Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахтамова Мунира Туйчиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) Диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация  мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Турли технологияларда ўстирилган голштин зотли биринчи туғим сигирларининг сут маҳсулдорлиги”, 06.02.03-Хусусий зоотехния. Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация  мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Qx1043
Илмий раҳбар: Амиров Шавкат Кузибаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Диссертация  бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медитсинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, PhD05/30.12.2019.Qx.75.01.
Расмий оппонентлар: Турганбаев Рузимбай Уразбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Хужамов Журабек Наимович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация  йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади подани тўлдириш учун мўлжалланган голштин зотли урғочи таналарни ўстиришда озуқавий қўшимчалардан фойдаланиш, ғунажинлар елинини массаж қилиш орқали уларни лактатсияга тайёрлаш ёʻли билан юқори сут маҳсулдорлигига эга бўлган, саноат технологиясига яхши мослашган сигирлар гуруҳларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё воҳаси шароитида подани тўлдириш учун мўлжалланган гошлтин зотли таналарни ўстиришда “Имнамак” озуқавий қўшимчасидан фойдаланиш натижасида таналарнинг ўсиш кўрсаткичлари юқори бўлиб, 18 ойликдаги тирик вазни 337,2 кг ни ташкил қилиши ва назорат гуруҳига нисбатан 16,5 кг (5,1%) га юқори бўлиши аниқланган;
таналарни биринчи уруғлантиришдан оталаниш даражаси “Имнамак” озуқавий қўшимчаси берилган қорамолларда уруғланиш индекси назоратга нисбатан 7,9-12,1% устун, сервис-даври 83 кунни ташкил қилиб, 7,6-9,8% га қисқарганлиги аниқланган;
ғунажинлар елинини бўғозлигининг 7-8-ойларида фаол массаж қилиш елиннинг морфофунксионал хусусиятларига ижобий таъсир кўрсатиши, елиннинг шартли ҳажми 249,0 см3 ёки 8,6% га каттароқ бўлиши, сут бериш тезлиги 1,49 кг/дақиқани ташкил қилиши аниқланган;
ратсионига “Имнамак” озуқавий қўшимчаси киритиб ўстирилган ва елини бўғозлигининг 7-8-ойларида фаол массаж қилинган биринчи туғим ёшидаги сигирларда сут маҳсулдорлигининг 5,6% га ошиши  аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Турли технологияларда ўстирилган голштин зотли биринчи туғим сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ўрганиш бўйича  олиб борилган тадқиқотлар асосида:
подани тўлдирувчи таналарни ўстиришда “Имнамак” озуқавий қўшимчасидан  фойдаланиш ва ғунажинлар елинини массаж қилиш технологияси Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Карпат-ола чашмаси” фермер хўжалигида жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2023 йил 28 апрелдаги 02/23-171-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида сут ишлаб чиқаришдан олинган соф фойда “Имнамак” препарати қабул қилган сигирларда назорат гуруҳига нисбатан 545,9 минг сўмга, елини массаж қилинган сигирларда эса 1134,4 минг сўм кўпроқни ташкил қилган, сут ишлаб чиқаришнинг рентабеллик даражаси 3,4-7,6% га ошган;
“Имнамак” озуқавий қўшимчасидан ёш қорамолларни ўстиришда фойдаланиш ва ғунажинлар елинини фаол массаж қилиш усуллари Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги  “Ҳумо - Р” фермер хўжалигида жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2023 йил 28 апрелдаги 02/23-171-сон маълумотномаси). Натижада сигирларнинг сут маҳсулдорлигининг ошиши ҳисобига ҳар бир бош ҳисобига 478300 сўм қўшимча соф фойда олишга эришилган, рентабеллик даражаси 6,8% га ошган;
сигирлар подасини  тўлдириш учун қолдирилган таналар ратсионида “Имнамак” озуқавий қўшимчасидан фойдаланиш ва ғунажинлар елинини бўғозлигининг 7-8- ойларида массаж қилиш усули Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги “Мустафоқул полвон даласи” фермер хўжалигида жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2023 йил 28 апрелдаги 02/23-171-сон маълумотномаси). Натижада сигирларнинг 305 кунлик лактатсиядаги сут маҳсулдорлигининг ошиши ҳисобига ҳар бир бош сигирдан олинган қўшимча соф фойда 197 000 сўмни ташкил қилган, рентабеллик даражаси 5,2% га ошган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish