Sayt test rejimida ishlamoqda

Пирматов Отабек Шавкатовичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Фуқаролик суд ишларини рақамлаштириш ва виртуаллаштириш”, 12.00.04 – Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Иқтисодий процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.DSc/Yu177.
Илмий маслаҳатчи: Гулямов Саид Саидахрарович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович, юридик фанлар доктори, профессор; Рўзиназаров Шухрат Нуралиевич, юридик фанлар доктори, профессор; Назаров Юсуф Бозорович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш меҳанизмини такомиллаштириш, фуқаролик суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва виртуаллаштиришнинг процессуал жиҳатларига ҳуқуқий нуқтаи назардан илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш ҳамда иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш асослаб берилган;
фуқаролик суд иши учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни бевосита давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан электрон шаклда олиш орқали давлат органлари ва судлар ўртасида ахборот алмашувини яхшилаш лозимлиги асослаб берилган;
мамлактимизда виртуал суд мажлисларини ривожлантириш нуқтаи назаридан суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш орқали судлардаги мавжуд видеоконференцалоқа режимини янада такомиллаштириш лозимлиги асослаб берилган;
фуқаролик иши электрон шаклда шакллантириш ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этиш ҳуқуқи ҳамда фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилганда, суд ҳужжатлари судянинг (судяларнинг) электрон рақамли имзоси билан, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлананиши лозимлиги очиб берилган;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судларида ҳужжат айланишини юритишнинг автоматлаштирилган тизимга ўтиш нуқтаи назаридан суд буйруғи судянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида тарафларга юборилиши асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фуқаролик суд ишларини рақамлаштириш ва виртуаллаштириш бўйича тадқиқотдан олинган илмий натижалар асосида:
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратишга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон Қарорининг 2-банди тўртинчи хатбошисида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2022 йил 13 октябрдаги 27/2-239-22-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф фуқароларга ҳамда юридик шахсларга судга бормасдан суд орқали ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилган;
муайян фуқаролик суд ишини кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш орқали давлат органлари ва судлар ўртасида ахборот аламашувини яхшилашга доир таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон Қарорининг 4-банди учинчи хатбошисида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2022 йил 13 октябрдаги 27/2-239-22-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф фуқароларнинг сарсон бўлишини ва ортиқча қоғозбозликни олдини олишга хизмат қилган;
суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш орқали судлардаги мавжуд видеоконференцалоқа режимини янада такомиллаштиришга доир таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон Қарорининг 6-банди биринчи хатбошисида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2022 йил 13 октябрдаги 27/2-239-22-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф тарафлар уйидан ёки иш жойидан чиқмасдан суд мажлисларида иштирок этишини яратишга хизмат қилган;
фуқаролик иши электрон шаклда шакллантириш ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этиш ҳуқуқи ҳамда мазкур модданинг бешинчи хатбошисидаги фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилганда, суд ҳужжатлари судянинг (судяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланишига доир таклифлар Фуқаролик процессуал кодексининг 5-моддасида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 22 ноябрдаги 06-13/64-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф фуқаролик суд ишларини электрон шаклда шакллантиришга имкон берган.
суд буйруғи судянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилишини Фуқаролик процессуал кодексининг 179-моддасини иккинчи хатбошисида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 22 ноябрдаги 06-13/64-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф суд ва тарафлар ўртасида электрон ҳужжат айланиши нуқтаи назаридан инобатга олинган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish