Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедов Акром Рустамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қариндошлик бўйича буйрак трансплантациясида донорларнинг саралаш мезонлари», 14.00.32 – Трансплантология ва сунъий аъзолар (тиббиёт фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tib1988.
Илмий раҳбар: Бахритдинов Фазлитдин Шамситдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Мойсюк Ян Геннадиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Султанов Пулат Каримович, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади: донор учун хавфни минималлаштириш ва буйрак трансплантати сифатини оптималлаштириш нуқтаи назаридан қариндошлик донорларини танлаш мезонларини ишлаб чиқиш орқали буйрак трансплантацияси натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
донорнинг ёши ва жинси, қариндошлик даражаси, нефробиопсия маълумотлари, тана вазни индекси ва яллиғланиш омилларига қараб буйрак трансплантатининг функционал фаоллигининг клиник, биокимёвий ва морфометрик хусусиятлари аниқланган;
қариндош буйрак донори ёшининг 39 ёшдан ошганлиги яллиғланиш олди омилларининг ортиши билан боғлиқлиги ҳамда функция кечикиши, шунингдек буйрак трансплантатини рад этилиш хавфи билан ассоцирланиши исботланган;
α-ўсма некрози омилининг 0,94 пг/мл дан ҳамда интерлейкин-6 нинг 5,06 пг/мл дан ошиши, шунингдек тана массаси индексининг 25 кг/м2 дан ортиши буйрак трансплантати функцияси кечикишининг ўзгартириладиган омиллари эканлиги аниқланган;
реципиентдаги энг яхши натижани, шунингдек, донор билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олган ҳолда буйрак донорини устувор танловида иммунологик мослик, донорнинг ёши, тана вазни индекси ва ўзига хос яллиғланиш омилларининг йўқлиги инобатга олиниши кераклиги исботланган;
кўп туққан донор-оналарда альфа-ўсма некрози омили ва ўрта молекуляр пептид кўрсаткичининг юқори бўлишлиги, шунингдек, Cross-Match тестининг шубҳали натижаси (10% дан ортиқ) буйрак трансплантацияси эрта даврида асоратларни сезиларли даражада тез-тез келтириб чиқариши ва шунинг учун ушбу донорлар субоптимал ҳисобланиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Донор учун хавфни минималлаштириш ва буйрак трансплантати сифатини оптималлаштириш нуқтаи назаридан қариндош донорларни саралаш мезонларини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида:
қариндошлик буйрак трансплантацияси учун донорларни саралашни такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган “Тирик қариндошлик буйрак трансплантацияси учун донорларни саралашнинг клиник-лаборатор мезонлари” номли услубий тавсиянома тасдиқланган («Академик В.Вохидов номидаги РИХИАТМ» ДМ Эксперт кенгашининг 2023 йил 02 мартдаги 2х/3-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар донорларни саралаш самарадорлигини ошириш ва қариндошли буйрак трансплантацияси натижаларини яхшилаш имконини берган;
қариндошли донорларни танлаш мезонларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалий фаолиятига, хусусан, “Акад. В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази” давлат муассасасининг қон томир хирургияси ва буйрак трансплантацияси бўлимига, Навоий ва Самарқанд вилоятлари кўп тармоқли тиббиёт марказларига ҳамда У. Халмуратов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказига (Қорақалпоғистон Республикаси) жорий этилган («Академик В.Вохидов номидаги РИХИАТМ» ДМ Эксперт кенгашининг 2023 йил 02 мартдаги 2х/3-сон маълумотномаси). Жорий этиш натижалари буйрак трансплантацияси учун қариндошли донорларни саралаш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, диагностика дастурини оптималлаштириш ва шу орқали реципиент томонидан асоратларни, хусусан, трансплантация қилинган буйракнинг ўткир рад этиш частотасини 6,06 фоиздан 3,3% гача камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish