Sayt test rejimida ishlamoqda

Аҳмедов Сардор Сайриддин ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Сурхон воҳаси тожикларининг этномаданий жараёнлардаги ўрни (ХХ асрнинг охири ва ХХI асрнинг биринчи ярми)”, 07.00.07-Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Таr1151.
Илмий раҳбар: Турсунов Сайпулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Таr.78.02.
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худайбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; Қурбонова Манзила Бакиевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида тожик халқининг ижтимоий ҳаёти, маданияти, урф-одати, анъаналари, маросимлари, халқ хўжалиги ва ўйинларининг ўзига хос хусусиятларининг маънавий маданиятида кечган трансформацион жараёнларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Сурхон воҳасининг  тоғли қишлоқларида яшовчи тожикларнинг тожик-қатағон, тожик-чиғатой каби этник ва ижтимоий гуруҳлардан ташкил топганлиги, тожик-қатағонларнинг  Сина, Лангар, Сангардак, Чорбоғ, Хуфар, Даштикалтатой қишлоқларида, тожик-чиғатойларнинг эса Панжоб, Дарбанд, Сайроб қишлоқларида ўрнашганликлари аниқланган;
тожикларнинг  хўжалик ҳаёти  деҳқончиликка  асосланганлиги ва буғдойнинг муслимка, қилтиқли, қайроқли, қизил буғдой навларини, боғдорчиликда ёнғоқ, бодом, дўлана, писта дарахтларни маданийлаштирганлиги, боғлар ва экинзорларни қўриқлашда ов қушларидан фойдаланишлари далилланган;
Сурхон  воҳаси  тожиклари жундан мато тўқишда “ғўрим” деб аталувчи тўқув ускунасини ишлатишлари, Бойсун дўппиларини тикишда тўрт ва саккиз қиррали нақш билан безаш усулларини қўллаганликлари, заргар усталар билаузук, беш бармоқ, силсила ва тиллақош, хапабандон каби тақинчоқларни ясаганликлари  далилланган;
тожикларга хос ички никоҳ асосида келинни ота уйида туриши, никоҳ билан боғлик соч турмаклаш, келин кийимларидаги кашта безакларининг ўзига хос усуллари, чақалоқлар билан боғлиқ ит кўйлак кийинтириш, исириққа чўмилтириш, 3-5-7-9 ёшида ақиқа ўтказиш, ёш билан боғлиқ мучал ва суннат тўйлари, халқ  ўйинлари, оғзаки ижод намуналари ва дафн билан боғлиқ маросимлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Сурхон воҳаси тожик қишлоқлари аҳолиси моддий ва номоддий маданиятининг этник ва локал хусусиятлари мавзуси бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаси асосида:
Сурхон воҳасининг  тоғли қишлоқларида яшовчи тожикларнинг тожик-қатағон, тожик-чиғатой каби этник ва ижтимоий гуруҳлардан ташкил топганлиги, тожикларнинг маҳаллий ўзбек аҳолиси билан ўзаро этнослараро алоқалари натижасида Сурхон воҳасида ўзбек-тожик икки тиллилик ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисидаги маълумотлардан Ўзбекистон тарихи каналида “Тожикларнинг моддий-маънавий маданиятидаги ўзига хос этнографик  таҳлиллар” эшиттиришида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2022 йил 13 майдаги 06/31/615-сон маълумотномаси). Бу эса, мамлакатимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар онгига инсонийлик ғояларини сингдириш, телерадио кўрсатув ва эшитиришлари орқали анъанавий халқ маросимлари ва миллий қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилган;
Сурхон воҳаси тожикларининг анъанавий маросимлари, урф-одатлар, тақвимлар ҳамда уларнинг этник ва ҳудудий ўзига хослиги, миллий ўйинларнинг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни тўғрисидаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази фаолиятида фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг 2022 йил 1 августдаги 02/02/1235-сон маълумотномаси). Натижалар миллий анъаналар ва қадриятларни асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш, шунингдек ёшлар кўнглида юртсеварлик, маданий ва маънавий меросга ҳурмат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish