Sayt test rejimida ishlamoqda

Авазов Шуҳрат Бахтиёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик рискини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида баҳолаш ва хариталаш», 04.00.06 - Геофизика. Фойдали қазилмаларни қидиришнинг геофизик усуллари (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/GM133.
Илмий раҳбар: Исмаилов Вахитхан Алиханович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Сейсмология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Сейсмология институти, DSc.02/30.12.2019.GM/FM.97.01.
Расмий оппонентлар: Юсупов Шухрат Сакиджанович, геология-минералогия фанлари доктори; Алимухамедов Илхом Мизратович, геология-минералогия фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сейсмик рискни регионал миқёсида баҳолаш усулини такомиллаштириш ва унинг асосида Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик рискини баҳолаш ва харитасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
регионал миқёсида сейсмик хавфни баҳолаш ва хариталаш усуллари грунт шароитларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган ва Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик хавфи баҳоланган;
республика ҳудудида қурилган турар-жой биноларининг конструктив турлари бўйича сейсмик заифлик функциялари аниқланган ва улар асосида Республика ҳудудининг маъмурий туманлари кесимида ўртача сейсмик заифлик баҳоланган;
кучли зилзилаларда юзага келадиган талафотларни тезкор иқтисодий кўрсаткичларда аниқлашга йўналтирилган “SeismicRiskAssessment.v.2.0” компьтер дастури АКТ асосида ишлаб чиқилган.
регионал миқёсида такомиллаштирилган сейсмик рискни баҳолаш усули асосида илк бор Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитаси иқтисодий ва турар-жой фондини йўқотиш кўрсаткичларида ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг сейсмик рискини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
грунт шароитларини ҳисобга олган ҳолда сейсмик хавфни регионал миқёсида баҳолаш ва хариталаш усуллари асосида такомиллаштирилган Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик хавф харитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида амалиётга жорий этилган (Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2022 йил 26 декабрдаги 1/4/32-4041-сон маълумотномаси). Натижада, республика ҳудуди учун сейсмик жадаллик харитаси аҳоли ва ҳудудларни хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берган;
Республика ҳудудининг маъмурий туманлари кесимида турар-жой биноларининг ўртача сейсмик заифлик кўрсаткичларини аниқлаш ва хариталаш усуллари асосида ишлаб чиқилган сейсмик заифлик харитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги амалиётига жорий этилган (Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2022 йил 26 декабрдаги 1/4/32-4041-сон маълумотномаси). Натижада, республика ҳудудининг сейсмик заифлик харитаси асосида ФВВ тузилмаларига туман ва шаҳарлар кесимида ўқув-амалий тадбирларни олиб боришга имкон берган;
ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда кучли зилзилалар содир бўлганда ҳудудларда талафотларни тезкор аниқлашга йўналтирилган “SeismicRiskAssessment.v.2.0” компьютер дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги амалиётига жорий этилган (Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2022 йил 26 декабрдаги 1/4/32-4041-сон маълумотномаси). Натижада, содир бўлиши мумкин бўлган кучли зилзилаларда қутқарув ишларини самарали режалаштириш имконини берган;
регионал миқёсида сейсмик рискни баҳолашнинг такомиллаштирилган услуби асосида илк бор иқтисодий кўрсаткичларда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги амалиётига жорий этилган (Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2022 йил 26 декабрдаги 1/4/32-4041-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган сейсмик риск хариталари республика ҳудудларида кучли зилзилаларда талафотларни дастлабки ҳолатда баҳолаш ишларини самарали режалаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish