Илмий кенгаш — муайян фан тармоғининг (тармоқларининг) тегишли ихтисосликлари йўналишида талабгорлар учун кўзда тутилган аттестация тадбирларини амалга оширишни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) қарори билан етакчи илмий ёки таълим ташкилоти ҳузурида муайян муддат давомида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиш учун тузилган илмий-ташкилий тузилма;
изланувчи — фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс;
талабгор — диссертацияси ҳимоя учун Илмий кенгашга қабул қилинган ва аттестация иши кўрилиш жараёнида бўлган шахс;
аттестация иши — талабгорнинг илмий даражасини тасдиқлаш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами;
диссертация — муаллиф томонидан шахсан олиб борилган, тадқиқот моҳияти тегишли талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда асослаб берилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;
диссертация автореферати — диссертация тадқиқоти юзасидан умумий маълумотлар келтирилиб, ишнинг илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда умумлаштирилган ҳолда қисқача баён қилинган ҳамда нашр этилган ишлар юзасидан маълумотлар берилган ва белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;
диссертация бажарилган муассаса — илмий ёки таълим ташкилоти кенгаши қарори билан диссертация мавзуси бўйича тадқиқот олиб бориш учун масъул муассаса сифатида тасдиқланган муассаса;
экспертиза — ҳужжатларнинг моҳияти ва амалга оширилган аттестация тадбирларининг тегишли қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини илмий ва меъёрий-техник жиҳатдан баҳолаш;
Илмий даража берувчи бир марталик илмий кенгаш (бундан буён матнда Бир марталик илмий кенгаш деб юритилади) — фақат битта фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимоясини ташкил қилиш учун ОАК қарори билан тузилган вақтинчалик илмий-ташкилий тузилма;
Илмий кенгаш қошидаги илмий семинар (бундан буён матнда Илмий семинар деб юритилади) — диссертацияни якуний дастлабки экспертизадан ўтказадиган семинар;
диссертация ҳимояси — тадқиқот натижаларининг илмий янгилиги, хулосалари, тавсияларининг тўғрилиги ва асосланганлиги, диссертациянинг назарий ва амалий аҳамияти, талабгорнинг фанга қўшган ҳиссаси бўйича Илмий кенгашда илмий жамоатчилик олдида ўтказиладиган муҳокама;
илмий раҳбар — илмий изланишлар олиб бораётган изланувчига илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида белгиланган тартибда тайинланган, фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан доктори, шунингдек илмий унвонга эга бўлган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD);
илмий консультант — фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бораётган изланувчига илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида белгиланган тартибда тайинланган, фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан доктори;
жамоавий тақриз — ОАК томонидан юборилган диссертацияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан Илмий кенгашнинг қўшимча хулосаси;
ҳисоб комиссияси — Илмий кенгаш мажлисида Илмий кенгаш аъзолари томонидан талабгорга илмий даража бериш бўйича ёпиқ овоз бериш асосида муносабат билдириш жараёнини ташкил этиш юзасидан мазкур Илмий кенгаш қарори билан тузилган вақтинчалик ишчи гуруҳ;
апелляция — илмий даражалар бериш ёки уларни беришни рад қилиш ёхуд илмий даражадан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарорлар юзасидан берилган мурожаат.
илмий унвон — профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий мақоми;
илмий иш стажи — шахснинг меҳнат шартномаси (контракт) асосида илмий ходим лавозимларида ишлаган ҳамда таянч докторантура ва докторантурада ўқиган муддати;
педагогик иш стажи — шахснинг меҳнат шартномаси (контракт) асосида олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида педагог лавозимларида ишлаган муддати;
ўқув адабиёти — муайян таълим тури, йўналиши ёки мутахассислигининг ўқув режасида белгиланган фанлар бўйича тегишли ўқув дастурлари асосида зарур билимлар мажмуаси келтирилган, ўзлаштириш услублари ёритилган (жумладан, хорижий таржималари) манба;
профессор — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда профессор илмий унвонига эга бўлган шахс;
доцент — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда доцент илмий унвонига эга бўлган шахс;
катта илмий ходим — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган шахс;
профессор, доцент ёки катта илмий ходим аттестати (бундан буён матнда аттестат деб юритилади) — ОАК Раёсати қарори билан профессор, доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган шахсларга бериладиган давлат намунасидаги ҳужжат;