Sayt test rejimida ishlamoqda

Алиджанов Ходжиакбар Кашиповичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишларини ташхислаш ва жаррохлик давосини такомиллаштириш», 14.00. 34 – Юрак-қон томир хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/Tib446.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Шавкат Ибрагимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Dsc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Затевахин Игорь Иванович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Бахритдинов Фазлитдин Шамситдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Абдурахманов Маъмур Мустафаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Жанубий Урал давлат тиббиёт университети” Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари бўлган беморларда хирургик аралашувлар ҳажми ва босқичларини аниқлайдиган кўп омилли ёндашувни ишлаб чиқиш орқали ташхислаш ва даволаш натижаларини яхшилаш ҳамда ташрих вақтида юзага келадиган ишемик инсульт ва ўлим кўрсаткичлари частотасини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари бўлган беморларда церебрал оксиметрия маълумотларининг Виллизий ҳалқасининг турли хил шикастланишлари билан корреляцион боғлиқлик даражаси аниқланган;
церебрал оксиметрия ва функционал зўриқиш синамалари давомида артериал қон босимининг ўзгариши бош мия кортикал қисмларининг оксигенация кўрсаткичлари динамикасига таъсир қилмаслиги аниқланган;
ташрихдан олдинги функционал ва зўриқиш синамаларини ўтказиш пайтида бош миянинг кислород билан тўйинганлиги 45% дан кам ва/ёки бошланғич қийматлардан 20% дан кўпроқ пасайиши уйқу артериясини қисиш вақтида хирургик амалиёт вақтида инсульт ривожланишининг предиктори эканлиги аниқланган;
брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишларида ишемик инсульт эҳтимолини ва амалиёт вақтида вақтинчалик артерия ичи шунтидан фойдаланиш заруратини баҳолашга қаратилган миянинг ишемияга толерантлигини башорат қилиш ва дифференциал даволаш усули ишлаб чиқилган;
уйқу артерияларининг тотал атеросклеротик зарарланишларида, бир босқичда очиқ анъанавий хирургик даволаш усули ҳамда эндоваскуляр аралашувни қўллашни назарда тутувчи гибрид ёндашув билан тавсифланадиган хирургик даволаш усули такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари бўлган беморларга кўрсатиладиган юқори технологик хирургик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида:
“Брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишларида амалиётдан олдинги даврда бош миянинг ишемияга чидамлилигини башорат қилиш ва дифференциал даволаш усули” ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2022 йил 15 октябрдаги IAP 07153-сонли ихтиро учун патенти). Таклиф этилган усул ташрихдан олдинги даврда бош миянинг гипоксияга чидамлилигини ошириш учун махсус тайёргарликка муҳтож, миянинг ишемияга толерантлиги паст ва критик бўлган беморларни аниқлаш имконини берган;
“Уйқу артерияларининг тотал атеросклеротик зарарланишларида хирургик даволаш усули” такомиллаштирилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2022-йил 15-октябрдаги IAP 07131-сонли ихтиро учун патенти). Таклиф этилган усул уйқу артерияларининг дастлабки анатомиясини сақлаш, умумий ва ички уйқу артерияларида қон оқимининг гемодинамик жиҳатдан аҳамиятли бузилишларини бартараф этиш, бу эса асоратлар сони ва хирургик амалиёт вақтида ишемик инсульт ривожланиш хавфини камайтиришга имкон берган;
экстракраниал артерияларнинг атеросклеротик зарарланишларида церебрал оксиметриянинг аҳамиятини асослаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган “Экстракраниал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари мавжуд бўлган беморларни ташхислаш ва даволашда церебрал оксиметриянинг ўрни” номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 14 февралдаги 08-03609-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар вақтинчалик артерия ичи шунтидан фойдаланиш частотасини камайтириш имконини берган;
каротид реконструкция амалиётидан кейин беморларни реабилитацияси дастурини оптималлаштириш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган “Сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилиги бўлган беморларни каротид реконструкция амалиётидан кейинги комплекс реабилитацияси” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 14 февралдаги 08-03609-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар беморларни ташрихдан кейинги даврда, айниқса, хирургик амалиёт даврида ишемик инсультга учраган беморларни олиб бориш тактикасини такомиллаштириш имконини берган;
брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари билан оғриган беморларни ташхислаш ва хирургик даволаш сифатини ошириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалий фаолиятига, хусусан, У. Холмурадов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази (Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси), Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган ва Тошкент вилоятлари филиалларининг хирургия бўлимларига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 14 февралдаги 08-03609-сон маълумотномаси). Брахиоцефал артерияларнинг кўплаб атеросклеротик зарарланишлари бўлган беморларни хирургик даволашнинг даволаш-тактик жиҳатларини такомиллаштириш ташрихдан кейинги даврда бош миянинг ишемик ҳодисалари частотасини 6,7% дан 4,7% гача, шунингдек, ушбу асоратлардан ўлим даражасини 0,8% дан 0,2% гача пасайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish