Sayt test rejimida ishlamoqda

Сафаров Тахиржон Баходирович
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Одил судловни амалга ошириш жараёнида судьяларнинг юридик жавобгарлиги: замонавий ҳолат ва ривожланиш йўналишлари”, 12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Yu491. 
Илмий раҳбар: Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, DSc.31/31.12.2020.Yu.67.01.
Расмий оппонентлар: Джураев Ихтиёр Бахтиёрович, юридик фанлар доктори, профессор; Сабиров Эркинжон Кучкарбаевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
Тадқиқотнинг мақсади одил судловни амалга ошириш жараёнида судьялар юридик жавобгарлигининг замонавий ҳолати ва ривожланиш йўналишларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
II.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
судьяларнинг одил судлов фаолиятига аралашувларини камайтириш учун уларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши мумкинлигини белгилаш, уларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш, ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартибига оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш зарурлиги асослантирилган; 
судьяларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши мумкинлигини белгилаш зарурлиги асослантирилган;
судьяларга нисбатан тайинланадиган интизомий жазолар уларнинг қилмишига мутаносиб бўлишини таъминлаш учун судьяларга нисбатан тайинланиши мумкин бўлган интизомий жазо турларини кўпайтириш, хусусан интизомий жазо тизимини огоҳлантириш, малака даражасини пасайтириш ва судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш жазо турларини киритиш зарурлигига асослантирилган;
Судьялар олий кенгашига Судьялар малака ҳайъатлари ва Олий малака ҳайъатининг судьяни интизомий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш вазифасини юклаш лозимлиги асослантирилган;
Судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш лозимлиги асослантирилган.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Одил судловни амалга ошириш жараёнида судьяларнинг юридик жавобгарлиги: замонавий ҳолат ва ривожланишининг йўналишлари таҳлили бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши мумкинлигини белгилаш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартибини, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартибини қонун билан белгилаш зарурлигига доир таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йили 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармоннинг 11-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2022 йил 5 январдаги 20-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф амалдаги қонунчиликдаги судьяга нисбатан Олий суд раиси ва бошқа мансабдор шахслар томонидан интизомий иш қўзғатиш ҳуқуқни бекор қилади ва шу йўл билан судьяларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига доир аралашувларни чеклашга хизмат қилган;
судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши мумкинлигини белгилаш зарурлигига доир таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йили 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармоннинг 11-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2022 йил 6 январдаги 20-27-сон далолатномаси). Ушбу таклиф судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига аралашувнинг олдини олишга хизмат қилган;
интизомий жазо тизимини огоҳлантириш, малака даражасини пасайтириш, судьянинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш жазолари билан тўлдириш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонининг 11-бандини ҳамда 2021 йил 28 июлдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 30 июлдаги 10/2-3345-сон далолатномаси ҳамда Олий суднинг 2021 йил 11 октябрдаги 16/824-21-сон далолатномаси). Интизомий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги исбот этилган судьяга нисбатан қилмишига мувофиқ таъсир чораси қўлланилишини таъминловчи қоидалар яратилиши орқали мазкур судьяни одил судлов билан боғлиқ фаолиятига аралашувларни чеклаш имконияти яратилишига хизмат қилган;
манфаатдор шахслар Судьялар олий малака ҳайъатининг судьяни интизомий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори устидан Судьялар олий кенгаши шикоят қилиш ҳуқуқи билан таъминланишига доир таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-717-сонли Қонуни 1-моддаси 3-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 11 октябрдаги 572-21-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 15 октябрдаги 06/1-11/5266-сон далолатномалари). Ушбу таклиф судьяларни интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал этувчи орган томонидан судьяга нисбатан чиқарилган қарорнинг асосли, адолатли ва қонунийлигига бошқа бир мустақил судьялар ҳамжамияти органи томонидан баҳо бериш учун шароит яратишга хизмат қилган;
судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сон Фармони 4-банди олтинчи хатбошини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 25 январдаги 08/41-23-сон далолатномаси). Ушбу таклиф судьяларнинг дахлсизлиги механизмларини янада такомиллаштириб, уларга мансабдор шахслар томонидан таъсир ўтказилишини чеклайди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish