Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдиқулов Шерзод Думиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
“Лингвомаданий кодларнинг ономастик бирликларда ифодаланиши (Сурхондарё теотопонимлари мисолида)”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).  
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Fil1415.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
Илмий раҳбар: Махмараимова Шохиста Тухташевна, филология фанлари доктори, профессор.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/31.03.2021.Fil.78.04.
Расмий оппонентлар: Мирсанов Ғайбулла Қулмуродович, филология фанлари доктори, доцент; Шукуров Отабек Улашевич, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади Сурхондарё теотопонимларининг лингвомаданий хусусиятларини текшириш, уларнинг воқеланишида асос вазифасини ўтаган лингвомаданий кодларни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХ аср ономасиологияси кесимида теотопонимлар тадқиқи ва таснифига доир ёндашувларнинг етарли эмаслиги, ўзбек топонимикасида теотопонимларга бағишланган тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги ҳамда ономасиологик асосида теотопоним тушунчасининг некротопоним, экклезионим каби топонимик онимларнинг қиёси асосида лингвистик мақоми очиб берилган;
Сурхондарё теотопонимларининг юзага келишида Марказий Осиё халқлари мифологиясида мавжуд қалъа, тоғ, дарахт, сув, Қирққиз, “етти пир”, саҳобалар, авлиёлар, сўфилар, валийлар каби ўнга яқин култларнинг иштироки аниқланиб, теотопонимлар воқеланишида асос вазифасини ўтовчи лингвомаданий коднинг  топонимик индикаторлар билан лингвомаданий вазифалар бажарувчи култ эканлиги далилланган;
Сурхондарё теотопонимикасига мансуб бирликлар миқдори статистик жиҳатдан олиниб, уларда фонетик, лексик кўпвариантлилиги мавжудлиги аниқланган ҳамда уларда лингвомаданий кодни белгилаш жараёнида энг кўп сонли аҳоли яшовчи ҳудуднинг теотопонимик кўрсаткичлари асос сифатида олиниши зарурати исботланган;
диалектал ареалнинг топонимик ареалга локал ва ҳудудий муносабати ҳамда локал мифологик тизим унсурларининг ҳудудлараро,  этимологик ҳамда ареал  таъсири асосида  ҳудуд аҳолисининг топонимик бирликка нисбатан миллий лингвомаданиятга хос ақидавий қарашлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Сурхондарё теотопонимлари лингвистик хусусиятларининг таснифи, этимологияси, мазкур жой номларини ареал ва лингвомаданий кесимда ўрганишга доир хулосалардан:
ХХ аср ономасиологияси кесимида теотопонимлар тадқиқи ва таснифига доир ёндашувларнинг етарли эмаслиги, ўзбек топонимикасида теотопонимларга бағишланган тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги ҳамда ономасиологик асосида теотопоним тушунчасининг некротопоним, экклезионим каби топонимик онимларнинг қиёси асосида лингвистик мақоми  очиб берилганлигига доир маълумотлардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида  бажарилган “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (инсон қиёфаси, фе'л-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поетик луғатини яратиш” номли инновацион амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2022-йил 5-сентябридаги 04/1-2410-сон маълумотномаси). Натижада луғат таркибидаги ўзбек тилидаги ономастик  бирликлар, хусусан, ўзбек тилидаги теотопонимлар этнолингвомаданий  хусусиятларининг лингвомаданий кодларда ифодаланиши, теотопонимлар этимологиясининг ўзбек тили изоҳли луғатларида берилишига доир назарий билимларнинг мукаммаллашувига эришилган;
Сурхондарё теотопонимларининг юзага келишида Марказий Осиё халқлари мифологиясида мавжуд қалъа, тоғ, дарахт, сув, Қирққиз, “етти пир”, саҳобалар, авлиёлар, сўфилар, валийлар каби ўнга яқин култларнинг иштироки аниқланиб, теотопонимлар воқеланишида асос вазифасини ўтовчи лингвомаданий код билан улар таркибида келган индикаторлар ўртасидаги этимологик (келиб чиқиши) жиҳатдан ўхшаш ва фарқли томонлари далилланганлигига оид хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-А1-Г007 “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот обекти сифатида” мавзусидаги амалий-илмий тадқиқотда фойдаланилган (ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022-йил 14-апрелдаги 17.02/89-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек тилида ономастик бирликлар, хусусан, теотопонимларнинг вужудга келишида когнитив тузилмаларга мансуб назарий умумлашмаларнинг мукаммаллашувига эришилган;
диалектал ареалнинг топонимик ареалга локал ва ҳудудий муносабати ҳамда локал мифологик тизим унсурларининг ҳудудлараро этимологик ҳамда ареал  таъсири аниқланганлигига оид хулосалардан Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Тил – миллат кўзгуси”, “Кун мавзуси”, “Диалог” деб номланган кўрсатувлар ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2022-йил 11-ноябрдаги 01-01-125-сон маълумотномаси). Натижада ўлка топонимикаси, зиёратгоҳлар туризми, жой номларини танлашда ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш, бу ҳақдаги ҳукумат қарорлари ижросининг тарғибот ишлари мазмуни мукаммаллашган.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish