Sayt test rejimida ishlamoqda

Турсунов Равшан Нормуратовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида экологик вазият ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Илмий маслаҳатчи: Алимова Дилором Агзамовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Мусаев Нуриддин Умурзакович, тарих фанлари доктори, профессор; Комилов Ойбек Камилович, тарих фанлари доктори (DSc), профессор; Жабборов Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот номи: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида экологик вазият ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари ҳамда муаммонинг назарий-консептуал асосларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХIХ асрнинг охири – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкаси ҳукумати хўжалик ишларида ёқилғи ва хомашё сифатида ўсимликлар оламидан аёвсиз фойдаланилганлиги, шунингдек, боғдорчилик ва ўрмончилик йўналишида уруғчилик орқали эмас, кўчатлар парваришлаш йўли билан манзарали (асосан игнабаргли) дарахтлар майдонини кенгайтириш тажрибасини ёйишда маҳаллий боғбонларнинг йиллар давомида топланган амалий билимлари (дарахтларни пайвандлаш ва уларга ишлов бериш) ва кўникмалари асосий рол ўйнаганлиги исботланган;
Туркистон генерал-губернаторлиги даврида кўчиб келган аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида махсус ўсимликлар селекциясини яратишга қаратилган манзарали дарахтлар, бутасимонлар, ёввойи ўсимликлар билан тажрибалар ўтказилиши ўлка табиати ва иқлим шароитларига мос бўлган дарахт навларини саралаш ҳамда уларни маҳаллийлаштиришга имкон берганлиги аниқланган;
ХIХ аср охирларига келиб Туркистон ўлкасининг марказий шаҳарларида (Тошкент, Самарқанд) қаровсиз жониворларни аниқлаш ва уларни сақлаш бўйича илмий жамоатчилик томонидан ҳудудларда жониворларни ҳимоя қилиш жамиятларнинг ташкил этилиши юқумли ва хавфли касалликларга чалинган ҳайвонлардан аҳоли саломатлиги, мулкига етказиладиган зарарлар кўламини камайтиришга хизмат қилганлиги аниқланган;
Россия империяси томонидан кўпроқ фойда олиш мақсадида янги ерларни ўзлаштирилиши, гидротехника тармоқларининг носозлиги каби ҳолатлар сувга бўлган талабнинг ортишига олиб келиб, пировардида сув тақсимоти ва миқдори ҳукумат назоратидан чиқиб кетиши ижтимоий зиддиятларни кучайишига замин яратганлиги далилланган;
ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида қум бўронлари содир бўлганлиги, Туркистон генерал-губернаторлиги даврида ўлкадаги учар қумларни тадқиқ этиш ва уларни бостириш мақсадида махсус бўлимларнинг ташкил этилиши шаҳарсозлик ва қишлоқ хўжалигидаги табиий зарарларни олдини олишга хизмат қилганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида экологик вазият ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари мавзусидаги тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши ҳамда чиқарилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
Ўзбекистон ҳудудидаги экологик ҳолат тарихи, экологик маданият ва билимлар шаклланишининг тарихий илдизлари, Туркистон минтақасидаги флора ва фаунанинг ҳолати, антропоген таъсир оқибатлари, ўлкада кўчат етиштириш борасида маҳаллий боғбонларнинг эришган ютуқлари, рус табиатшунос олимлар ташаббуси билан 1911 йилда Тошкентдаги Ботаника боғини ташкил этишдаги амалий ҳаракатлар, қаровсиз қолган жониворларни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган жамиятлар, сув ресурсларини тартибга солинмаганлиги, табиий офатлар, қум бўронларини тадқиқ этилишига оид натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Этно” кўрсатуви ссенарийларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2022-йил 20-апрелдаги 02-30-730-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг жорий этилиши аҳолига экология тарихи ва экологик маданият, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳақидаги билимларини янада кенгайишига хизмат қилган.
ХIХ асрнинг охири – ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида ҳукумат ва хўжалик ишларида ўсимликлар оламидан аёвсиз фойдаланилганлиги, шунингдек, боғдорчилик ва ўрмончилик йўналишида уруғчилик орқали эмас, кўчатлар парваришлаш йўли билан манзарали дарахтлар (асосан игнабаргли) майдонини кенгайтириш тажрибасини ёйишда маҳаллий боғбонлар ақл-заковати ва амалиёти асосий рол ўйнаганлиги, 1911 йилда Тошкентда махсус ўсимликлар селекциясини яратишга қаратилган “Ботаника Боғи”ини очилганлигига оид илмий натижалар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ВИ-бандида белгиланган 80-мақсад (Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш) ва 81-мақсад (Ўрмонлар майдонини кенгайтириш)лардаги вазифаларнинг ижросини таъминлашда ҳамда Ўзбекистон экологик партиясининг асосий фаолият йўналишларининг самарадорлигини янада ошириш йўлида фойдаланилган (Ўзбекистон Экологик партиясининг 2023-йил 6-февралдаги 01/37-сон маълумотномаси). Илмий натижалар атроф-муҳит ва табиатни асраб-авайлашда тарихий тажрибадан кенг фойдаланишга хизмат қилган;
ХIХ аср охирларига келиб Туркистон ўлкасида қаровсиз жониворларни аниқлаш ва уларни сақлаш бўйича ҳудудларда жониворларни ҳимоя қилиш жамиятлари ташкил этилганлиги, минтақа ўсимлик ва ҳайвонот оламининг хилма-хиллиги ҳамда овчилик жараёнларининг тартибга солинишига оид натижалардан Маданий мерос агентлиги Ўзбекистон давлат табиат музейининг экспозияларини мазмунан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Маданий мерос агентлигининг 2023-йил 14-февралдаги 02-10/344-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши музейга ташриф буюрувчиларнинг Туркистон генерал-губернаторлиги давридаги ўсимлик ва ҳайвонот олами бўйича тасаввурларини кенгайишига имкон берган;
Россия империяси даврида Туркистон ўлкасидаги суғориш тизимининг назоратга олинганига қарамай, суғориш соҳасида мавжуд қонунларга риоя этилмаганлиги оқибатида сув тақсимоти ва миқдори ҳукумат назоратидан чиқиб кетганлиги, ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида қум бўронлари содир бўлганлиги, ҳукумат томонидан ушбу табиий офатни бартараф этиш мақсадида махсус (Туркестанский Песчано-Овражный) округ ташкил этилганлигига оид натижалардан Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ВИ-бандида белгиланган 80, 81-мақсадлардаги вазифаларнинг ижросини таъминлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигининг 2023-йил 17-февралдаги 03-02/7-448-сон маълумотномаси). Натижалар табиатни асраб-авайлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни илмий асосда ишлаб чиқишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish