Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуллаева Дилбар Убайдуллаевнанинг
фан  доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбек оилаларида она ва бола муносабатларининг ижтимоий-психологик асослари», 19.00.05 – Ижтимоий психология. Этнопсихология (психология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.DSc/P457.
Илмий маслаҳатчи: Нишанова Замира Таскараевна, психология фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат педагогика университети, PhD.03/30.12.2021.P.26.02.
Расмий оппонентлар: Қодиров Умарали Дўстқобилович, психология фанлари доктори (ДСc), профессор; Баротов Шариф Рамазонович, психология фанлари доктори, профессор; Исакова Муъазам Тулкиновна, психология фанлари доктори (ДСc).
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек оиласида она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларга хос хусусиятларни белгилаб берувчи ижтимоий-психологик омилларни аҳамиятли йўналишда конструктив ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек оиласидаги онанинг фарзанд билан бўлган муносабатларида турли категориядаги (оналарнинг маълумот даражаси, фаолият тури, турмуш қуриш ёши ҳамда болаларнинг ёш, жинс, этник мансублиги билан боғлиқ) омиллар комбинацион таъсир кўрсатиши оқибатида юзага келадиган дифференциал психологик хилма-хиллик йўналишлари аниқлаштирилган;
боланинг она билан бўлган муносабатлари унда ўзига хос коммуникатив установкаларни, ижтимоий персепсия жараёнларида тегишли селективликни ҳамда гуруҳий фаворитизмни тушунишдаги индивидуалликни шакллантириши туфайли гуруҳни идрок этиш типи (индивидуалистик, коллективистик, прагматик тип)ни белгилаши ва шу орқали унинг оиладан ташқаридаги ижтимоийлашувига сезиларли таъсир кўрсатиши далилланган;
она-бола муносабатлари тизимининг шахс рефлексивлик соҳаси билан боғлиқ хусусиятлар (онанинг «Мен-консепсияси»да «Мен» ва «Идеал-она» ҳақидаги тасаввурларига хос хусусиятлар) ўзаро таъсирлашувда ижобий қизиқиш, директивлик, душманлик, автономлик, беқарорлик каби устувор стратегияларнинг айримларини катализациялаши, бошқаларини ингибиция қилиши ҳисобига мулоқот жараёнига конструктив ёки деструктив тус бериши аниқланган;
ўзбек оиласида онанинг фарзандга муносабатида ҳиссий қабул қилиш ёки қилмаслик, кооперация, симбиоз, авторитаризм, инфантилизация сингари ёндашувларнинг қайсилари устуворлиги болаларда намоён бўладиган оилавий ҳаётда айбдорлик кайфияти, хавотир ҳисси, асабий тажанглик даражасининг векторини ҳосил қилиш орқали ўзаро муносабат модаллиги (эмоционал йўналиши)ни белгилаб бериши эмпирик исботланган;
оилавий муносабатлар тизимида ўсмирларда индивидуал ва ижтимоий рефлекция, идентификация, проексия ва боланинг келажакдаги соғлом оилавий ҳаёти имажинацияси механизмларини коррексион-ривожлантирувчи ёндашув асосида фаоллаштириш орқали конструктив мулоқот моделини рўёбга чиқариш ҳисобига оиланинг барча аъзоларига нисбатан боланинг ижобий установкаларини кучайтириш методикаси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек оиласида она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларга хос хусусиятларни белгилаб берувчи ижтимоий-психологик омилларни комплекс тадқиқ этиш асосида:
ўзбек оиласида онанинг фарзанд билан бўлган муносабатларида турли категориядаги (оналарнинг демографик кўрсаткичлари, болаларнинг ёш, жинс, этник мансублиги билан боғлиқ) омиллар комбинацион таъсир кўрсатиши оқибатида юзага келадиган дифференциал психологик хилма-хиллик йўналишлари ҳақидаги маълумотлар Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 21-июндаги ПМ-25-сонли буйруғига асосан «Оила психологияси» модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 30-июндаги ПМ-25-м сон маълумотномаси). Ушбу маълумотлар касбий тайёргарлик жараёнига жалб этилиши натижасида бўлғуси амалий психолог мутахассисларнинг оилага миллий-маданий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда психологик ёрдам кўрсатиш компетентлигини оширишга эришилган;
она билан бўлган муносабатлар боланинг оиладан ташқаридаги ижтимоийлашуви жараёнига таъсир механизми, жумладан, унинг ижтимоий персепсия жараёнида гуруҳни идрок этиш типологияси (индивидуалистик, коллективистик, прагматик типлар)даги устувор йўналиш шаклланишидаги роли билан боғлиқ бўлишини кўрсатувчи илмий далиллар Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 21-июндаги ПМ-25-сонли буйруғига асосан «Ижтимоий психология» модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 30-июндаги ПМ-25-м сон маълумотномаси). Мазкур илмий далиллар асосида ўқув материаллари мазмуни бойитилиши бўлғуси педагог-психолог мутахассисларнинг кичик гуруҳлардаги динамик жараёнларни ижтимоий-психологик жиҳатдан изоҳлашда илмий таҳлил салоҳиятини оширишга эришилган;
она-бола муносабатлари тизимида устувор бўлган ёндашувлар (ижобий қизиқиш, директивлик, душманлик, автономлик, беқарорлик хусусиятлари)ни белгилаб берувчи когнитив омиллардан бири томонларнинг ўзаро муносабат ҳақидаги тасаввурларида мавжуд мутаносибликдан иборатлигини акс эттирувчи кўрсаткичлар Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 21-июндаги ПМ-25-сонли буйруғига асосан «Психодиагностика» модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 30-июндаги ПМ-25-м сон маълумотномаси). Мазкур маълумотларнинг илмий-педагогик жараёнга татбиқ этилиши натижасида ижтимоий психология йўналишидаги  тадқиқотчиларда шахсни илмий ўрганиш, унинг муносабатлари тизимини холис тавсифлаш имкониятлари оширилган;
ўзбек оиласида она-фарзанд муносабатларига хос хусусиятлар қандай вектор бўйича ривожланиши улардаги салбий оилавий эмоционал ҳолатлар (оилавий ҳаётда айбдорлик ҳисси, оилавий ҳаётда хавотир ҳисси, оилавий ҳаётда асабий тажанглик)ни катализацияловчи (тобора кучайиб боришига олиб келувчи) ёки ингибицияловчи (кескин салбий тус олишига тўсқинлик қилувчи) омил сифатида хизмат қилишини кўрсатувчи натижалар Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 21-июндаги ПМ-25-сонли буйруғига асосан «Оила психологияси» модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 30-июндаги ПМ-25-м сон маълумотномаси). Натижада бўлгуси педагог-психологларнинг оила билан бевосита ишловчи ижтимоий институтлар вакилларига психологик-маърифий ёрдам кўрсатиш имкониятлари яратилган;
оилавий муносабатлар тизимида ўсмир болаларда индивидуал ва ижтимоий рефлекция, идентификация, проексия ва боланинг келажакдаги соғлом оилавий ҳаёти имажинацияси механизмларини коррексион-ривожлантирувчи ёндашув асосида фаоллаштириш орқали конструктив мулоқот моделини рўёбга чиқариш ҳисобига оиланинг барча аъзоларига нисбатан боланинг ижобий установкаларини кучайтириш методикасини такомиллаштиришга қаратилган амалий тавсия ва ишланмалар Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 21-июндаги ПМ-25-сонли буйруғига асосан «Психологик маслаҳат ва психокоррексия» модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги «Психология» ўқув-илмий марказининг 2023-йил 30-июндаги ПМ-25-м сон маълумотномаси). Натижада бўлажак амалиётчи психологларда уларнинг ота-она ва бола муносабатлари коррексияси ҳамда оилага психологик маслаҳат бериш борасидаги тадбиқий ҳамда услубий тайёргарлиги такомиллаштирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish