Хожиев Кучкор Мамадиёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертасияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ер ҳисобини юритиш услубиятини такомиллаштириш (Тошкент вилояти мисолида)”, 06.01.10-Ер тузиш, кадастр ва ер мониторинги (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Qx868
Илмий раҳбар: Бабажанов Аллаберган Рузимович, иқтисод фанлари номзоди, доцент.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: «Ўздаверлойиҳа» давлат-илмий лойиҳалаш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01
Расмий оппонентлар: Қурвантоев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Хўжакелдиев Комил Носирович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ер ҳисобини юритиш бўйича мавжуд ҳолатларни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш асосида уни юритиш услубиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ер фонди тоифаларидан фойдаланиш мақсади ва хусусиятларига кўра уларни таркибий жиҳатдан мақбуллаштириш, шунингдек, илк бор, ер фонди тоифаларининг таркибий қисмини ташкил этувчи ер турларига ҳуқуқий мақом бериш бўйича ер турларининг тавсифланиши асосланган;
бутунжаҳон координаталар тизими (WГС-84) га боғлаган ҳолда туманларнинг маъмурий чегарасидаги туманга бўйсунувчи шаҳар, шаҳарча, қишлоқ (овул)лар ҳудудлари бўйича ер ҳисобини юритиш асосланган;
қайтадан ёки янгидан ўзлаштирилган ерларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида ер турларини трансформатсия қилиш механизми ишлаб чиқилган;
ер ҳисобини юритишда муҳим аҳамият касб этувчи ер майдонларини хатловдан ўтказиш натижаларини ер балансига олишнинг тизими яратилган, шунингдек, ер ҳисобини юритиш билан боғлиқ амалдаги ер баланси таркибидаги шаклларни такомиллаштириш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўтказилган илмий тадқиқотлар ва изланишлар натижасида ер ҳисобини юритиш услубиятини такомиллаштириш (Тошкент вилояти мисолида) бўйича олинган натижалар асосида:
қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга қабул қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига мувофиқ қабул қилинадиган вилоят ҳокимининг тегишли қарори асосида амалга ошириш тизими жорий қилинган ҳамда қарор қабул қилингандан сўнг қайта фойдаланишга киритилган ерларнинг ҳисобини ер турлари бўйича юритиш ишларига киришилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг
2022-йил 30-декабрдаги 04/28-28-9956-сонли маълумотномаси). Натижада вилоят бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг, жумладан, суғориладиган экин ерларининг аниқ ҳисобини юритиш имкони вужудга келган ва суғориладиган ерлар муҳофазаси таъминланган;
қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифаси суғориладиган, шартли суғориладиган ва лалмикор ерларга гуруҳланиб, экинларнинг ҳосилдорлигини белгилаш ишларига киришилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022-йил 30-декабрдаги 04/28-28-9956-сонли маълумотномаси). Натижада қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг суғориладиган, шартли суғориладиган ва лалмикор ерларга табақаланиши бўйича ер ҳисобининг шаклланишига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини ҳамда ер солиғи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш имкони яратилган;
ер фондининг “Захира ерлар” тоифаси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси янги таҳрири лойиҳаси 6-моддасидан чиқарилган, шунингдек, “Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреатсия мақсадларига мўлжалланган ерлар” тоифаси билан “Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар” тоифаси бирлаштирилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2022-йил 26-декабрдаги 10/2-сонли маълумотномаси). Натижада ер фонди тоифалари сони амалдаги 8 тадан 6 тага келтирилиб, ер фонди тоифалари бўйича ер балансининг соддалаштирилишига олиб келади;
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси янги таҳрири лойиҳаси
8-моддасида ер турларига ҳуқуқий мақом берилиб, уларнинг номланиши таърифланган. Шунингдек, Ер кодексининг янги таҳрири лойиҳаси 9-моддасида ер турларини бир турдан бошқасига ўтказиш нормаси ёритиб берилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2022-йил 26-декабрдаги 10/2-сонли маълумотномаси). Натижада ер турларига мақом бериш ва тавсифланиши бўйича ҳуқуқий асос яратилган;
янгидан ўзлаштирилган ерлар вилоят ҳокимининг тегишли қарори асосида фойдаланишга қабул қилинмоқда ва мазкур қарорга мувофиқ бундан буён янгидан ўзлаштирилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг тегишли тури ҳисобга олиниб борилмоқда (Давлат кадастрлар палатасининг 2023-йил 12-январдаги 01-09/01-сонли маълумотномаси). Натижада вилоят бўйича янгидан ўзлаштирилган ерларнинг тегишли тури бўйича ер ҳисобини аниқ ва ҳаққоний юритиш имкони яратилган;
туман (шаҳар) ер баланси таркибига кирадиган ер баланси шаклларида “узумзорлар” ер тури қайта ишланган, ноқишлоқ эҳтиёжлари учун ер ажратиш билан боғлиқ 14 ива 18-шакллар мақбуллаштирилиб, ягона битта шакл кўринишга келтирилган, деҳқон хўжаликларининг ҳамда хусусийлаштирилган ер майдонларини ҳисобга олиш билан боғлиқ янги шакллар асосида ер ҳисобини юритишга киришилган. “Боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик уюшмаларининг ерлари” ер тури баланси шаклларидан чиқарилган ва улар ердан фойдаланувчи сифатида қабул қилинган (Давлат кадастрлар палатасининг 2023-йил 12-январдаги 01-09/01-сонли маълумотномаси). Натижада ер баланси шакллари такомиллаштирилган, ер турларининг номланиши тартибга келтирилган, деҳқон хўжаликларининг ерларини ҳамда хусусийлаштирилган ер майдонларини ҳисобга олиш таъминланган;
ер майдонларида ўтказилган хатлов жараёнида аниқланган ўзгаришлар, жумладан, ер қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилгандан кейин хатлов натижаларини ер балансига олишнинг тизими жорий этилган. (Давлат кадастрлар палатасининг 2023-йил 12-январдаги 01-09/01-сонли маълумотномаси). Натижада туман (шаҳар)лар бўйича ўтказилган хатлов натижаларини ер балансига қабул қилиш механизми яратилган.