Sayt test rejimida ishlamoqda

Мухитдинов Бахтиёр Икромовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Полисахаридлар асосида саратонга қарши йўналтирилган таъсирга эга макромолекуляр тизимлар ва уларнинг биологик фаолликлари», 02.00.10 – Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.DSc/K130.
Илмий маслаҳатчи: Тураев Аббасхан Сабирханович, кимё фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Биоорганик кимё институти.  
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Биоорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/В.37.01.
Расмий оппонентлар: Гафуров Махмуджон Бакиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Рамазонов Нурмурод Шералиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Хашимова Зайнат Саттаровна, биология фанлари доктори.
Йетакчи ташкилот: Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кичик молекуляр массали полигалактуронанлар, гиалуронанлар ва галактоманнанларнинг цитотоксик бирикмалар билан модификацияланган ҳосилаларини олишнинг фундаментал ва амалий жиҳатларини аниқлаш, улар асосида саратонга қарши йўналтирилган таъсирга эга макромолекуляр тизимлар олиш, биологик фаолликлари ҳамда фармоко-токсикологик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
полисахарид асосли макромолекуляр тизимлар синтези учун саратон оқсиллари билан боғланувчи кичик молекуляр массали лиганд матрицалар олиш усуллари ишлаб чиқилган; 
тармоқланган полисахаридлар асосий занжирини селектив деполимерлаш йўли билан кичик молекуляр массали гетерополисахаридлар ва уларнинг олигомерларини олиш имкониятлари аниқланган;
кичик молекуляр массали гиалуронанлар ва галактоманнанларинг реакцион фаол сульфатланган, тозилланган, диалдегид ҳосилалари олинган ва мақбул реакция шароитлари аниқланган;
кичик молекуляр массали гетерополисахаридларнинг доксорубицин, гемцитабин, фторурацил, фолат кислота билан амин, амид, азометин, эфир боғлари билан боғланган ҳосилалари олинган;
полисахаридларни цитотоксик бирикмалар билан турли функционал гуруҳлари орқали модификациялаш усуллари кўрсатилган ва бунда цитотоксик бирикмаларнинг реакцион фаоллилклари аниқланган;
полисахаридлар ва цитотоксик бирикмалар асосидаги саратонга қарши макромолекуляр тизимларнинг структуралари ва биологик фаолликлари орасидаги ўзаро боғлиқликлар аниқланган; 
цитотоксик бирикмаларни полисахарид занжирларига киритиш орқали уларнинг биологик ва фармакотоксикологик хусусияларини яхшилаш ҳамда мақсадли етказиб бериш имкониятлари аниқланган; 
лиганд полисахаридлар ва цитотоксик бирикмалар асосида саратонга қарши йўналтирилган таъсирга эга дори воситалари олишнинг фундаментал асослари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Полисахаридлар асосида саратонга қарши йўналтирилган таъсирга эга макромолекуляр тизимлар ва уларнинг биологик фаолликлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
олигогалактурон ва фолат кислоталари ҳамда доксорубицин асосида ўсмаларга қарши фаолликка эга биоконъюгат учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 06618, 2021 й.). Натижада, саратон кассалликларига қарши самарали, йўналтирилган таъсирга эга дори воситасини яратиш имконини берган;
узоқ таъсирга эга бўлган ўсма касаллигига қарши комбинацияланган восита учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 06825, 2022 й.). Натижада, саратон кассалликларига қарши самарали бўлган, узоқ таъсирга эга дори воситасини олиш имконини берган; 
полисахаридлар, уларнинг биологик фаол ҳосиллари ва саратонга қарши макромолекуляр тизимларни тадқиқ қилиш бўйича эълон қилинган илмий натижаларга юқори импакт-факторга эга 10 дан ортиқ хорижий илмий журналларда ҳаволалар келтирилган: (Advanced Science, 2023, 2206169(1-27), IF=17.521; Acta Pharmaceutica Sinica B, 2022, 12(12), 4327-4347, IF=14.903; Nano Letters, 2022, 22(16), 6516-6522, IF=12.262; Journal of Controlled Release, 2023, 353, 650-662, IF=11.467; Carbohydrate Polymers, 2021, 254, 117437, IF= 10.723, International Journal of Biological Macromolecules, 2021, 183, 2326-2336, IF=8.025, Materials Today Sustainability, 2023, 21, 100293, IF=7.244; Cellulose, 2021, 28(5), 2849-2861, IF=4. 6.123, Polymer, 2021, 220, 123563, IF=4.432 ва бошқалар). Натижада, полисахарид ҳосилалари ва макромолекуляр тизимларнинг молекуляр катталиклари ва биологик фаолликларини аниқлаш имконини берган;
полисахаридларни цитотоксик бирикмалар билан модификациялаш усуллари, олинган макромолекуляр тизимлардан Хитой Фанлар академияси, Шинжон физика ва кимё-техника институтининг «International Science and Technology Center Projects» лойиҳасида полисахарид ҳосилалари олиш ва уларнинг саратонга қарши биологик фаолликларини аниқлашда фойдаланилган (Хитой Фанлар академияси, Шинжон физика ва кимё-техника институтининг 2023 йил 2 мартдаги маълумотномаси). Натижада, саратонга қарши биологик фаол полисахарид ҳосилаларини олиш ва уларнинг фаоллик механизмларини аниқлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish