Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдиева Ферузахон Тиркашбоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Андижон вилояти шароитида баргли салат (Lactuca sativa L.var. crispa) навларини танлаш ва етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш”, 06.01.06 – Сабзавотчилик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Qx708.
Илмий раҳбар: Буриев Хасан Чутбаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар  институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx. 13.04.
Расмий оппонентлар: Асатов Шухрат Исматович, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Рахматов Анвар Маматович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилояти тупроқ-иқлим шароитида баргли салат нав намуналари тўпламини морфо-биологик, қимматли хўжалик белгилари бўйича баҳолаш, истиқболли навларни ажратиш, баҳорги мақбул экиш муддатлари, экиш схемалари ва бирламчи уруғчилик технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Андижон вилояти тупроқ-иқлим шароитида 12 та баргли салат нав намуналари тўпламини қимматли ва хўжалик муҳим белгилари тадқиқ этилиб, истиқболли (Кок-шох, Холодок, Гранатовый сад) навлари ажратилган;
баргли салатни феврал ойининг иккинчи ўн кунлигида (20 феврал) (40+20):2х20 см схемада ва 0,06 м2 озиқланиш майдонида экиб етиштириш, ушбу кўкат сабзавотдан эрта, юқори ва сифатли ҳосил олиш имконини бериши аниқланган;
баргли салатда “барг тўплами массаси” кўп ҳолатда “барг энига” (юқори r=0,84), баъзи ҳолларда эса “ўсимликларнинг баландлигига” (паст r=0,43), “барг тўплами диаметрига” (ўртача r=0,50) ва “барг узунлигига” (ўртача r=0,56) ўзаро корреляцион боғлиқлиги аниқланган;
Андижон вилояти тупроқ-иқлим шароитида баргли салатнинг Кок-шох, Холодок, Гранатовый сад навларидан уруғ олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Андижон вилояти шароитида баргли салат навларини танлаш ва етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
деҳқон ва фермер хўжаликлари учун “Андижон вилояти шароитида баргли салат (Lactuca sativa L.) нав намуналарини етиштириш бўйича” тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 07/33-04/8453 сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома томорқа ер эгалари, сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида баргли салат етиштиришда амалий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
Андижон вилояти шароитида баргли салат нав намуналари тўпламини қимматли ва хўжалик муҳим белгиларини аниқлаш ва истиқболли навларини етиштириш технологияси ишланмаси Андижон вилояти Асака тумани “Agro Zamin Imkoni” фермер хўжалигида 0,72 гектар, Избоскан тумани “Moygir Dilshod” фермер хўжалигида 0,26 гектар, “Izboskan sara don paxtasi” фермер хўжалигида 0,32 гектар, Хўжаобод тумани “Agrofirma quvatmurod” фермер хўжалигида 0,60 гектар, жами 1,9 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 07/33-04/8453 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида “Кок-шох” навидан 22,0 т/га, “Холодок” навидан 38,0 т/га, “Гранатовый сад” навидан 32,5 т/га ҳосил олинган. Нав намуналаридан олинган соф даромад 72-179 млн. сўм, рентабеллик 88,7-206% ни ташкил этган;
баргли салатни баҳорги экиш муддатларини ҳосилдорликка таъсири ишланмаси Асака тумани, “Qoratepa uzum shingili” фермер хўжалигида 0,45 гектар, Избоскан тумани “Ergashboy qochqarov niyati” фермер хўжалигида 0,51 гектар, Хўжаобод тумани “Mirolim Ota” фермер хўжалигида 0,64 гектар, жами 1,6 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 07/33-04/8453 сон маълумотномаси). Натижада 1 март муддатида экилганда “Гранатовийсад”навидан гектарига 24,7 ц/га, “Кок-шох” навида 26,6 ц/га, “Холодок” навида 29,4 ц/га ҳосил етиштирилган. Рентабеллик даражаси 1 март экиш муддатига нисбатан навлар кесимида ўртача 22,3; 23,9; 25,7% га юқори бўлган;
баргли салат нав намуналарини лентасимон қўш қаторлаб экиш схемаларини ҳосилдорликка таъсири ишланмаси Асака тумани “Asadbek Azizbek omadli bog‘i” фермер хўжалигида 0,60 гектар, Избоскан тумани “Izboskan sara don paxtasi” фермер хўжалигида 0,45 гектар, Хўжаобод тумани “Islombek Jo‘rayev bog‘i” фермер хўжалигида 0,54 гектар, жами 1,59 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 07/33-04/8453 сон маълумотномаси). Натижада ҳосилдорлик назорат схемасига нисбатан (40+20):2×20 экиш схемасида 3,0-5,0 т/га юқори бўлган ва соф даромад 39-90 млн сўмни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish