Sayt test rejimida ishlamoqda

Махаммаджонов Зохидулло Улуғбек ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Машинасозлик композицион полимер материалларининг адгезион мустаҳкамлигини шакллантириш хусусиятлари ва улар асосида қопламалар олиш технологияси», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 05.02.01 – Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/T3219.
Илмий раҳбарлар: Ўлмасов Тулқин Усмонович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Иноятов Қахрамон Мўйдинович, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.03/30.12.2019.K/T.03.01.
Расмий оппонентлар: Рисқулов Алимжан Ахмаджанович, техника фанлари доктори, профессор; Қаршиев Мамарайим Санаевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: машинасозлик композицион полимер материалларининг адгезион мустаҳкамлиги шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари ва улар асосида қопламалар олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тўлдирилган термопластик полимерлар асосида олинадиган металл-полимер қопламаларнинг адгезион мустаҳкамлик хусусиятларига технологик параметрларнинг таъсири аниқланган;
композицион полимер қопламаларнинг адгезион мустаҳкамлигини шаклланиш жараёнининг афзалликлари полимерларнинг табиати ва тузилишига, субстратга, технологик параметрларга ва композициянинг таркибига боғлиқ эканлиги асосланган;
технологик параметрларнинг, хусусан, металл полимер қопламаларнинг адгезион мустаҳкамлик хусусиятларига металл субстратнинг таркибий қисмларининг ва дастлабки қиздириш ҳароратининг сезиларли таъсири аниқланган;
сирпаниш подшипникларнинг антифрикцион металл-полимер қопламаларини яратиш учун юқори адгезион мустаҳкамлик хусусиятларига эга композицион полимер материалларнинг оптимал таркиби ишлаб чиқилган;
композицион полимер қопламасининг металл субстрати тўлдирувчилари билан полимерларнинг ўзаро таъсири натижасида материалнинг тузилиши ва унинг самарадорлиги тўлдирувчиларнинг турига, тўлдириш даражасига ва машинасозлик антифрикцион композицион полимер қопламасининг ва металл субстратининг табиатига боғлиқлиги аниқланган;
металл-полимер композицион материаллардан ясалган сирпаниш подшипникларини қўллаш натижасида пахтани қайта ишлаш машиналари ва механизмларининг иш самарадорлиги экспериментал равишда асосланган;
адгезион мустаҳкамлик хусусиятларига эга композицион полимер материалларини олишнинг самарали технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Машинасозлик композицион полимер материалларининг адгезион мустаҳкамлиги шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари ва улар асосида қопламалар олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишлаб чиқилган антифрикцион композицион металл полимер материаллари асосидаги юқори адгезион мустаҳкамлик хусусиятларига эга бўлган қопламалар Пискент пахта тозалаш заводида винтли конвейерлар ва линтерларнинг ишчи органларида жорий этилган («PAXTASANOAT ILMIY MARKAZI» АЖнинг 2022 йил 30 ноябрдаги 02-11/443-сон маълумотномаси). Натижада, Пискент пахта тозалаш заводида ишлатиладиган линтер ва винтли конвейерларнинг қувват сарфини 7-8 фоизга камайтириш, корхоналар ускуналари ва қурилмаларининг чидамлилигини ошириш имконини берган;
антифрикцион композицион металл полимер материаллари асосида янги усул билан олинган сирпаниш подшипниклари Пискент пахта тозалаш заводида жорий этилган («PAXTASANOAT ILMIY MARKAZI» АЖнинг 2022 йил 30 ноябрдаги 02-11/443-сон маълумотномаси). Натижада, машина ва механизмлар ишчи органларини ишқаланиш агрегатларининг чидамлилигини 1,5-2 баравар, машиналарнинг самарадорлигини эса 7-15 % га ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish