РустамбековИсламбек Рустамбековичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Интернет тармоғида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Yu11.
Илмий маслаҳатчи: Гулямов Саид Саидахрарович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Караходжаева Дилором Мамировна, юридик фанлар доктори, профессор; Насриев Илхом Исмоилович, юридик фанлар доктори, доцент; Синдаров Комил Ойдинович, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот:Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: интернет тармоғидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солинишини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
электрон шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида шартнома тарафларининг ҳуқуқларини таъминловчи қоидалар ҳамда мажбуриятларини аниқлаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган, шунингдек электрон шартнома кўринишида тузилиши мумкин бўлмаган шартномалар асослаб берилган;
электрон тижорат доирасида электрон рақамли имзодан фойдаланиш, уни миллий ва халқаро миқёсда унификациялаш, шунингдек қўлланиладиган ҳуқуқни аниқлашга доир таклифлар асослаб берилган;
домен номи ва веб-сайтларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муомаласини янада ривожлантириш, тегишли субъектлар ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган домен номлари ва веб-сайтлар олди-сотдиси ҳамда ҳуқуқлар ижараси кўринишидаги янги фуқаролик-ҳуқуқий конструкциялар ишлаб чиқилган;
чет эл элементи билан мураккаблашган виртуал фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг тартибга солиш механизмлари аниқлаштирилган;
виртуал маконда юзага келувчи фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қонун ҳужжатларини қўллашга ҳамда комплекс ҳуқуқий тартибга солиш механизмини шакллантиришга доир таклифлар асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Интернет тармоғида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
электрон шартномалар кўчмас мулкни сотишга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўладиган ҳамда биржада тузиладиган битимларга татбиқ этилмаслиги, электрон тижоратда сотувчи электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни белгиланган тартибда сақлашни таъминлаши кераклиги, шунингдек электрон тижоратда сотувчи электрон рақамли имзолардан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат тарзида шартнома — экспорт контракти тузиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги «Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 185-сон қарорида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2016 йил 4 октябрдаги ил фил-4-7/20-1376-сон маълумотномаси). Бу электрон тижоратда электрон битимларни тузиш, улар бўйича ўзаро мажбуриятларни бажарилишини ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминланишига хизмат қилади;
домен номлари ва веб-сайтларни фуқаролик-ҳуқуқий муомаласини таъминлашга, хусусан уларни олди-сотдиси, ижарага берилишини ҳамда тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг тўғри белгиланишига қаратилган ҳуқуқий механизм ҳамда намунавий шартномалар ишлаб чиқилган ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги UZINFOCOM – Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш марказининг 2017 йил 24 январдаги 23-5/90-сон далолатномаси). Бу домен номлари ва веб-сайтларнинг эгалари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва кенгайтириш, мазкур объектларни эркин фуқаролик муомаласини таъминлашга имкон беради;
электрон тижорат соҳасидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиш доираси ва асосий тушунчалар мазмунини кенгайтириш, шахсий маълумотларни ҳимоялаш ҳамда қўлланиладиган ҳуқуқ тўғрисидаги қоидаларни киритишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунининг такомиллаштирилиши жараёнида қўлланилиши, шунингдек мазкур соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солишга, махсус тамойилларни мустаҳкамлашга ҳамда чет эл элементи билан мураккаблашган муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Миллий Интернет сегменти тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси маълумот учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 7 октябрдаги 04/642-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар республикамизда электрон тижорат муносабатларини кенгроқ ҳуқуқий тартибга солишга, ушбу муносабат субъектлари ҳуқуқларини ҳар тарафлама ҳимоя қилинишига, шунингдек янги қонун қабул қилиниши интернет тармоғи фойдаланувчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар тарафлама таъминланишига хизмат қилади;
тадқиқот натижалари ва маълумотлари ўқув жараёнига жорий этилган, хусусан «Халқаро савдо ҳуқуқи» фани ўқув дастурига электрон тижоратнинг халқаро-ҳуқуқий тартибга солиниши масалалари, «Халқаро муаллифлик ва патент ҳуқуқи» фани ўқув дастурига Интернет тармоғида муаллифлик, турдош ва патент ҳуқуқи ҳамда шахсийлаштириш воситаларини муҳофаза қилиш масалалари (Тошкент давлат юридик университетининг 2016 йил 26 декабрдаги 02-20/349-сон далолатномаси) ҳамда «Халқаро муаллифлик ва патент ҳуқуқи» дарслигига (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 22 январдаги 26-сон буйруғи билан дарслик сифатида нашр қилишга рухсат берилган. Рўйхат рақами 26-062) тегишли мавзулар киритилиб, буларнинг барчаси талабаларни ўқитишда, уларга янги билимлар бериш ва кўникмалар шакллантиришда манба бўлиб хизмат қилади.