Sayt test rejimida ishlamoqda

Эгамбердиев Жобир Анварбек ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Орол бўйи тупроқларининг хосса-хусусиятлари, оролнинг қуриган туби тупроқларини шаклланиши», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/B903.
Илмий раҳбар: Абдурахмонов Нодиржон Юлчиевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.05.03.
Расмий оппонентлар: Парпиев Ғофуржон Тохирович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим; Абдрахманов Тохтасин, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Орол бўйи ва Орол денгизи қуриган туби тупроқларининг хосса-хусусиятлари ҳамда денгиз қуришининг тупроқ қопламига таъсирини аниқлаш орқали тупроқ-грунтларининг экологик-мелиоратив ҳолатини барқарорлаштириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Орол денгизи қуриши натижасида Орол бўйи тупроқларининг морфогенетик хусусиятлари, кимёвий, физикавий хоссалари ўзгарган (Амударёнинг олдинги «тирик» делтаси), тупроқ қопламидаги бу ўзгаришлар денгиз акваториясидан узоқлашган сари сезиларли даражада камайиб бориши аниқланган;
Орол бўйи гидроморф (ботқоқ, ботқоқ-ўтлоқи, ўтлоқи) тупроқлари грунт сувлари сатҳининг кескин пасайиши ва саҳроланиш жараёнининг жадаллашуви натижасида автоморф (қолдиқ шўрхоклар, қумли-саҳро, тақирли, сур тусли қўнғир) тупроқлари типи томон ривожланаётганлиги аниқланган;
Орол денгизининг қуриган қисмида примитив, кам ривожланган қумли-саҳро ва гидроморф шўрхоклар шаклланаётганлиги ва улар профили генетик горизонтларга табақалашмаганлиги аниқланган;
Орол денгизининг қуриган қисмида энг аввало, туз тўпланиш, шунингдек, енгил механик таркибли тупроқ-грунт емирилиши (дефлятсия) жараёнлари асосий элементар тупроқ жараёнлари эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Орол бўйи тупроқларининг хосса-хусусиятлари, Оролнинг қуриган туби тупроқларининг шаклланиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Орол бўйи тупроқларидан самарали фойдаланишга доир тавсиялар” ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-йил 20-апрелдаги 05/26-05/1803-сон маълумотномаси). Натижада, деградатсияга учраган тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш ва қайта тиклаш учун агромелиоратив, агротехник ва агрокимёвий тадбирларни белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда фермер хўжаликларига қўлланма сифатида хизмат қилган;
Мўйноқ тумани (Орол денгизининг қуриган туби билан) нинг 1:500 000 масштабли тупроқ харитаси тузилган ва Орол денгизи қуриган қисми ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-йил 20-апрелдаги 05/26-05/1803-сон маълумотномаси). Натижада, ҳудуддаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш, яшил қопламалар барпо этиш учун яроқли ерларни танлаш, денгиз қуришининг атроф-муҳитга етказаётган салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишга имкон берган;
Мўйноқ тумани “Мўйноқ” массивининг 1:25000 масштабли тупроқ шўрланиш харитограммаси тузилган ва массивнинг 4592,0 гектар ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-йил 20-апрелдаги 05/26-05/1803-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу маълумотлар шўр ювиш меъёрлари, муддатлари ва сонини тўғри белгилаш орқали ҳудуд ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқ унумдорлигини барқарорлаштириш бўйича тадбирлар белгилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish