Sayt test rejimida ishlamoqda

Усманова Камола Абдужаббаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Данакли ва уруғли меваларни турли усулларида қуритишни илмий асослаш”, 06.01.11 – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Qx765.
Илмий раҳбар: Исламов Сохиб Яхшибекович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx. 13.04.
Расмий оппонентлар: Додаев Қўчқор Одилович, техника фанлари доктори, профессор; Умидов Шавкат Эргашевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: М.М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади данакли  ва уруғли меваларни технологик хусусиятларини баҳолаш ва қуритиш технологиясининг самарали усулларини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор районлаштирилган ўрик, олхўри ва олма навларидан турли усулларда қуритилган маҳсулотлар олишда ҳарорат ва вақт меъёрлари ишлаб чиқилган, сунъий қуритиш қурилмасида жараён 3 босқичда олиб борилиши, 1-босқичда 70°С ҳароратда 240 дақиқа, 2-босқич эса 55-60°С ҳарароратда 240 дақиқа, 3-босқичда 80°С ҳароратда 120 дақиқа давомида қуритилиши нати-жасида энг мақбул сифатдаги қуритилган маҳсусулот олиниши аниқланган;
танлаб олинган ўрик, олхўри ва олма навлари меваларини қуритилиб тайёрланган турли маҳсулотларнинг сифати ва миқдори қуритиш усули, нав хусусиятига боғлиқлиги илмий асосланган;
қуритилган меваларнинг органолептик хусусиятлари юқори бўлиши қуритиш усулига боғлиқ эканлиги исботланган ва энг юқори – 97,6 балли кўрсаткич Курсадык навида ёрмасдан, данаксиз холида қуритилганда, иссиқлик манбали қуритиш қурилмасида бўлиши асосланган;
қуритилган меваларнинг биокимёвий таркиби дастлабки ҳолатдагига қараганда фарқ қилсада, фойдали компонентларни сақланиб қолиши юқорилиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Данакли ва уруғли меваларни турли усулларда қуритишни илмий асослаш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида: 
танланган ўрик навларини экиш, ҳосилини турли усул ва муддатларда қуритиш ишланмаси Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги “Зарнигор Мухлиса” ва “Бўз Қорағойли” “Ёнар Олма” фермер хўжаликларида 6,0 га майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги № 02/029-8 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ўрикни “Юбилейний Навоий”, “Арзами” ва “Курсадик” навларининг мевалари бутунлигича қуритилганда чиқиши – 17 %, икки паллага ажратиб данаксиз ҳолатда қуритилганда 18%, ёрмасдан данаксиз ҳолатда қуритилганда 21% қуритилган маҳсулот олинган. Қуритилган маҳсулотларини реализация қилишда, бутунлигича қуритилганда – 54 млн. сўм/га, икки паллага ажратиб данаксиз қуритилганда – 92 млн. сўм/га ҳамда ёрмасдан данаксиз қуритилганда – 62 млн. сўм/га даромад олинган. Ўрик навларини ёрмасдан данаксиз қуритилган маҳсулот бошқа қуритилган маҳсулотларга нисбатан 70-108 млн. сўм кўпроқ иқтисодий самара берган;
Олхўри навларининг мевасини табиий усулда қуритиш ишланмаси Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Қорагўйли Узумзори”, “Қорагўйли Зилол Сувлари” ва “Ташаббускор” фермер хўжаликларининг 9,0 га майдонда етиштирилган меваларини қуритишда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги № 02/029-8 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида олхўрининг “Чернослив Самаркандский”, “Исполинская” ва “Ярхи” навлари меваларини табиий усулда қуритганда данакли маҳсулот чиқиши – 26 %, данаксиз – 21 % ни ташкил қилган. Олхўри навларининг табиий усулда қуритилган махсулотини реализация қилишда 53 млн сўм/га даромад олинган бўлса, данаксиз қуритилган махсулотни реализация қилишда 72 млн сўм/га ёки данакли қуритилган махсулотга нисбатан иқтисодий самарадорлиги 19 млн сўмни ташкил этган.
Олхўри навларининг мевасини қуёш тонелли (ҚБВТ) ускунасида қуритиш ишланмаси Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Қорагўйли Узумзори”, “Қорагўйли Зилол Сувлари” ва “Ташаббускор” фермер хўжаликларида етиштирилган 4 т меваларини қуритишда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 20 январдаги № 02/029-8 сон маълумотномаси). ҚБВТ тизимли ускунада қуритганда данакли махсулот чиқиши – 30 % ҳамда данаксиз – 25 % ни ташкил этган. ҚБВТ тизимли ускунада қуритилган данакли мевадан – 61 млн. сўм/га, данаксиз мевадан эса – 85 млн. сўм/га даромад олинган. Олхўри навларини табиий усулда қуритиб, маҳсулот тайёрлашга нисбатан ҚБВТ тизимли ускуна данаксиз маҳсулотлар тайёрлашда 13 млн. сўм кўпроқ иқтисодий самара бериши аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish