Азимов Азам Исмаиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Йирик насос станцияларининг аванкамералари параметрларини ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқиш, 05.09.06 – “Гидротехника ва мелиорация қурилиши” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В 2022.2.PhD/Т2962
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
техника фанлари доктори, профессор Ҳасанов Бахридин Баратович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Т.10.02 рақамли Илмий Кенгаш,
Расмий оппонентлар: техника фанлари доктори, доцент Шакиров Бахтиёр Махмудович (05.09.06), техника фанлари доктори, доцент Насиров Фахриддин Жойловович (05.09.06).
Етакчи ташкилот - Тошкент архитектура - қурилиш университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Йирик насос станцияларининг аванкамералари параметрларини ҳисоблаш методикасини такомиллаштиришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
аванкамерада комбинацияланган сузувчи қурилмадан фойдаланган ҳолда оқим йўналишини ўзгартирувчи қурилма ишлаб чиқилган;
насосларни оптимал манёврлаш усули орқали аванкамерада лойқа тўпланишининг олдини олиш усули такомиллаштирилган;
аванкамеранинг кўндаланг кесимида оқим тезлигини кескин ўзгаришига йўл қўймайдиган туб девор конструкцияси такомиллаштирилган;
канал-аванкамера-насос станцияси тизимининг оптимал ишлаш режими ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“канал-аванкамера-насос станцияси” тизимининг оптимал ишлаш режими бўйича олинган натижалар асосида:
Самарқанд вилоятидаги “Оқтош” ва “Чархин” насос станцияларида кавитация жараёнини олдини олишнинг такомиллаштирилган услубияти ишлаб чиқилган (2020 йил 26 сентябрдаги тадбиқ қилиш далолатномаси). (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 04 мартдаги 02/20-669-сон маълумотномаси). Натижада, марказдан қочма насосларнинг янги конструкциялари ва кавитацион емирилишни камайтириш учун эксплуатация режимини такомиллаштириш бўйича олинган асосий ҳисоб тенгламалари насослар билан ўтказилган экспериментал тадқиқотларга асосланган бўлиб, марказдан қочма насослар янги конструктив параметрларининг ҳисоби, насоснинг гидродинамик параметрлари, емириладиган материалнинг хусусиятлари ҳамда лойқа ташувчи оқимнинг характеристикаларини ҳисобга олиш имконияти яратилди;
Сурхондарё вилоятидаги Жайхун насос станцияси аванкамераларининг такомиллаштирилган конструкцияси орқали биринчи ва охирги насос агрегатларининг иш режимларини яхшилаш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилган (2020 йил 24 октябрдаги тадбиқ қилиш далолатномаси). (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 04 мартдаги 02/20-669-сонли маълумотномаси). Натижада, оптимал манёврлаш усули орқали аванкамерада лойқа тўпланишининг олдини олиш имконияти яратилди;
Сурхондарё вилоятидаги Шеробод насос станциясининг сўриш қувурига оқимни текис йўналтириш орқали сув уюрмалари ҳосил бўлишининг олдини олиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилган (2020 йил 26 октябрдаги тадбиқ қилиш далолатномаси). (Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 04 мартдаги 02/20-669-сонли маълумотномаси). Натижада, сўриш қувурига кириш жойида ҳосил бўладиган сув уюрмаларини кескин камайтириш имконияти яратилди.