Sayt test rejimida ishlamoqda

Эштемиров Ахрор Нурмахматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Талабаларда физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечиш кўникмаларини такомиллаштириш методикаси (техника ихтисосликлари мисолида), 13.00.02 - Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (физика) (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2022.2.PhD/Ped3695.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз  филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, PhD.03/04.06.2020.Ped.70.02.
     Илмий раҳбар: Узоқова Гулноза Сайдуллаевна, педагогика фанлари номзоди, доцент.
Расмий оппонентлар: Қаҳҳоров Сиддиқ Қаҳҳорович, педагогика фанлари доктори, профессор; Ишмуродова Гулбаҳор Измурадовна, педагогика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади техника ихтисосликлари талабаларида физик масалаларни ечиш жараёнида обектларни моделлаштира олиш кўникмаларини шакллантириш методикасини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
талабаларда физикавий масалаларни ечиш кўникмасининг шаклланганлик даражаси жараённи ташхислаш, муаммони ҳал этишда моделлаштириш усулларидан фойдаланишга тайёрлик лаёқатини аниқлаш, физик масала хусусиятини англаш имкониятини баҳолаш ҳамда амалда қўллай олиш компетенсияси тизимли-тадқиқий ёндашувга кўра аниқлаштирилган;
физика таълими жараёнида техника ихтисосликлари талабаларини масалаларни моделлаштириш асосида ечишга ўргатиш муаммосининг мазмуни муаммоли-ўқув вазифанинг қўйилиши, моделни танлаш ёки яратиш, модел ҳақидаги билимларни оригинал нусхага ўтказиш каби ҳаракатлар асосида такомиллаштирилган;
физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечишга ўргатиш   жараёнининг методик модели талабаларни обектлар, ҳодисалар, жараёнларнинг экспериментал моделларини визуаллаштириш асосида яратиш, физик масалани ечиш методларини тақдим эта олиш каби кўникмаларини шакллантиришга доир имкониятлари ўқув масалаларини техник комбинациялаштириш орқали  такомиллаштирилган;  
талабаларда физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечишга ўргатиш методикаси барча таълим воситалари, “уйғунлаштирилган масалалар тизими”, талабаларнинг ўқув, тадқиқий, мустақил фаолиятларини функсионал стратегик моделлаштириш орқали такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Талабаларда физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечиш кўникмаларини такомиллаштириш методикаси (техника ихтисосликлари мисолида) мавзусида олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
 талабаларда физикавий масалаларни ечиш кўникмасининг шаклланганлик даражаси жараённи ташхислаш, муаммони ҳал этишда моделлаштириш усулларидан фойдаланишга тайёрлик лаёқатини аниқлаш, физик масала хусусиятини англаш имкониятини баҳолаш ҳамда амалда қўллай олиш компетенсияси тизимли-тадқиқий ёндашувга кўра аниқлаштирилган услубий ва амалий таклифлар асосида бўлажак муҳандислар учун “Талабаларда физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечиш кўникмаларини ривожлантириш” номли ўқув қўлланма ишлаб чиқилган ва таълим жараёнига татбиқ қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022-йил 25-ноябрдаги 308–сон буйруқ, №522–030 рақамли гувоҳнома). Натижада, талабаларнинг физик масалаларни моделлаштириш асосида ечишга доир кўникмаларини ривожлантиришга эришилган;
физика таълими жараёнида техника ихтисосликлари талабаларини масалаларни моделлаштириш асосида ечишга Ўргатиш муаммосининг мазмуни муаммоли-ўқув вазифанинг қўйилиши, моделни танлаш ёки яратиш, модел ҳақидаги билимларни оригинал нусхага Ўтказиш каби ҳаракатлар асосида такомиллаштирилган маълумотлардан Жаҳон банки билан Халқаро Ривожлантириш Ассоциацияси томонидан қўллаб қувватланаётган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Академик инновацион фондининг АИФ-2/17 “Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этишда янги технологиялар” мавзусидаги илмий лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Қарши давлат университетининг 2023 йил 3 майдаги 03/1657-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур методика физика таълими жараёнида талабаларда зарурий касбий компетенсияларини шакллантиришга ва таълимнинг сифат даражасини ошишига хизмат қилган;
физикавий масалаларни моделлаштириш асосида ечишга ўргатиш   жараёнининг методик модели талабаларни объектлар, ҳодисалар, жараёнларнинг экспериментал моделларини визуаллаштириш асосида яратиш, физик масалани ечиш методларини тақдим эта олиш каби кўникмаларини шакллантиришга доир имкониятлари ўқув масалаларини техник комбинациялаштириш орқали  такомиллаштирилганлигига доир хулосалардан талабаларнинг техник тафаккурини ва илмий билувини оширишда фойдаланилган. Методик модел Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали, Бухоро муҳандислик технология институти ҳамда Тошкент кимё-технология институтларидаги таълим жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 6-апрелдаги 02/02–01-51–сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур модел бўлажак муҳандисларнинг зарурий касбий компетенсияларини шакллантиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish