Sayt test rejimida ishlamoqda

Саттаров Акрам Мадаминовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ўзбекистонда аҳолини кўчириш сиёсати (Фарғона водийси вилоятлари мисолида, 1946-1991-йиллар), 07.00.01 - Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Tar632.
Илмий раҳбар: Батирова Барно Набиевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.03/31.03.2021.Tar.05.05.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Музробжон Ғуломович, тарих фанлари доктори, профессор; Ҳайдаров Иззатилла Махмуталиевич, тарих фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1946-1991-йилларда Фарғона водийси аҳолисини янги ўзлаштирилган ерларга кўчириш тадбирлари ҳамда аҳоли унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг аҳолини кўчириш сиёсатининг тўртта асосий босқичи аниқланиб, биринчи босқичда (1946-1949-йиллар) янги ерларда зарур шароитлар йўқлиги учун кўчирилганларнинг аксарияти аввалги яшаш жойларига қайтишга мажбур бўлгани, иккинчи босқичда (1949-1963-йиллар) республикада аҳолини кўчириш билан шуғулланувчи алоҳида тузилма вужудга келгани, учинчи босқичда (1963-1980-йиллар) янги ўзлаштирилган ҳудудларда кенг қамровли қишлоқ инфратузилмаси яратилгани, тўртинчи босқичда (1980-1991-йиллар) аҳолининг кўчиши локал ва индивидуал хусусият касб этгани асосланган;
Ўзбекистонда янги ерларни ўзлаштириш ва аҳолини кўчириш тадбирлари асосан пахтачиликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилгани, аҳолини кўчириш жараёнларида Фарғона водийси вилоятлари асосий обект вазифасини бажаргани далилланган;
кўчириш сиёсатининг дастлабки даврида аҳолини янги ўзлаштирилган ерларга кўчириш «ихтиёрий-мажбурий» усулларга асосланганлиги, бу даврда кўчирилган аҳолининг уй-жой билан таъминлаш, уларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби зарур шароитлар яратилмагани боис кўчириш тадбирлари самарасиз бўлганлиги асосланган;
янги ўзлаштирилган ҳудудларга Фарғона водийсидан кўчирилган аҳолининг бу ерларда қишлоқ хўжалигини йўлга қўйиш, хусусан, пахтачиликни ривожлантиришда етакчи аҳамиятга эга бўлганлиги, бу борада республиканинг бошқа ҳудудларидан келган аҳолига катта тажриба бўлганлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 1946-1991-йилларда Фарғона водийси аҳолисини янги ўзлаштирилган ерларга кўчирилиши тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
1946-1991-йилларда амалга оширилган аҳолини кўчириш сиёсатининг ҳуқуқий асослари, амалга ошириш механизмлари, кўчириш тамойилларининг бузилиши, кўчирилганларнинг меҳнат фаолияти ва янги ерларга мослашуви мураккаб кечганлиги, кадрлар муаммоси, янги ерларни ўзлаштириш ва пахтачиликни ривожлантиришда Фарғона водийси аҳолисининг асосий меҳнат ресурси бўлганлигига оид материаллардан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Давлат музейи экспозициялари бўлимларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2022-йил 9-ноябрдаги 10/2112-сон маълумотномаси). Тақдим этилган илмий натижалар музейга ташриф буюрувчиларда совет ҳукуматининг аҳолини кўчириш сиёсати ва унинг оқибатлари, халқимизнинг янги ерларни ўзлаштиришдаги фидокорона меҳнати, кўчирилган аҳолининг ижтимоий ҳаётидаги мураккаб ўзгаришлар ва зиддиятлар ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилган;
аҳоли кўчирилган янги ҳудудларда колхоз ва совхозларнинг ташкил этилиши, кўчиб борган аҳолининг қишлоқ хўжалигидаги меҳнат фаолияти ва янги ерларга мослашишидаги мураккаблик ва қийинчиликларни ёритувчи материаллардан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2017-2020-йилларда бажарилган ОТ-Ф1-95 рақамли «Фанлараро ёндашувнинг мураккаб тизимларини тадқиқ этишдаги имконият ва истиқболлари» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий университетининг 2022-йил 15-декабрдаги 04/11-8217-сон маълумотномаси). Илмий натижалар фундаментал грант лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш асосида мамлакатимиз фуқароларининг аҳолини кўчириш сиёсати юзасидан тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилган;
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда Ўзбекистонда пахтачиликни янада ривожлантириш, янги ерларни ўзлаштириш, ўзлаштирилган ерларда колхоз ва совхозларнинг ташкил этилиши, кўчириш сиёсатининг ҳуқуқий-меъёрий асослари, Фарғона водийси аҳолисини кўчириш жараёнида ҳамда уй-жой билан таъминланишида юзага келган қийинчиликларга оид маълумотлардан, илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон тарихи» телеканалининг «Тақдимот» кўрсатуви сенарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон телерадиоканали» давлат муассасасининг 2022-йил 16-декабрдаги 02-31-2086-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар кўп сонли телетомошабинларнинг 1946-1991-йилларда Фарғона водийси аҳолисининг янги ерларни ўзлаштириш мақсадида кўчирилиши тўғрисида янги илмий маълумотларга эга бўлишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish