Sayt test rejimida ishlamoqda

Махсумхонов Қулфиддинхон Аъзамхоновичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда тугалланган суициднинг ижтимоий-тиббий ва суд-тиббий масалалари», 14.00.24 – Суд тиббиёти (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Tib102.
Илмий маслаҳатчи: Гиясов Зайнитдин Асамутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси DSc.04/30.12.2019.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Искандаров Алишер Искандарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Рустамова Хамида Елемесовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Мария Антониа Мартинез, MD (Испания)
Йетакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тугалланган суицид ҳолатларида суд-тиббий экспертизаларни тайинлаш, ташкил этиш ва ўтказишни такомиллаштириш ҳамда ўзини ўлдириш ҳолатларининг олдини олишга доир мақсадли йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистонда суд-тиббий экспертиза материаллари бўйича тугалланган суициддан ўлим турлари структураси, уларни суицидентларнинг жинси, ёши, этник гуруҳлари, ҳудудлар бўйича хусусиятлари, шунингдек, ҳодисаларнинг содир этилишини ҳафта кунлари, ой, йил мавсумлари бўйича хусусиятларга эга эканлиги исботланган;
мамлакатнинг турли ҳудудларида (Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари), турли даврларда содир этилган суицид ҳолатларининг қиёсий, динамик хусусиятлари шунингдек, тугалланган суициднинг гендер хусусиятлари мавжудлиги асосланган; 
илк бор алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш билан суициддан ўлим кўрсаткичлари ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд эмаслиги исботланган;
тугалланган суицид ҳодисалари ўзининг ички моҳиятга эга бўлган ижтимоий ҳодиса ва унинг ички хусусиятлари ҳодисаларнинг мазкур ҳудуд учун доимийлиги ва ўлим кўрсаткичлари динамикасига хос бўлган даврийлигида намаён бўлиши исботланган;
суицид ҳолларида мурдаларнинг суд-тиббий экспертизасини амалга оширишда экспертизагача бўлган даврида, экспертиза жараёнидан ва ундан кейинги босқичларнинг  сифатини ошириш ва тартибини такомиллаштириш  чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда тугалланган суициднинг ижтимоий-тиббий ва суд-тиббий масалаларини оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
суицид ҳолатларида суд-тиббий экспертизаларни ташкил этиш ва ўтказиш алгоритми мамлакатдаги Давлат суд-тиббий экспертиза муассасалари фаолияти бўйича олинган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Тугалланган суицид ҳолатларида суд-тиббий экспертизаларни ташкил этиш ва ўтказиш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 24 февралдаги 8н-з/100-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ўзини ўлдириш ҳолатларида ўтказиладиган суд-тиббий экспертиза хулосаларининг объективлиги ва илмий асосланганлиги ҳолатларига ижобий таъсир этиш имконини берган;
тугалланган суицид ҳолатларида суд-тиббий ташхисга касалликларнинг халқаро таснифи-10 га мос тарзда код рақами бериш бўйича олинган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Тугалланган суицид ҳолатларида «ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома»ни расмийлаштириш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 24 февралдаги 8н-з/100-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома суд-тиббий ташхисга код рақами бериш ва «ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома»ни расмийлаштириш жараёнларининг такомиллаштирилиши ўз навбатида мамлакатда ўлим кўрсаткичлари статистикасини ишончлилигига бевосита таъсир этадиган омилларни ажратиш, ҳаққоний статистик маълумотлар мавжуд бўлгандагина ўлим ҳолатларини камайтиришга йўналтирилган самарали профилактика чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш имконини берган;
тугалланган суициднинг ижтимоий-тиббий ва суд-тиббий масалаларини оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика суд тиббий экспертиза илмий амалий марказининг Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари филиалларнинг суд-тиббий экспертиза амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 11 январдаги 08-00210-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши суициднинг намоён бўлишига хос бўлган хусусиятлар, яъни доимийлиги ва даврийлиги мазкур ҳодисаларни кўпроқ ижтимоий ҳодиса сифатида ёндошувни талаб этиш, ўзининг ўлдириш ҳодисаларининг содир этилишида тиббий, иқтисодий муаммолар эмас, балки, айнан ҳар бир жамиятда қарор топган ўзига хос ижтимоий–демографик омиллар (маданият, дин, таълим, урф-одатлар ва ҳ.к.), шунингдек, ҳудудларнинг географик жойлашуви ва мавсумлар билан боғлиқ бўлган табий омиллар кўпроқ аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида хулоса қилиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish