ2 – 8,869; р<0,001) ни ташкил қилди ва умумий яшовчанлик эҳтимолини 1,5 марта орттириш имконини берди. Илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: олинган натижаларга кўра қизилўнгач атрезияси аниқланган чақалоқларда эзофаго-эзофагоанастомоз ўрнатишнинг техник жихатларини такомиллаштириш орқали таклиф қилинаётган ёндошувнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса қилиш мумкин. Татбиқ қилинаётган усулда яшовчанлик кафолати 15 суткага келиб аниқлаштирилган бўлса, анъанавий усулда 7 суткага келиб прогнозланади. Агар вилоят миқёсидаги болалар тиббий муассасасига ичак тутилиши белгилари билан бир йилдаги мурожаатлар сони ўртача 12 деб олинса, у ҳолда мазкур усул татбиқ қилинганидан сўнг бир муассаса учун жами иқтисодий самардорлик  207 000 сўмни ташкил қилади. Шу билан бирга, асоратланишлар сонининг камайиши хисобига беморларнинг шифохонада бўлиш муддатини қисқартиради. Бунинг учун даволашга кетган харажатларни иқтисод қилиниши қуйидаги формула ёрдамида хисобланди: Ed=(Кк.кх-Кк.ку)×Тўр.×С; бу ерда Ed – даволашга кетган харажатлар иқтисоди; Кк.кх – анаъанавий усулда даволанган беморларнинг койка-куни учун харажатлар; Кк.кy - таклиф қилинган усулда даволанган беморлар койка-куни учун харажатлар; Тўр. – таклиф қилинган усулда даволанган беморларнинг шифохонода ўртача даволаниш муддати; С – таклиф қилинган усулда даволанган беморлар сони. Бу ҳолда хисоблашлар қуйидагича кўринишга эга бўлди: Эл=(620000-482000)×20×104=287 040 000 сум. Шундай қилиб, тадқиқот учун танланган ва таклиф қилинган усулда ташхисланган беморларда (104 та) даволаниш учун кетган харажатлар 287 040 000 сўмга ёки ҳар бир бемордан 2760000 сўмга иқтисод қилинди. Бир йилдаги мурожаатлар сонига нисбатан эса (12 та бемор), татбиқ масштаби бўйича жами йиллик иқтисодий самарадорлик 33 120 000 сўмни ташкил қилади. Хулоса: қизилўнгач атрезияси ташхисланган чақалоқларда хирургик даволаш натижаларининг тахлили шуни кўрсатдики, таклиф қилинаётган тактик ва техник ёндошувлар операциядан кейинги эрта асоратлар ва операция билан боғлиқ ўлим кўрсаткичини камайтириш имкониятини беради. Операциядан олдинги муносиб тайёргарлик, операциядан кейинги даврда эса ҳамрох келувчи туғма нуқсонлар ва соматик касалликлар ва улар асоратларини инобатга олган ҳолда етарли интенсив даво ва парвариш чораларининг кўрилиши ҚА ташхисланган чақалоқларда нафақат даволаш натижаларини яхшиланишига, балки летал оқибатларнинг сезиларли камайишига сабаб бўлади. Қизилўнгач атрезияси билан туғилган чақалоқарда яшовчанлик эҳтимоли ва леталлик кўрсаткичларини инобатга олган холда даволаш тактикасини белгилаш, ушбу аномалия хирургик даволаш натижалари  самарадорлигини оширади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish