Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлдашов Ўткир Хайитовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Соянинг фитопатоген микромицетларга чидамлилигининг физиологик-биокимёвий хусусиятлари», 03.00.07  Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/В747.
Илмий раҳбар: Матниязова Ҳилола Худайбергеновна, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.02/30.12.2019.В.53.01.
Расмий оппонентлар: Сафаров Каримжон Сафарович, биология фанлари доктори, профессор; Хўжамшукуров Нортожи Абдихолиқович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий ва хорижий соя навларининг физиологик-биокимёвий ва морфо-хўжалик белгилари бўйича фитопатоген микромицетларга чидамлилик хусусиятларини аниқлаш асосида соянинг чидамли навларини ажратиш ҳамда амалиёт ва селекция ишларига тавсия этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор соянинг маҳаллий навлари уруғларининг унувчанлигига F.oxysporum, хорижий навлар уруғларининг унувчанлигига F.oxysporum ва F.solani фитопатоген микромицетлари кучли салбий таъсир кўрсатишлари, A.alternata замбуруғининг таъсири эса кучсизроқ даражада намоён бўлиши аниқланган;
фитопатоген микромицетларнинг соя баргининг тўқималарини зарарлаши даражасига кўра, F.oxysporum микромицети F.solani ва A.alternata микромицетларига нисбатан кучли зарарлаш хусусиятига эга эканлиги, бу кўрсаткич асосида соя навларининг замбуруғларга чидамлилигини баҳолаш мумкинлиги исботланган;
F.oxysporum ва A.alternata фитопатоген микромицетларининг таъсирида соя навлари ўсимликларининг баргларидаги хлорофилл “а”, хлорофилл “б”, умумий хлорофилл миқдорининг назоратга нисбатан камайиши, каротиноидлар миқдорининг эса баъзи навларда кўпайиши, баъзиларида эса камайиши аниқланган;
соя навлари ўсимликларининг гуллаш даврида фитопатоген микромицетлар таъсирида барглардаги умумий сув миқдори, транспирация жадаллиги ва дондаги ёғ миқдорининг камайиши, баргларнинг сув ушлаш хусусияти, дифенолоксидаза ферментининг фаоллиги ва пролин аминокислотасининг миқдори ошиши, пероксидаза ва фенилаланин-лиаза ферментларининг фаоллиги баъзи навларда ошиб, баъзиларида камайиши аниқланган;
назорат ва фитопатоген микромицетли вариантларда ўсимлик баргларидаги транспирация жадаллиги билан баргларнинг сув ушлаш хусусияти ўртасида кучли салбий, барглардаги пигментлар (хлорофилл “а”, хлорофилл “б”, умумий хлорофилл, каротиноидлар) миқдорлари ўртасида ўзаро  кучли ижобий корреляциялар мавжудлиги, назорат вариантида транспирация жадаллиги билан пролин аминокислотасининг миқдори ўртасидаги кучли салбий корреляция фитопатогенли муҳитда ўртача ижобий корреляцияга ўзгариши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Соянинг фитопатоген микромицетларга чидамлилигининг физиологик-биокимёвий хусусиятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фитопатоген микроорганизмлар билан зарарланган далалардаги тупроқ ва соя ўсимлиги намуналаридан ажратиб олинган Fusarium туркуми турлари ва Alternaria alternata замбуруғларининг штаммлари “Фитопатоген ва бошқа микроорганизмлар коллекция” си ноёб илмий объекти коллекцияси генофондига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 23 декабрдаги 4/1255-3224-сон маълумотномаси). Натижада, Fusarium oxysporum, Fusarium solani ва Alternaria alternata замбуруғларининг штаммлари 1030, 1031, 1032 рақамлари остида рўйҳатдан ўтказилиб, коллекция генофондини бойитиш имконини берган;
соя ўсимлигининг фитопатоген микроорганизмларга чидамлилиги, хамда  физиологик-биокимёвий ва морфохўжалик белгилари бўйича танлаб олинган навлари №А-ФА-2021-7 «Дуккакли ва мойли экинлар маҳаллий навларини физиологик-биокимёвий методлар орқали фитопатоген замбуруғларга чидамлилик механизмини яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳада соя навларини фитопатоген замбуруғларга чидамлилигини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 23 декабрдаги 4/1255-3223-сон маълумотномаси). Натижада, соя навларини фитопатоген замбуруғларга чидамлилик хусусиятига кўра ажратиб олиш ҳамда генетик-селекцион тадқиқотлар ва амалиётга тавсия этиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish