Sayt test rejimida ishlamoqda

Ёрқулов Жавлон Маҳмудовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Зарафшон водийсининг камёб ва хавф остидаги қишловчи қушлари», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/B728.
Илмий раҳбар: Азимов Джалалиддин Азимович, биология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.B.52.01.
Расмий оппонентлар: Камилов Бахтияр Ганиевич, биология фанлари доктори, профессор; Кашкаров Роман Данилович, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зарафшон водийсининг камёб ва йўқолиб бораётган қишловчи қушларининг тур таркибини ва биоэкологик хусусиятларини аниқлаш ҳамда камёб қишловчи қушларни муҳофаза қилиш тадбирларини мақбуллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистоннинг Зарафшон водийси биоценозларида камёб ва хавф остидаги қишловчи қушларнинг замонавий турлар хилма-хиллиги 33 турдан иборат бўлиб, 8 туркумга (Ғозсимонлар, Бирқозонсимонлар, Лайлаксимонлар, Лочинсимонлар, Турнасимонлар, Ржанкасимонлар, Булдуруқсимонлар, Япалоққушсимонлар) мансублиги аниқланган;
Зарафшон водийси ва унга туташ ҳудудларда қишловчи қушларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларининг биотоплар бўйича тарқалиш хусусиятлари ҳамда озиқланиш биологияси аниқланган;
Зарафшон водийси ҳудудида биринчи марта Ўзбекистон қушлари фаунаси учун балиқчи қушлардан бургомистр – Larus hyperboreus аниқланган;
камёб ва йўқолиб бораётган 26 тур қушлар, шунингдек овланадиган 4 тур ва 3 тур кам сонда қишловчи қушларнинг биологик ва экологик хусусиятлари тавсифланган;
камёб қуш турларининг яшаш муҳитларидаги чекловчи омиллар аниқланган;
Зарафшон водийси қушлар гельминтлари фаунаси 90 турдан иборат эканлиги илк бор ўрганилиб, улар Cestoda, Trematoda ва Nematoda синфларининг 10 туркум, 27 оила ва 61 уруғига мансублиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Зарафшон водийсининг камёб ва хавф остидаги қишловчи қушлари биоэкологияси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
камёб, муҳофазага муҳтож ҳамда овланадиган қушларни учраш хусусиятлари, ов қилиш мавсуми ва муддатлари юзасидан ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўлимлари амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг 2022 йил 5 майдаги 113-сон маълумотномаси). Натижада, Бухоро ва Навоий вилоятларининг овчилик хўжаликлари ҳудудида қиш мавсумида 5 турдаги овланадиган қушлар квоталарини мақбуллаштириш ва 23 турдаги қишловчи камёб қушларни муҳофаза қилиш имконини берган;
Зарафшон водийси орнитофаунаси таркибидаги 4 туркум, 3 оила, 7 авлодга мансуб 9 тур қушларнинг 11 нусха намуналари республикада етакчи бўлган «Зоология коллекцияси» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2022 йил 28 июлдаги 4/1255-1765-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд қушлар коллекцияси фонди янги тур намуналари билан бойитилган ва Ўзбекистон қуш турлари хилма-хиллигини аниқлашда самарали фойдаланиш имконини берган;
Зарафшон водийсидаги камёб ва хавф остидаги қишловчи қушлар фаунасининг замонавий ҳолатини баҳолаш, экологиясини асослаш, камёб турларни муҳофаза қилиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Бухоро ва Навоий вилоятлари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий бошқармалари амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг 2022 йил 7 декабрдаги 03-02/7-3547-сон маълумотномаси). Натижада, қушлар популяциясининг сонини сақлаб қолиш ва овланадиган турларнинг квоталарини тартибга солиш ҳамда камёб ва хавф остидаги қишловчи турларнинг давлат кадастрини тузиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish