Sayt test rejimida ishlamoqda

Тошпулатов Акром Икромовичнинг
докторлик диссертация (DSc) ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: Жиноят-ҳуқуқий принциплар: назария ва амалиёт, 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.DSc/Yu227.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Абдурасулова Қумринисо Раимқуловна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: Кабулов Рустам Кабулович, юридик фанлар доктори, профессор; Расулев Абдулазиз Каримович, юридик фанлар доктори, профессор; Абдуқодиров Шерзод Ёқубжонович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади жиноят-ҳуқуқий принциплар моҳиятини комплекс тадқиқ қилиш асосида ушбу принципларнинг қонун ижодкорлиги жараёни ва суд амалиётида қўллашда мавжуд бўлган муаммоларни аниқлаш ҳамда жиноят ҳуқуқи назарияси ва жиноят қонунчилигини такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят қонунини ўхшашлик бўйича қўллаш мумкин эмаслигини қонунда белгилаш зарурлиги исботланган;
жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи мазмунига мос эмаслиги, жиноий жавобгарликдан озод қилиш масаласини принцип сифатида қонунчиликда акс эттирилиши зарурлиги асосланган;
жисмоний ва руҳий мажбурлаш туфайли жиноят содир қилиш қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолат сифатида баҳоланиши кераклиги исботланган;
жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш лозимлиги асослантирилган;
жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш учун қонунда ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш зарурлиги асосланган;
қилмишнинг жиноийлиги фақат ЖКда белгиланиши ҳақидаги қоидага мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари аналогларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланиши зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар қуйидагиларда фойдаланилган: 
жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш оқибатида содир этишни қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар қаторига киритиш бўйича таклиф 2018-йил 9-январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–459-сон Қонуннинг 
2-моддаси 3-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021-йил 17-декабрдаги 06/1-05/12-2171-сон маълумотномаси). Мазкур норма одиллик ва айб учун жавобгарлик принципларини амалда тўғри қўллашга, яъни шахсга боғлиқ бўлмаган вазиятда жиноят содир этганлик учун жиноий жавобгарлик истисно қилинишига хизмат қилган;
жиноят қонунчилигидаги жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш ҳақидаги таклиф 2018-йил 20-июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–485-сон Қонуннинг 1-моддаси 1 ва 
2-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 
2021-йил 17-декабрдаги 06/1-05/12-2171-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф Жиноят кодексининг 64-моддасида белгиланган муддатларнинг қисқариши орқали инсонпарварлик принципини амалга оширишни кафолатли таъминлашга хизмат қилган;
ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун жавобгарликни такомиллаштириш ва ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилашга оид таклифлар 2017-йил 13-июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ–436-сон Қонуннинг 11-моддаси 1 ва 2-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021-йил 17-декабрдаги 06/1-05/12-2171-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги фақат жиноят қонуни билан белгиланиши ҳақидаги қонунийлик принципини амалга ошириш ҳамда ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёки унга ундаганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилган;
гиёҳвандлик воситаси ҳисобланмайдиган, аммо кишининг ақл идрокига таъсир қилувчи гиёвандлик воситалари аналоглари билан қонунга хилоф муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ҳақидаги таклиф 2018-йил 22-октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–503-сон Қонуннинг 1-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупсияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021-йил 17-декабрдаги 06/1-05/12-2171-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги фақат жиноят қонуни билан белгиланиши ҳақидаги қонунийлик принципини амалга ошириш ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилган;
жиноят қонунчилигидаги жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш институтларини жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи талабларига мослаштириш юзасидан таклифлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳисобга олинган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 
2022-йил 27-декабрдаги 27/2-362-22-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф жавобгарликдан озод қилиш институтининг жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига мослигини таъминлашга хизмат қилган.


 

Yangiliklarga obuna bo‘lish