Қўчқаров Муслимжон Адҳамжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Геофизик сигналларга рақамли ишлов бериш жараёнларининг параллел алгоритмлари ва дастурий мажмуаси», 05.01.04- Ҳисоблаш машиналари, мажмуалари ва компютер тармоқларининг математик ва дастурий таъминоти (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Т3547
Илмий раҳбар: Зайнидинов Хакимжон Насридинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Кабулов Анвар Восилевич, техника фанлари доктори, профессор;
Рахимов Меҳриддин Фазлиддинович, техника фанлари фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади бикубик сплайн-функсияси ёрдамида геофизик сигналларга рақамли ишлов берувчи параллел ҳисоблаш алгоритмларини ҳамда дастурий мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
масофадан зондлаш орқали олинган икки оʻлчовли геофизик сигналларга рақамли ишлов бериш учун сплайн модели ишлаб чиқилган;
олинган геофизик сигналлар асосида қазилма бойликлари жойлашган оʻрнини график коʻринишда ифодалаш учун аниқлиги юқори боʻлган икки оʻзгарувчили бикубик сплайн функсияси ёрдамида тиклаш алгоритми ишлаб чиқилган;
ҳарорат майдонлари сигналларига рақамли ишлашнинг параллел алгоритми ишлаб чиқилган;
тақсимланган тизимларда ерни масофадан зондлашдан олинган геофизик сигналларини рақамли ишлашнинг параллел алгоритми ишлаб чиқилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Бикубик сплайнлар ёрдамида икки оʻлчовли сигналларга рақамли ишлов берувчи кластер технологияларига асосланган параллел алгоритмлар яратиш ва уларнинг дастурий воситаларини ишлаб чиқиш боʻйича олинган натижалар асосида:
геофизик сигналларни рақамли ишлаш жараёнларини тезкор параллелаштириш усули асосида кирувчи сигналнинг муҳим параметрларини аниқловчи, кластер технологиялари ёрдамида тизимнинг ҳисоблаш жараёнларини параллел алгоритмлари асосида яратилган дастурий восита «Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти» давлат муассасасига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қоʻмитасиининг 2022 йил 12 октябрдаги 33-8/5088-сон маʼлумотномаси). Натижада, муассасанинг жорий фойдаланиб келинаётган ҳисоблаш алгоритмларига нисбатан кластер технологиялари ёрдамида маʼлумотларга параллел ишлов берувчи дастурий восита тизим ҳисоблашларига кетадиган вақт 16% га камайтирилди, аниқлик даражаси 13-15% га оширилди, ҳамда меҳнат унумдорлиги 17% га ошириш имконини берган;
бикубик сплайн-усуллар ёрдамида сигналларни рақамли ишлаш ва силлиқлаш алгоритми асосида яратилган дастурий восита «УзАуто Моторс» актсиядорлик компаниясига жорий қилинган, натижада, компаниянинг жорий фойдаланиб келинаётган ҳисоблаш алгоритмларига нисбатан таклиф қилинган ва ишлаб чиқилган параллел усул, алгоритмлар ва дастурий восита тизим ҳисоблашлари самарадорлигини 20-25% га ошириш имконини берган.