Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримова Хуррият Шариповнанинг  
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилида “жасорат” семали лексемаларнинг семантикаси, структураси ва лексикографик талқини”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Fil2826.  
Илмий раҳбар: Тожиева Гулбаҳор Номозовна, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/30.12.2021.Fil.70.01.
    Расмий оппонентлар: Пардаев Азамат Бахронович, филология фанлари доктори, профессор; Исломов Икром Хушбоқович, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги “жасорат” умумий семали атов бирликларнинг структур, семантик ва лексикографик муаммоларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги “жасорат” умумий семали бирликларининг лексик тизимда алоҳида луғавий-маъновий гуруҳ сифатида барқарор ўринга эгалиги, атов бирликларнинг таркиби ҳам бошқа мавзуий гуруҳлар сингари тил тизимида шакл, мазмун ва семантик структурага эга эканлиги исботланган;
“жасорат” умумий семали атов бирликларнинг маънодошлари ва умумий, хусусий семантик маъноси орқали қўлланишидаги ўзаро фаол ва нофаоллиги билан характерланиши аниқланиб, атов бирликларнинг шакл ва маъно муносабатининг структуравий ва системавий хусусиятларидан келиб чиқадиган лисоний ва нолисоний омиллари мавжудлиги далилланган;
ўзбек тилидаги “жасорат” умумий семали атов бирликлари шаклий структурасига кўра сўз, содда, қўшма, жуфт сўз шаклларида ҳамда мураккаб ва барқарор бирикмалар шаклида ҳам учраши, сўз шаклидаги бирикмалар туб ва бирикма шаклидаги атов бирликлар содда ва мураккаб бирикма шаклидаги бирликларга бўлиниши аниқланган;
ўзбек адабий тилида “жасорат” умумий семали атов бирликлари кўлами катталиги, уларда халқнинг ментал дунёси ва фикрий олами ёрқин ифодаланиши, мақоллар инсон маънавияти, ҳаётий тутумларининг шаклланиши ва ривожида катта аҳамиятга моликлиги аниқланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Жасорат” умумий семали атов бирликларни ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
ўзбек тилидаги “жасорат” умумий семали бирликларининг лексик тизимда алоҳида луғавий-маъновий гуруҳ сифатида барқарор ўринга эгалиги атов бирликларнинг таркиби ҳам бошқа мавзуий гуруҳлар сингари тил тизимида шакл, мазмун ва семантик структурага эга эканлиги  исботланганига оид хулосаларидан 5120100 – Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) бакалавриат таълим йўналиши учун мўлжалланган “Ҳозирги ўзбек тили” дарслигининг “Лексика, лексик-семантик сатҳ, лексикология ва лексикография” деб номланган қисмини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 27 мартдаги 274-сон буйруғига мувофиқ 274-312 рақами асосида рўйхатга олинган). Натижада дарсликдаги лексемада шакл ва мазмун яхлитлигини таҳлил ва тасниф қилиш талқинига доир маълумотлар назарий ва амалий жиҳатдан бойитиш имконини берган;
“жасорат” умумий семали атов бирликларнинг маънодошлари ва умумий, хусусий семантик маъноси орқали қўлланишидаги ўзаро фаол ва нофаоллиги билан характерланиши аниқланиб, атов бирликларнинг шакл ва маъно муносабатининг структуравий ва системавий хусусиятларидан келиб чиқадиган лисоний ва нолисоний омиллари мавжудлиги далилланганига оид хулосаларидан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ПЗ-2020042022 рақамли “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформа яратиш” номли амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 1-июндаги 04/1-1070-сон маълумотномаси). Натижада туркий тилларда “жасорат” семали лексемаларни лингводидактик электрон платформага жойлаштиришда илмий ва амалий хулосалар чиқариш имконини берган;
ўзбек тилидаги “жасорат” умумий семали атов бирликлари шаклий структурасига кўра сўз, содда, қўшма, жуфт сўз шаклларида ҳамда мураккаб ва барқарор бирикмалар шаклида ҳам учраши, сўз шаклидаги бирикмалар туб ва бирикма шаклидаги атов бирликлар содда ва мураккаб бирикма шаклидаги бирликларга бўлиниши аниқланганига оид хулосаларидан Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Олтин воҳа” дастуридаги “Очиқ мулоқот” дастурининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2023-йил 5-апрелдаги 17-07/71-сон маълумотнома). Натижада ушбу дастур учун тайёрланган материаллар мазмун жиҳатидан такомиллашган, илмий далиллар билан бойитилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish