Sayt test rejimida ishlamoqda

Убайдуллаева Саодат Фатхуллаевнанинг 
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ўзаро боғлиқлиги тизими шаклланишининг муаммо ва истиқболлари», 23.00.04 - Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари (сиёсий фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.DSc/Ss46. 
Илмий маслаҳатчи: Жўраев Сайфиддин Ахматович, сиёсий фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/29.12.2022.Ss/Tar.21.02. 
Расмий оппонентлар: Жумаев Рустам Зиятович, сиёсий фанлар доктори, профессор; Фармонов Рахмон Фармонович, тарих фанлари доктори, профессор; Равшанов Фазлиддин Равшанович,  сиёсий фанлар доктори, прфессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
I. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ўзаро боғлиқ самарали тизимини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг минтақавий хавфсизлиги бўйиҳа таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Марказий Осиё минтақаси давлатлари муносабатларида уларнинг манфаатларини ўзида ифода этувчи “Марказий Осиё руҳи” ғояси сиёсий жиҳатдан муҳимлиги ва бунда минтақавий ҳамкорликнинг замонавий механизми сифатида хавфсизликни таъминлаш соҳасида беш томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти очиб берилган; 
халқаро майдонда таҳликали жараёнлар юз бераётган, мураккаб геосиёсий вазият юзага келиб, давлатлар ўртасидаги глобал ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чуқур таназзулга юз тутаётган, “блокларга мансублик” стереотиплари қайта туғилиши хавфи мавжуд бўлган бугунги шароитда Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги асосланган;  
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузурида “ШҲТ—Афғонистон” мулоқот гуруҳи негизида фаолият кўрсатувчи “Хавфсизлик кенгаши” таъсис этилиши Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқ тизим шаклланишига тўсқинлик қилаётган Афғонистон муаммосини ҳал қилишга ва минтақалараро хавфсизлик тизими мустаҳкамланишига замин яратиши далилланган;  
Афғонистонни минтақавий интегратсия жараёнларига жалб этиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишида кўмаклашиш, Транс-афғон транспорт йўлаги, ТАПИ, CАСА-1000, ТУТАП ва бошқа минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “Марказий Осиё + Афғонистон” форматида вазирлар учрашувини ўтказиш лозимлиги асослантирилган; 
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий хавфсизлик тизимининг асосий бўғинларидан бири эканлиги, давлатимизнинг минтақадаги хавфсизлик сиёсати бўйича дунёнинг етакчи давлатлари, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан тенг шерикчилик ва ҳамкорликнинг мувозанатлашган тизимини шакллантиришга қаратилган ташаббуслари янги ташқи сиёсат доктринаси ишлаб чиқилишига асос бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ўзаро боғиқлиги тизими шаклланишининг муаммо ва истиқболларини ўрганиш бўйича олинган натижалар, назарий ва амалий хулосалар, тавсия ва ишланмалар асосида чиқарилган:
халқаро майдонда таҳликали жараёнлар юз бераётган, мураккаб геосиёсий вазият юзага келиб, давлатлар ўртасидаги глобал ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чуқур таназзулга юз тутаётган, “блокларга мансублик” стереотиплари қайта туғилиши хавфи мавжуд бўлган бугунги шароитда Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигига оид хулосалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг иш режасига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 21 августдаги 1302-ИВ-сон қарори билан тасдиқланган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан баён этилган ғоя ва ташаббусларни илгари суриш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2022 йил 30 сентябрдаги 04/6-10-75-сон маълумотномаси). Натижа соҳага оид ахборот-таҳлилий базани такомиллаштиришга ва амалда қўллашга хизмат қилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузурида “ШҲТ—Афғонистон” мулоқот гуруҳи негизида фаолият кўрсатувчи “Хавфсизлик кенгаши” таъсис этилиши Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқ тизим шаклланишига тўсқинлик қилаётган Афғонистон муаммосини ҳал қилишга ва минтақалараро хавфсизлик тизими мустаҳкамланишига замин яратиши борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот-таҳлилий ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланилган. Афғонистоннинг минтақа давлатлари билан ўзаро муносабатларига та'сир этувчи омилларга оид материаллардан Вазирликнинг Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси фаолиятида, хусусан, 2022 йил 26–27 июл кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзуидаги халқаро конференция Резолюсиясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йил 24 августдаги 18/31207-сон маълумотномаси). Натижа мазкур йўналишдаги чора-тадбирларнинг самарадорлиги ошишига ва соҳага оид ахборот-таҳлилий материаллар янада бойишига муҳим асос бўлиб хизмат қилган.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий хавфсизлик тизимининг асосий бўғинларидан бири эканлиги, давлатимизнинг минтақадаги хавфсизлик сиёсати бўйича дунёнинг етакчи давлатлари, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан тенг шерикчилик ва ҳамкорликнинг мувозанатлашган тизимини шакллантиришга қаратилган ташаббуслари янги ташқи сиёсат доктринасини ишлаб чиқишга асос бўлиши борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона халқаро маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир учрашувлар, тадбирлар, илмий-амалий конференция ва семинарлар ташкил этилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2022 йил 8 сентябрдаги 14-07-1569-сон маълумотномаси). Натижада ушбу илмий-амалий конференция ва семинарлардаги илмий маърузалар кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилган.
Марказий Осиё минтақаси давлатлари муносабатларида уларнинг манфаатларини ўзида ифода этувчи “Марказий Осиё руҳи” ғояси сиёсий жиҳатдан муҳимлиги ва бунда минтақавий ҳамкорликнинг замонавий механизми сифатида хавфсизликни таъминлаш соҳасида беш томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишнинг муҳимлигига оид хулосалардан Марказий Осиё халқаро институтининг амалий-таҳлилий ишланмаларини тайёрлашда, шунингдек, илмий семинарлар, симпозиумлар, давра суҳбатлари ва бошқа халқаро тадбирларида фойдаланилган (Марказий Осиё халқаро институтининг 2023 йил 20 январдаги 02/29-сон маълумотномаси). Натижа минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда “Ўзбекистон–Сингапур: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати материалларини тайёрлаш учун манба сифатида хизмат қилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish