Sayt test rejimida ishlamoqda

Қаршиев Алишер Эшмаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертасияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қашқадарё вилояти лалмикор шароитида янги қаттиқ буғдой навларининг дон ҳосилдорлигига экиш муддати ва меъёрларининг таъсири”, 06.01.08-Ўсимлишунослик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/Qx574
Илмий раҳбар: Бобомирзаев Пирназар Хурсанович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01
Расмий оппонентлар: Атабаева Халима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бозоров Холмурод Махмудович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Лалмикор деҳқончилик-илмий тадқиқот институти.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё вилоятининг лалмикор қир-адирлик (текислик-адирлик) минтақаси типик бўз тупроқлари шароитида янги қаттиқ буғдой навларидан иқтисодий самарали ва юқори дон ҳосили етиштириш учун мақбул экиш муддати ва меъёрларини аниқлаш ҳамда ишлаб чиқаришга тавсиялар беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор қаттиқ буғдой янги навларини экиш муддатлари ва меъёрлари Қашқадарё вилоятининг лалмикор қир-адирлик (текислик-адирлик) минтақаси типик бўз тупроқлари шароитида мақбуллаштирилган;
лалмикорликда қаттик буғдойнинг иқтисодий жиҳатдан самарали мақбул экиш муддатлари ва меъёрларида ўсимликнинг дала унувчанлиги, маҳсулдор ва умумий тупланиш, ўсимликларнинг қишга ва ётиб қолишга чидамлилиги қиёсий жиҳатдан аниқланган;
қаттиқ буғдойни 21 октябрда гектарига 2,5 млн.унувчан уруғ экилганда ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилиши боис энг юқори маҳсулдор тупланиш 2,08 дона ва 1 м2 даги маҳсулдор поялар 218,8 дона шаклланиши аниқланган;
қаттиқ буғдой  навларини 21 октябрда экилганда ўсимликларнинг униб чиқиши, ўсиши ва ривожланиши учун мақбул шароит яратилиши ҳисобига назорат вариантига нисбатан қишга чидамлилиги 3,1-4,2 %, яшовчанлиги (ўсимликларнинг ҳосилни йиғиштиришгача сақланиши) 3,8-4,1 %, 1 м2 даги маҳсулдор поялар сони 19,5-21,5 дона, 1000 дона дон массаси 1,4-2,2 г ва ҳосилдорлик 2,8-3,4 с/га юқори бўлиши аниқланган;
экиш муддати 1 октябр (назорат)дан кечикиши ва экиш меъёрини 2,0 (назорат) млн. дан 3,5 млн. унувчан уруғгача ошириб бориш билан ер устки (11,6-15,9 г) ва илдиз тизими массасини (71,4-109,1 г) пасайиши аниқланган;
қаттиқ буғдойнинг ассимилятсион юзаси баҳорги тупланиш даврида 1 октябр (назорат) вариантида гектарига 2,5 млн унувчан уруғ экилганда 13,1 минг м2/га, 21 октябрда 14,7 минг м2/га, 11 ноябрда 6,5 минг м2/га, 1 декабрда 5,3 минг м2/га ни ташкил этганлиги ва ФП, ФСМ, қуруқ модда тўпланишига экиш муддати ва меъёрларининг таъсири аниқланган;
қаттиқ буғдойнинг Жавохир, Мингчинор, Лангар ва Ёқут-2014 навларини 21 октябр муддатида гектарига 2,5 млн.дона унувчан уруғ ҳисобида экиб парваришлаш иқтисодий жиҳатдан юқори рентабелли (46,5-65,0%) бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё вилоятининг лалмикор қир-адирлик (текислик-адирлик) минтақаси типик бўз тупроқлари шароитида янги қаттиқ буғдой навларининг дон ҳосилдорлигига экиш муддати ва меъёрларининг таъсири бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Қашқадарё вилоятининг лалмикорликни қир-адирлик минтақаси шароитида деҳқон ва фермер хўжаликлари учун “Қашқадарё вилояти лалмикорлик шароитида янги қаттиқ буғдой навларини етиштиришда экиш муддати ва меъёрлари” номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 8 сентябрдаги №07/23-04/6363-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг фермер хўжаликлари ва агрокластерларига қаттиқ буғдойдан юқори ҳосил олишда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
қаттиқ буғдойни Қашқадарё вилоятининг лалмикор қир-адирлик минтақаси шароити учун Жавохир, Мингчинор, Лангар ва Ёқут-2014 навларини етиштириш технологияси Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Қамаши, Кўкдала туманлари фермер хўжаликларида жами 195,8 га майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 8 сентябрдаги №07/23-04/6363-сон маълумотномаси). Натижада, мақбул экиш муддати ва меъёрида қўлланилган ва иқтисодий жиҳатдан қулай бўлган экиш муддатлари ва меъёрларда ўстирилиши натижасида гектаридан 2,2-3,1 с қўшимча дон ҳосили олинган;
Қашқадарё вилоятининг лалмикорликнинг қир-адирлик минтақаси шароитида қаттиқ буғдойнинг Мингчинор навини октябр ойининг учинчи ўн кунлигида гектарига 2,5 млн унувчан уруғни типик бўз тупроқларида, ўтмишдош сифатида тоза шудгор бўлган далаларга экиш бўйича қўллаш технологияси 195,8 га майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 8 сентябрдаги №07/23-04/6363-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур технологияни жорий қилиш ҳисобига хўжаликларда ўртача 18,6 с/га дон ҳосили олиниб гектаридан 1 млн. 495 минг сўм шартли соф фойда ва 65,0 % рентабелликка эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish