Холматова Ирода Исмоилжон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ғовак муҳитдаги нефт ва газ филтрацияси масалаларини ечишда такомиллаштирилган математик модел ва ҳисоблаш алгоритмларини ишлаб чиқиш», 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси роʻйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/T2841
Илмий раҳбар: Равшанов Нормахмад, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, PhD.13/30.12.2021.T.142.01.
Расмий оппонентлар: Нормуродов Чори Бегалиевич физика-математика фанлари доктори, профессор; Муҳаммадиев Абдували Шукурович, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғовак муҳитдаги филтрацияси масалаларини нефт, газ ва сув тазйиқли режимлардаги математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминотларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғовак муҳитдаги нефт ва газ филтрация жараёнларининг ғовалик, ўтказувчанлик, тўйинганлик, эффектив баландлик коеффициентларининг қийматларини қатламнинг барча нуқталарида аниқлаш асосида математик моделлари такомиллаштирилган;
ғовак муҳитдаги нефт-сув ҳамда газ-сув филтрацияси жараёнларининг ғоваклик, ўтказувчанлик, тўйинганлик, эффектив баландлик коеффициентларининг қийматларини қатламнинг барча нуқталарида аниқлаш асосида математик моделлари такомиллаштирилган;
қатламдаги қудуқлар жойлашган нуқталарида берилган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда қатламнинг қолган барча нуқталаридаги қийматларини ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
филтрация жараёнида нефт ва газ, бундан ташқари сув тазйиқли режимдаги вақт бўйича асосий параметрларининг ўзгариши ва қатламдаги нефт-сув, газ-сув чегараларининг силжиш динамикасини ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ғовак муҳитдаги нефт ва газ, бундан ташқари сув тазйиқли режимлардаги филтрация жараёнларини ўрганиш натижалари асосида:
кондаги қудуқлар жойлашган нуқталарда берилган эффектив баландлик, ўтказувчанлик, ғоваклик, тўйинганлик коеффициентларининг қийматларини бутун кон бўйлаб аниқлаш алгоритми, бундан ташқари, нефт ва газ филтрацияси жараёнларининг математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминоти «Косон нефт ва газ қидирув экспедисияси» МЧЖ обектида жорий қилинган (Қашқадарё вилояти ҳокимятининг 2023-йил 23-июндаги 04/2796-1 – сон маълумотномаси). Натижада нефт ва газ конларидаги босим ҳолатини аниқлашда уларнинг самарадорлиги 0,3-0,4 фоизга оширилган ва меҳнат ҳаражатларини 6-7 фоизга камайтириш имконини берган;
ғовак муҳитдаги нефт ва газ, бундан ташқари сув тазйиқли режимлардаги филтрация жараёнларининг математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминоти «Ўзбекистон республикаси саноат ҳафвсизлиги давлат қўмитаси Қашқадарё бўлими»га жорий қилинган (Қашқадарё вилояти ҳокимятининг 2023-йил 23-июндаги 04/2796-1 – сон маълумотномаси). Натижада муҳандислик ҳисоб китобларини ўтказишга кетадиган вақт ҳамда меҳнатни 10-12 фоизга қисқартириш имконини берган;
ишлаб чиқилган математик моделлар, сонли ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурлари «Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» обектига жорий қилинган (Қашқадарё вилояти ҳокимятининг 2023-йил 23-июндаги 04/2796-1 – сон маълумотномаси). Натижада, кондаги баъзи нуқталарда берилган маълумотлардан фойдаланиб, улар бутун соҳа бўйлаб ҳисобланган ва кондаги босим аниқланган. Бу эса муҳандислик ҳисоб китобларини ўтказишга кетадиган вақтни 10-12 фоизга қисқартириш имконини берган.