Sayt test rejimida ishlamoqda

Акбаралиев Исломбек Рахимбердиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ёнғоқ (Juglans regia L.) навларининг хўжалик-биологик хусусиятларини ўрганиш ҳамда кўчат yeтиштиришда ўғитларнинг таъсири”, 06.01.07 – Мевачилик ва узумчилик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Qx733
Илмий раҳбар: Исламов Сохиб Яхшибекович, қишлоқ хоъжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx.13.04
Расмий оппонентлар: Султонов Комолитдин Садриддинович, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Жўраев Эркин Бахтиёрович, қишлоқ хўжалик фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади грек ёнғоғи навларининг хўжалик-биологик хусусиятларини тадқиқ этиш, истиқболли навларни танлаш ҳамда стандарт кўчат тайёрлашда мақбул ўғитлаш меъёрларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг тоғ ва тоғолди минтақалари шароитида грек ёнғоғини 16 та навларининг хўжалик-биологик белгилари асосида серҳосил Казахстанский, Панфиловец ва Мирный навлари ажратиб олинган;
грек ёнғоғининг йирик мевали – Пионер навида (48,5×38,1 мм), Казахстанский (47,8×37,3 мм) ва Родина (46,1×36,9 мм), юпқа пўчоқли – Узбекский скороплодный (1,0-1,1 мм), мағзи серёғли – Казахстанский (72,3 %) ва Узбекский скороплодный (72,6 %), юқори қандли – Идеал (4,6 %), Узбекский скороплодный (4,6 %) ва Пионер (4,5 %) ҳамда касалликларга чидамли Казахстанский, Истиқлол ва Гибридный навлари аниқланган;
тоғли ва тоғолди ҳудудларда грек ёнғоғининг Казахстанский навидан 18,6 с/га, Панфиловес навидан 19,2 с/га ва Мирный навидан 19,4 с/га ҳамда саноат плантатсияларида – Узбекский скороплодный навидан 16,6 с/га ҳосил олишга эришилган;
стандарт грек ёнғоғи кўчатларини етиштиришда Н60П30К15 кг (соф ҳолда) ва 10 тонна маҳаллий ўғит қўллаш мақбул меъёр эканлиги илмий асосланган;
ёнғоқ навлари кўчатларини пайвандлаб кўпайтиришда мақбул муддатлар искана усулида – 10-март, пўстлоқ тагига қаламча усулида – 30-апрел ҳамда халқасимон куртак усулида – 10-август эканлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ёнғоқ (Juglans regia L.) навларининг хўжалик-биологик хусусиятларини ўрганиш ҳамда кўчат етиштиришда ўғитларнинг таъсири бўйича тадқиқотлар натижасида:
«Ёнғоқ (Juglans regia L.) навларининг хўжалик-биологик хусусиятлари ҳамда кўчат етиштириш технологияси бўйича тавсиянома» тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 6-сентябрдаги 07/33-04/6267-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиялар бугунги кунда саноат плантатсияларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа эгалари экин майдонларида грек ёнғоғини етиштириш ва ундан юқори ҳосил олишда қўлланма сифатида фойдаланилмоқда;
танлаб олинган грек ёнғоқнинг серҳосил “Идеал”, «Бостандыкский», «Родина Гроздевидный», «Тонкоскорлупный» навлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Эргаш Махкам Хусниддин” фермер хўжалигининг 0,5 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 6-сентябрдаги 07/33-04/6267-сон маълумотномаси). Натижада ёнғоқнинг Идеал нави мевасининг йириклиги, ёғлилиги ҳамда қандлилиги энг юқори (12,3 г; 69,7%; 3,9%) бўлиб, гектаридан иқтисодий самарадорлик 117,4 % ва даромад 17386,5 минг сўмни ташкил қилган.
грек ёнғоғи кўчатларини етиштириш ишланмаси Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Жабборов А” фермер хўжалигининг 0,30 гектар майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 6-сентябрдаги 07/33-04/6267-сон маълумотномаси). Натижада, грек ёнғоғи кўчатини Н60П30К15 кг/га + 10 т маҳаллий ўғит қўллашда сандарт кўчатларни чиқиши 89,5 % ёки гектаридан даромад 92000 минг сўмни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish