Sayt test rejimida ishlamoqda

Камалова Нилуфархон Шахабиддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Камбағалликни қисқартириш Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ижтимоий ҳимоясининг устувор йўналиши сифатида», 22.00.02 – Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи (социология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/S112.
Илмий раҳбар: Рахимова Нигина Хайруллаевна, иқтисод фанлари доктори.
Диссертасия бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.20/30.12.2019.S.23.02.
Расмий оппонентлар: Матибаев Таспулат Болтабоевич, социология фанлари доктори, профессор; Сабирова Умида Фарходовна, социология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш сиёсати ва тизимини, унинг камбағалликни қисқартиришга қаратилган амалдаги дастур ва механизмларини мажмуавий таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижтимоий ҳимоянинг тузилмавий элементлари ҳамда институционал муассасалар ўртасида консенсусли мувозанатни ўрнатиш йўли билан аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва меҳнат фаолиятини рағбатлантиришни кучайтириш имкониятлари  асослантирилган;
минтақаларда камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича стратегик дастурларни янада ривожлантириш орқали ижтимоий табақаланишнинг олдини олиш асосида ҳаётий эҳтиёжлар қондирилиши социологик асослантирилган;
ҳаётда ўз йўлини топишга қийналган шахсларнинг маҳаллаларда социологик мониторингини олиб бориш йўли билан фаол фаолият субъектларига таълимни инвестициялаш, драйвер соҳаларга боғлаш, устоз-шогирдлик, лидерлик, оилавий тадбиркорликни интеграциялашнинг ижтимоий самарадорлиги эмпирик асосланган;
аҳоли орасидаги прокрастинация, боқимандалик, мақсадсизлик, ҳаракацизлик каби социал омиллар ечимига ибратли, обрўли одамлар иштирокида муҳокама қилиш, фокус-гуруҳлар ўтказиш, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш каби жамоавий таъсир механизмларини қўллашнинг афзаллиги  асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг шаклланиш жараёнини тадқиқ этишда олинган натижалар асосида:
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига тақдим этилган таклифлар “темир” дафтар, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари доирасида ижтимоий хизматларни ривожлантиришнинг асосий чора-тадбирларини белгилашга ёрдам берди. Тадқиқот маълумотларидан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби ва тизимини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқишда фойдаланилди (Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг 2022-йил 23-сентябрдаги 06/159-сон маълумотномаси). Ушбу чора-тадбирлар аёлларнинг оғир аҳволини ўрганиш жараёнига профессионал баҳолашни жорий этиш, мавжуд вазиятдан чиқиш йўлини режалаштиришнинг аниқ босқичларини белгилаш ва “аёллар” дафтаридан чиқиб, ўзини-ўзи таъминлашга эришган аёллар мониторингининг ахборот базасини яратишни ўз ичига олади;
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг илмий-тадқиқот фаолиятига жорий этилиши Ўзбекистон жамияти ижтимоий тузилмасини илмий таҳлил қилишга ва камбағалликнинг социологик таҳлилидан фойдаланиш истиқболларини аниқлашга хизмат қилди. Мамлакатдаги ижтимоий сиёсатни ўрганиш жараёнидан олинган таклиф ва тавсиялар асосида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг фаолиятига аҳолининг камбағал қатламларини баҳолаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда жорий этилди (“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг 2021-йил 31-августдаги 01-16/166-сон маълумотномаси);
давлат томонидан тақдим этилаётган ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимининг самарадорлигини баҳолаш, статистик маълумотлар сифатини яхшилаш ва очиқлигини таъминлаш, ижтимоий нафақалар тайинлаш ва уларнинг миқдорларини белгилаш мезонларини қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар ва миллий менталитет ҳамда аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиқиб, зарурий ижтимоий ҳимоянинг минимал даражасини белгилаш, аҳолининг кам даромадли қатламларини аниқлаш мезонларини қайта кўриб чиқиш, ижтимоий ҳимоянинг очиқ ва адолатли тизимини ташкил этишда фойдаланилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5634-сон Фармойиши ва Ўзбекистон Республикаси аҳолисини 2030-йилгача ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини ишлаб чиқишда ёрдам берилди (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021-йил 25-октябрдаги 05/24-01-37/1743-сон маълумотномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish