Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғуломов Абдулло Нурилло ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Маҳмуд Ломишийнинг калом илмига оид мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти», 24.00.03 – Фиқҳ, калом илми. Илоҳиёт (исломшунослик фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Isl41.
Илмий раҳбар: Оқилов Саидмухтор Сайдакбарович, тарих фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Зиёдов Шовосил Юнусович, тарих фанлари доктори, доцент; Примов Соатмурот Уралович исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Маҳмуд Ломишийнинг калом илмига оид мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ломиший тавфиқ (توفيق) ва ҳидоят (هداية)нинг илоҳийлиги эътиборидан имоннинг махлуқ эмаслиги тўғрисидаги Бухоро мутакаллимлари қарашларидан фарқли ўлароқ инсоннинг амали ҳисобланган ҳамда имоннинг моҳиятини ташкил этган иқрор (إقرار) ва тасдиқ (تصديق) нуқтаи назаридан имоннинг махлуқ эканлиги борасидаги Самарқанд олимлари қарашларини қўллаб-қувватлагани аниқланган;
олим оят ва ҳадисларда хамр, мутъа никоҳи, мерос тақсимоти, қибланинг ўзгариши борасида насх (نسخ – бекор қилиш) ҳукми келгани, имон эса ўзгармас, яхлит нарса бўлиб, насхни қабул қилмаслиги сабабли амаллар имон таркибига кирмаслигини таъкидлаб, хорижия ва мўтазилия оқимларига раддия бергани далилланган;
аллома мўтазилаларнинг “аслаҳ” (أصلح – Аллоҳнинг банда учун энг манфаатли ишни қилишга мажбурлиги) тамойилига раддия билдириб, Аллоҳ таоло улар иддао қилгандек бандалари учун зиммасидаги вожиб ишни қилишининг нотўғрилигини Унинг “Муҳсин” (محسن) – эҳсон қилувчи, “Муфзил” (مفضل) – фазл кўрсатувчи, “Мунъим” (منعم) – неъмат берувчи исм-сифатлари мисолида исботлагани очиб берилган;
Ломиший “ат-Тамҳид” асарида “санавия” (дуалист)лардан бўлган “монавия” (مانوية) ва “дайсония” (ديصانية) фирқасидан фарқли равишда “марқиюния” (مرقيونية) тоифаси оламни яратувчи нур ва зулматдан ташқари учинчи аслнинг мавжудлиги борасидаги даъволарини ёритиб бергани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳмуд Ломишийнинг калом илмига оид мероси, хусусан, “ат-Тамҳид” асарининг бугунги аҳамияти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ломиший тавфиқ (توفيق) ва ҳидоят (هداية)нинг илоҳийлиги эътиборидан имоннинг махлуқ эмаслиги тўғрисидаги Бухоро мутакаллимлари қарашларидан фарқли ўлароқ инсоннинг амали ҳисобланган иқрор (إقرار) ва тасдиқ (تصديق) нуқтаи назаридан имоннинг махлуқ эканлиги борасидаги Самарқанд олимлари қарашларини қўллаб-қувватлагани тўғрисидаги илмий хулосалар буюртма асосида нашр этилган “Маҳмуд ибн Зайд Ломиший ва унинг “ат-Тамҳид” асари” номли монография мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023-йил 9-июндаги 02-02-1/4624-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу китобда тақдим қилинган маълумотлар фуқаролар, хусусан, ёшларни замонавий оқимларнинг ёт ғоялари таъсиридан муҳофаза қилишга хизмат қилган;
аллома мўтазилаларнинг “аслаҳ” (أصلح – Аллоҳнинг банда учун энг манфаатли ишни қилишга мажбурлиги) тамойилига раддия билдириб, Аллоҳ таоло улар иддао қилгандек бандалари учун зиммасидаги вожиб ишни қилишининг нотўғрилигини Унинг “Муҳсин” (محسن) – эҳсон қилувчи, “Муфзил” (مفضل) – фазл кўрсатувчи, “Мунъим” (منعم) – неъмат берувчи исм-сифатлари мисолида исботлагани тўғрисидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази томонидан нашр этилган “Ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш асослари” номли ўқув қўлланма мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2023-йил 21-июндаги 1829-сон маълумотномаси). Натижада, диний соҳа ходимларининг ақидавий масалалардаги ихтилофларга раддия бериш борасидаги назарий билимлари мустаҳкамланишига хизмат қилган;
олим оят ва ҳадисларда хамр, мутъа никоҳи, мерос тақсимоти, қибланинг ўзгариши борасида насх (نسخ – бекор қилиш) ҳукми келгани, имон эса ўзгармас, яхлит нарса бўлиб, насхни қабул қилмаслиги сабабли амаллар имон таркибига кирмаслигини таъкидлаб хорижия ва мўтазилия оқимларига раддия бергани тўғрисидаги илмий хулосалардан буюртма асосида чоп этилган “Мовароуннаҳрда Мотуридия калом илми мактаби” номли китоб мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2023-йил 16-июндаги 02/291-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу маълумотлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар орасида жаҳолат ва илмсизлик ғояларига берилишнинг олдини олиш ҳамда миллий-диний қадриятларга ҳурмат билан ёндашишга хизмат қилган;
алломанинг “ат-Тамҳид ли қавоид ат-тавҳид” асари тавсифи, асарнинг бугунги кундаги аҳамияти сифатида унинг бирор манбага шарҳ эмас, аксинча мустақил матн экани, калом илмига оид манба сифатида Мовароуннаҳр ҳамда мотуридия таълимоти кенг тарқалган ҳудудларда юксак эътироф этилгани, тили содда, баёни осон, ҳажми мухтасар бўлгани боис ХИИ асрдан то бугунги кунгача мадрасаларда калом фани бўйича муҳим қўлланма вазифасини бажариб келаётгани тўғрисидаги илмий хулосалардан буюртма асосида “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” ҳамда “Буюк юрт алломалари” туркум кўрсатуви ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2023-йил 19-майдаги 02-31-788-сон маълумотномаси). Натижада, фуқароларнинг аждодлар илмий меросига доир янги илмий маълумотлар билан танишиши, тарихий билимларининг ошиши ва уларда миллий ғурур туйғусининг мустаҳкамланишига асос бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish