Sayt test rejimida ishlamoqda

Тиллабаева Зилола Рахматиллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
    Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Самарқанд шаҳри ўзбек шеваларининг лексик хусусиятлари (қарлуқ лаҳжаси мисолида)”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/Fil1725.
Илмий раҳбар: Абдиев Муродқосим Болбекович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Муродова Нигора Қулиевна филология фанлари доктори, профессор; Аширбоев Самихон, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжаси лексикаси бўйича тўпланган фактик материаллар асосида луғавий бирликларнинг лексик-семантик хусусиятлари қиёсланиб, уларнинг бошқа ўзбек шевалари, ёзма ёдгорликлар тили матнига муносабатини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжасининг бошқа ўзбек шеваларидан фонетик, лексик жиҳатдан фарқ қилувчи маъно фарқламайдиган иккинчи даражали чўзиқлик ҳолати, олтита келишикнинг тўрт хил шаклда қўлланилиши, унли товусларнинг еттита бўлиши сингари хусусиятлари аниқланган;
мазкур ҳудуд  қарлуқ лаҳжаси лексик бирликларининг шакл ва маъно муносабатларига кўра турлари (омонимлар, синонимлар, антонимлар, паронимлар)нинг ўзбек адабий тилидан қарс, олус, ҳўққи, дўққи каби сўзларнинг фарқли маънолари борлиги очиб берилиб, ўзбек адабий тилининг ривожида Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжасига доир тўпланган фактик материаллар борлиги далилланган;
сўзлашув нутқига хос ўзбек ва тожик тиллари ўртасидаги билингвизм ҳодисаси ёритилган ва шеванинг лексик қатламлари аниқланиб, ўзбек адабий тилига қиёсланиб, иборалар, қўшма сўзлар, сўз бирикмаларининг ясалишига хизмат қилиши каби хусусиятлари очиб берилган;
Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжасининг Қашқадарё, Жиззах, Бухоро қарлуқ лаҳжасидаги сўзлардан шакл ва маъно жиҳатидан фарқланиши кўрсатилиб, шевадаги луғавий бирликлар ўн тўртта микрогуруҳларга бўлинганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжасининг лексикасини қиёсий-тавсифий тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Самарқанд шаҳри шеваларига доир сўзларнинг ясалиш усулларининг ўзига хослиги, Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжасини ўрганишга лингвомаданий ёндашув ёʻналиши олдинги ўринга қўйилганлиги ҳақидаги назарий хулосаларидан  2012-2016-йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г003 рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функсионал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2022-йил 7-октябрдаги 17.01/170-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг сўз ясалишининг ҳар бир тил ва шевада ўзгача намоён бўлиши ҳақидаги илмий қарашлар билан бойишига асос бўлган;
     Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжаси лексикасида учрайдиган халқ оғзаки ижодига хос жанрлар, яъни эркаламалар, овутмачоқлар ҳақидаги илмий-таҳлилий хулосалардан 2017-2020-йилларда бажарилган ФА-Ф1-005 “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2022-йил 7-октябрдаги 17.01/172-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг фолклоршунослик ва адабиётшунослик жанрларининг қардош тилларда учрайдиган халқ оғзаки ижодига хос илмий тушунчалар билан бойитилишига эришилган;
Самарқанд шаҳри қарлуқ лаҳжаси орқали матбуот, радио, телевидение таъсири натижасида юз бераётган луғавий ўзгаришлар шевалар луғат жамғармасида мавжуд бўлган сўзларни тўплаш сақлаб қолиш ва уларни адабий тилга киритиш заруратини келтириб чиқараётганлиги ҳақидаги асосли илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси қошидаги “Садоқат” ижодий тўгарагининг маҳорат дарсларида Назм ва наср Кенгаши томонидан ўтказилган ижодий семинарларда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2022-йил 26-августдаги 94-сон маълумотномаси). Натижада адабиёт ихлосмандларида ўзбек адабий тилининг шеваларига нисбатан фахрланиш ҳамда қизиқиш туйғусининг ошишига хизмат қилган.
диалектал шароитларда кишиларда мулоқот одобини шакллантиришга оид илмий хулоса ва тавсиялардан телерадиокомпаниянинг Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг “Кун мавзуси” лойиҳасида фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2022-йил 21-сентябрдаги 01-12/335-сон маълумотномаси). Натижада эшиттиришнинг мазмунан бой, қизиқарли ва жонли бўлишига эришилган.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish