Sayt test rejimida ishlamoqda

Обидов Толибжон Авазхоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Айблов ҳукмининг қарор қисмига қўйилган талаблар”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика. Тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси ихтисослиги (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Yu768. 
Илмий раҳбар: Тўлаганова Гулчеҳра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: Суюнова Дилбар Жолдасбаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади жиноят процессида айблов ҳукмининг қарор қисмига нисбатан қўйилган талабларни реализация механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда судланувчининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ тиклашга оид умумназарий қоидалар, шунингдек жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
судланувчи жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланганда оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши лозимлигига оид қоидани қонунчиликка киритиш зарурати асосланган;
судланувчига нисбатан у айбли деб топилган ҳар бир жинояти учун алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинланиши шартлиги тўгʻрисидаги талаблар, судланувчига нисбатан асосий жазо билан бирга қўшимча жазо тайинлаш тартибига тааллуқли эканлиги тўгʻрисидаги тартибни белгилаш зарурлиги асосланган;
жиноят иши бўйича келтирилган даъво аризаси юзасидан уни батафсил ҳисоблаш имкони бўлмаганда суд фуқаровий даъвогарга фуқаровий даъво талабларини қаноатлантириш талаби билан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини қолдириши масаласи ҳукмнинг қарор қисмида ҳал қилиниши зарурлиги асосланган;
мол-мулкнинг хатланганлиги бекор қилинганда гаров реестридан мол-мулкни хатлаш тўгʻрисидаги ёзувни чиқариш лозимлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Жиноят процессида айблов ҳукмининг қарор қисмини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилишига оид таклифдан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддаси 2-қисмини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2022-йил 28-декабрдаги 
04/2-09/6214-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор бўлмаганда жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортишни кафолатлашга хизмат қилган;
айблов ҳукмининг қарор қисмида, яʼни ЖПК 468-моддасида белгилаб қўйилган тартибга кўра, судланувчига нисбатан у айбли деб топилган ҳар бир жинояти учун алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинланиши шартлиги тўгʻрисидаги талаблар, судланувчига нисбатан асосий жазо билан бирга қўшимча жазога тайинлаш тартибига тааллуқли эканлиги тўгʻрисидаги тартибни белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқлиги тўгʻрисидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси Республикаси Олий суди Пленумининг 2006-йил 3-февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўгʻрисида”ги 1-сонли қарорининг 46 ва 50-бандларини шакллантиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2022-йил 16-ноябр 08/769-22-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий қилиниши судланувчига нисбатан у айбли деб топилган ҳар бир жинояти учун алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинланиши шартлиги талабларини асосий жазо билан бирга қўшимча жазога тайинлаш тартибига ҳам тааллуқли эканлигини таъминлашга хизмат қилган;
жиноят иши бўйича келтирилган даъво аризаси юзасидан суд муҳокамасини қолдирмасдан туриб, даъво аризасини батафсил ҳисоблаш имкони бўлмаган ҳолларда, суд фуқаровий даъвогарга фуқаровий даъво талабларини қаноатлантириш талаби билан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини қолдириши масаласи ҳукмнинг қарор қисмида ҳал қилиниши зарурлигига доир таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014-йил 23-майдаги “Суд ҳукми тўгʻрисида”ги 7-сонли қарорининг 10-бандини такомиллаштиришда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2022-йил 16-ноябр 08/769-22-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши жиноят иши доирасида фуқаровий даъвони тўлиқ ҳисоблаш имкони бўлмаганда фуқаролик тартибида судга мурожаат қила олиш имкониятини яратишга хизмат қилган.
мол-мулкнинг хатланганлиги бекор қилинганда гаров реестридан мол-мулкни хатлаш тўгʻрисидаги ёзув чиқарилиши лозимлигига доир таклиф Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўгʻрисида”ги ЎРҚ–572-сонли Қонунининг 3-моддаси 2-бандини ишлаб чиқишда ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 295-моддасини такомиллаштиришда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2023-йил 16-феврал 06-13/17-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши мол мулкни хатлаш бекор қилинганда уни ўз эгасига қайтариб берилишини ўз вақтида амалга оширишни таъминлашга хизмат қилган.
 

Yangiliklarga obuna bo‘lish