Sayt test rejimida ishlamoqda

Жалолова Мадина Шопўлат қизи
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Транспорт тизимини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштириш» мавзусидаги, 08.00.03 – “Саноат иқтисодиёти” ихтисослиги бўйича (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/Iqt1398.
Илмий раҳбар: Захидов Ғофуржон Эркинович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc. 03/30.07.2022.I.16.05 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Карриева Якутхон Каримовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Саломова Сарвиноз Саломовна, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа  доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иқтисодиётни либераллаштириш шароитида транспорт тизимини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
услубий ёндашувга кўра транспорт тизими ва транспорт инфратузилмасини ўз ичига олган “транспорт комплекси” таснифи асосида транспорт тизимининг мамлакат иқтисодий  ривожланишга таъсири омиллари ва натижалари ҳамда асосий шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда давлат томонидан тартибга солишнинг ташкилий-иқтисодий механизми такомиллаштирилган;
транспорт хизматлари сифатини базавий ва эксперт маълумотларига кўра баҳолаш услуби иккита кўпбурчак майдонларини солиштириш ва транспорт хизматларини кўрсатишнинг сифат гуруҳлари даражалари бўйича эксперт баҳоларидан фойдаланиш асосида такомиллаштирилган;
темир йўл транспорти фаолиятининг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини берувчи тизим мулкий мажмуаси асосий таркибий қисмлари ўртасидаги меъёрий нисбатлар (асосий фондлар ва айланма маблағлар [70-80% / 20-30%]; ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш [90-98% / 2-10%]; айланма ва муомала фондлари [50-65% / 50-35%] ва ҳ.к.)нинг мақбул қийматлари асосланган;
Ўзбекистонда транспорт тизимининг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштириш бўйича мақсадли вазифалар асосида 2027 йилга қадар прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Транспорт тизимини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштириш юзасидан олинган илмий хулосалар асосида:
услубий ёндашувга кўра транспорт тизими ва транспорт инфратузилмасини ўз ичига олган “транспорт комплекси” таснифи асосида транспорт тизимининг мамлакат иқтисодий  ривожланишга таъсири омиллари ва натижалари ҳамда асосий шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда давлат томонидан тартибга солишнинг такомиллаштирилган ташкилий-иқтисодий механизми олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган “Маҳаллий салоҳият ва иқтисодий ривожланиш сиёсати” номли ўқув қўлланмани тайёрлашда фойдаланилган (Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2022 йил 24 октябрдаги 328-сонли буйруғи). Мазкур транспорт тизимини давлат томонидан тартибга солишнинг такомиллаштирилган ташкилий-иқтисодий механизмининг олий ўқув юртлари талабалари учун такомиллаштирилган ҳолда ўқув қўлланмага киритилиши натижасида талаба ва мутахассисларнинг транспорт тизими ва транспорт инфратузилмаси фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги билим ва кўникмаларини кенгайтириш имкони яратилган; 
транспорт хизматлари сифатини базавий ва эксперт маълумотларига кўра баҳолаш услубининг иккита кўпбурчак майдонларини солиштириш ва транспорт хизматларини кўрсатишнинг сифат гуруҳлари даражалари бўйича эксперт баҳоларидан фойдаланиш асосида такомиллаштирилган вариантини қўллаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги таркибига кирувчи корхоналар томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2023-йил 8-июндаги 4-1/3900-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида тармоқ корхоналари фаолиятида белгиланган (0-1) шкалага кўра баҳоланганда 0,55 бирликка тенглигини аниқланган ҳамда корхонанинг инновацион ривожланиш йўналишларини белгилаш имкони яратилган; 
темир йўл транспорти фаолиятининг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини берувчи тизим мулкий мажмуаси асосий таркибий қисмлари ўртасидаги меъёрий нисбатлар (асосий фондлар ва айланма маблағлар [70-80% / 20-30%]; ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш [90-98% / 2-10%]; айланма ва муомала фондлари [50-65% / 50-35%] ва ҳ.к.)нинг мақбул қийматларидан фойдаланиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги таркибига кирувчи корхоналар томонидан амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2023-йил 8-июндаги 4-1/3900-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этиш натижасида темир йўл транспорт тизимининг ривожланиш консепсияларини ишлаб чиқиш, истеъмолчилари билан фаолиятларини самарали ташкил этиш, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш, логистика хизматлари провайдерларининг рақобатбардошлигини ошириш, шу билан биргаликда темир йўл транспорт тизими фаолияти самарадорлигини ошириш имкони яратилган;
Ўзбекистонда транспорт тизимининг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштириш бўйича мақсадли вазифалар асосида 2027-йилга қадар ишлаб чиқилган прогноз кўрсаткичларидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги таркибига кирувчи корхоналар томонидан амалиётда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2023-йил 8-июндаги 4-1/3900-сонли маълумотномаси). Мазкур прогноз кўрсаткичларидан фойдаланиш натижасида ўрта муддатли истиқболда транспорт хизматлари кўрсатиш ҳажми ҳамда асосий параметлари аниқлаштирилиб, жумладан товарларни транспорт воситалари орқали манзилга етказиб бериш вақти 25 фоизга қисқариши ва ривожланиш даражаси 15 фоизга ошиши ўз тасдиғини топган.


  

Yangiliklarga obuna bo‘lish